Корхона – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси олма етиштиради. Корхона жами даромадининг 100%и ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинади. 2020 йил 1 январгача ЯЕС ва ҚҚС тўлаган.
Корхона фойда солиғини қандай ставка бўйича тўлаши лозим?
– Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ноль даражали ставка бўйича фойда солиғини тўлайдилар (Солиқ кодексининг 337-моддаси 1-қисми 3-банди).
Солиқ солиш мақсадида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари деб бир вақтнинг ўзида қуйидаги иккита шартга жавоб берадиган юридик шахслар эътироф этилади (Солиқ кодексининг 57-моддаси 1-қисми):
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва уни бирламчи қайта ишловчи, башарти бундай юридик шахснинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, шу жумладан уни ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромадининг улуши солиқ давридаги жами даромаднинг камида 80%ини ташкил этса;
● ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган қуйидаги маҳсулотлар киради (Солиқ кодексининг 57-моддаси 2-қисми):
1) қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;
2) чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;
3) ипакчилик маҳсулотлари;
4) балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.
Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди (Солиқ кодексининг 57-моддаси 3-қисми).
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, агар ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадлари жами даромаднинг 90%дан кўпроғини ташкил этса, фаолиятнинг барча турлари бўйича ноль фоиз миқдорида солиқ ставкасини қўллашга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 337-моддаси 3-қисми).
Корхонангиз юқорида айтиб ўтилган талабларга жавоб берса, фойда солиғини ноль даражали ставкада тўлаши мумкин.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.