Бугунги синовларга бой даврда асосий мақсад – макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишдан иборат. Бу борада мамлакатимиз раҳбарининг бир қатор фармонлари ҳам қабул қилинган.
Сирдарё вилояти божхоначилари вилоят солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган ТИФ қатнашчиларига мазкур фармонларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида учрашувлар уюштириб келмоқда. Шундай учрашувларнинг навбатдагиси карантин шароитида барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда «Wellfort» МЧЖда ўтказилди. Учрашув давомида солиқ ва божхона бошқармаларининг масъул ходимлари жамият вакилларига қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёз ва қулайликлар, божхона назоратини соддалаштириш, тўловларни кечиктириб тўлаш, шунингдек жорий йил 27 июль куни юртбошимиз раислигида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
– Қарийб 800 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда бир кунда 15 мингдан 22 минг донагача 7 хилдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - деди МЧЖ раҳбари Алижон Эрматов. - Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари бизнинг корхонага ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Яқин истиқболда қўшимча иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини кўпайтириш лойиҳалари доирасида бир неча хорижий ҳамкорлар билан қўшимча шартномалар имзоладик.
МЧЖ 2019 йилда 5,1 млн АҚШ доллари қийматидаги қарийб 2,1 млн дона ва 2020 йилнинг 7 ойида 3,1 млн АҚШ доллари қийматидаги 1,2млн дона тайёр трикотаж маҳсулотлари Россия, Туркия, Нидерландия, Италия, Беларусь ва Қозоғистонга экспорт қилинган.