Сайёрамизни ўраб турган атмосфера ҳимоячиси бўлмиш озон қатлами емирилишининг олдини олиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон ҳам уларнинг бевосита иштирокчиси ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (9.01.2018 йилдаги 17-сон) кўра, 2018–2030 йиллар давомида озонни бузувчи моддаларнинг республикамизга импорти учун квоталар асосида амалга оширилиши қайд этилган.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Арк булоқ» ТИФ божхона пости ходимлари мазкур талабларга зид равишда озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш ҳолатини фош этишди. Хориждан келтирилган 300 дона «Фреон» товарларини божхона назоратидан ўтказиш натижасида баллоннинг устки қисмида «R134a» кўрсатилганлиги, тақдим этилган ҳужжатларда эса ушбу товарлар «R410a» билан кўрсатилганлиги божхона ходимлари эътиборини ўзига тортди ва мазкур товарлар экспертизадан ўтказилди.
Экспертиза натижасида товарларнинг 200 донаси «R 22/ГХФУ 22» турдаги фреон эканлиги ҳамда бу турдаги товарларни мамлакатимизга олиб кириш қатъий квоталанган ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг рухсати талаб қилиниши маълум бўлди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.