Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Сирдарё вилояти ОИТСга қарши кураш ва санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида барча карантин талабларига риоя этган ҳолда коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол иштирок этган соҳа ходимларининг бир гуруҳига вилоят божхона бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Карантин қоидалари юмшатилган бўлса-да, нафақат юртимиз, балки дунё бўйлаб ҳамон пандемия хавфи таҳликалигича сақланиб турибди. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволашда тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёс бўлмоқда.
– Марказимизда айни пайтда 107 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда, – дейди ОИТСга қарши курашиш Сирдарё вилояти маркази бош шифокори Валижон Шерматов. – Пандемия даврида вирус юқтириб олиш хавфи мавжудлигини била туриб, ҳеч бир ходим ўзига юклатилган вазифасидан қочмади. Касбига содиқ, чин дилдан меҳнат қилди. Уларнинг ҳар бирининг фидойилиги таҳсинга лойиқ.
Пандемия бошлангандан буён энг замонавий диагностика воситалари ва зарур тиббий лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган вилоят ОИТС маркази мутахассислари томонидан «COVID-19»га 5 994 тест синови ўтказилган бўлса, ОИТСни аниқлаш бўйича 65 мингта тест олинди.
– Гап совғада эмас, эътиборда, – дейди СЭОМ вирусология лабораторияси мудири Дилфуза Аҳмедова. – Бир оғиз ширин сўз, бир даста гул, бир варақ ташаккурнома билан инсон қалбида, руҳиятида қанчалик улкан кўтаринкилик пайдо бўлади. Буни англаш, ҳис қилиш учун руҳшунос олим бўлиш шарт эмас. Бирор бир ватандошимиз шифокорларимиз томонидан кўрсатилган муолажалар сабаб соғлом бўлиб ҳаётга қайтганини эшитишнинг ўзи биз учун улкан шараф!