Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 06 / Менда фикр бор

Янги кодексни ўрганиб: солиқ текширувлари

 

2020 йил 1 январдан кучга кирган Солиқ кодексининг янги таҳририда жуда кўп янгиликлар ва ўзгартиришлар мавжуд. Мазкур мақолада асосий эътиборни солиқ текширувларига оид янгиликларга қаратмоқчимиз. Аввало, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида (кейинги ўринларда – Янги кодекс деб юритилади) тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритишлари учун ижобий таъсир кўрсатадиган қатор ўзгаришлар борлигини таъкидлаш лозим.

 

Солиқ назорати шакллари сони кескин қисқарди

Янги қонунчилигимиз бўйича эндиликда солиқ назорати фақатгина 2 шаклда: солиқ текширувлари ва солиқ мониторинги шаклида амалга ошириладиган бўлди. Таққослайдиган бўлсак, олдинги таҳрирдаги Солиқ кодексида (кейинги ўринларда – олдинги Кодекс деб юритилади) 13 хил солиқ назорати шакллари назарда тутилган эди. Албатта, солиқ назорати шаклларининг қисқариши тадбиркорлик субъектлари учун яхши янгилик деб ҳисоблашимиз мумкин.

 

Муқобил солиқ текширувининг Янги кодексдан ўрин олмаганлиги

Яна битта яхши янгилик – жуда кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган, Янги кодекс лойиҳасида амалга киритиш назарда тутилган «муқобил солиқ текшируви» ҳужжатда ўз ўрнига эга бўлмади. Мазкур норма www.regulation gov.uz да кўпчилик томондан салбий қабул қилинган эди. Чунки Президентнинг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинган муқобил текширувларнинг яна солиқ қонунчилигига киритилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ишончларининг пасайишига олиб келиши мумкин эди.

 

Солиқ текширувлари турлари аниқлаштирилди

Олдинги кодексда солиқ текширувлари шакллар ҳамда турларга ажратилган эди. Шунинг учун солиқ тўловчиларда тушунмовчиликларни келтириб чиқарар эди. Янги кодекс 137-моддасига кўра солиқ текширувларининг 3 та тури ўтказилади холос: камерал солиқ текшируви, ­сайёр солиқ текшируви, солиқ аудити. Яъни солиқ текширувлари шаклларга ажратилмаган.

 

Юқорида қайд этилган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, фикримизча, Янги кодексда солиқ текширувлари бобида амалиётда муаммо туғдириши мумкин бўлган ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ноқулай бўлган қуйидаги жиҳатлар мавжуд.

 

Биринчидан, олдинги Кодексда назарда тутилган солиқ назорати шакллари Янги кодексда солиқ текширувлари тадбирлари сифатида қайд этилган. Масалан, Янги кодекснинг 139-моддасида сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли деб белгиланган. Бундан ташқари, Янги кодексда солиқ органларига «профилактика тадбири», «солиқ назоратининг бошқа тадбирлари»ни ўтказиш ҳуқуқи ҳам берилган, лекин мазкур тушунчаларга аниқлик киритилмаган. Бу эса солиқ органлари ходимларига солиқ текширувларини ўтказишда турли тадбирларни ўзларича талқин қилган ҳолда амалга оширишга имкон яратади.

 

Иккинчидан, солиқ текшируви муддатлари бўйича муаммолар мавжуд. Сайёр солиқ текшируви 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилиши мумкинлиги (139-модда), солиқ аудити эса 30 кундан ортиқ давом этиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аммо 142-моддада солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш қоидалари назарда тутилган бўлиб, унга кўра агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудитини ўтказиш муддати 2 ойгача, алоҳида ҳолларда эса – 3 ойгача узайтирилиши мумкин. Мазкур модда олтинчи қисмида солиқ аудитининг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас деб белгиланган. Олдинги кодекс 89-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текширувини ўтказиш муддати 30 календарь кундан ошмаслиги аниқ белгилаб қўйилган эди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тегишли солиқ текширувини ўтказиш муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг рухсатномасига биноан фақат бир марта узайтирилиши мумкин эди, тегишли текширувнинг узайтирилган муддати уни узайтиришнинг асосий муддатидан ошмаслиги керак эди. Яъни тадбиркорлик субъектлари ҳисобланувчи солиқ тўловчиларни текширишнинг умумий муддати 60 кундан ошмаган.

Янги кодекс 143-моддасига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли. Аммо Янги кодексда такрорий солиқ аудитини тайинлаш ва уларни ўтказиш тартиби аниқлаштирилмаган. Шунингдек мазкур такрорий солиқ аудити муддати аввал ўтказилган солиқ аудити муддатига қўшилиши ёки алоҳида ҳисобланиши лозимлиги ҳам аниқлаштирилмаган. Шунингдек, 158-модда қоидаларига кўра солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги фактини тасдиқлаш учун қўшимча далиллар олиш зарур бўлган тақдирда ёки улар бўлмаганда солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини бир ойдан ошиқ бўлмаган муддатда ўтказиш тўғрисида қарор чиқариш ваколати берилган. Яъни солиқ текширувлари ўтказиб бўлингандан сўнг яна солиқ назорати тадбирларини ўтказиш учун 1 ойлик муддат тақдим этилмоқда...

Солиқ текшируви муддатининг узунлиги солиқ тўловчининг ходимлари ҳамда бошқа ресурсларини асосий фаолият олиб боришдан ажратиб, солиқ текширувларини амалга оширишни таъминлашга қаратишга мажбур қилади.

Ҳали Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ислоҳотлар ўтказилмаган даврда Халқаро молия корпорацияси томонидан ўтказилган тадқиқотда корхона ходимлари ва ресурсларини бевосита ишлаб чиқариш фаолиятидан текширувларни ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларга жалб қилиниши «вақт солиғи» деган шартли тушунча билан ўлчаниб, расмий рухсат берилган текширув муддатлари қанчалик узун бўлса, компанияга тушадиган «вақт солиғи» ҳам шунчалик юқори бўлади деган хулоса чиқарилган1.

 

Солиқ текширувлари муддатининг узайтирилиши, солиқ органларига такрорий солиқ аудити ўтказиш ҳуқуқининг тақдим этилиши, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ назоратининг қўшимча тадбирларни ўтказиш учун муддат берилиши давлат солиқ хизмати органлари ваколатларининг ўта кенгайишига олиб келади ва мазкур ҳолат жойларда мансаб ваколатлари суиистеъмол қилинишига сабаб бўлади.

 

Учинчидан, солиқ текширувларини мувофиқлаштиришнинг мавжуд эмаслиги. Олдинги кодекс 86-моддасига мувофиқ солиқ текширувлари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувларга ажратилган.

Янги кодексда солиқ текширувларини амалга оширишда ваколатли орган билан келишиш бўйича ҳеч қандай қоида мавжуд эмас. Ушбу ҳужжат тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонуни ­6-моддасида 2022 йил 1 январгача давлат солиқ хизмати органлари солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида республика Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилади деб белгиланган. Яъни ўтказилаётган солиқ аудити тўғрисида Бизнес омбудсман фақатгина 2022 йил 1 январгача хабардор қилинади холос. Ўтказилаётган камерал солиқ текширувлари ва сайёр солиқ текширувлари тўғрисида эса хабардор қилиш шарт бўлмайди. Ҳолбуки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини мувофиқлаштиришни ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларидан бири ҳисобланади2.

Солиқ текширувларига тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган энг асосий текширув сифатида қарайдиган бўлсак, уларни ўтказишда ваколатли орган билан келишувнинг мавжуд эмаслиги тадбиркорлик субъекти бўлган солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланишини сезиларли равишда пасайтиради.

 

Тўртинчидан, солиқ текширувларини тайинлаш усуллари мавҳум. Янги кодексда солиқ тўловчиларни солиқ текширувлари учун танлаб олиш усуллари аниқ кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Президентнинг 18.07.2017 йилдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сон Фармонининг (кейинги ўринларда – ПФ-5116-сон Фармон) 2-бандида 2018 йил 1 январдан бошлаб солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилиши назарда тутилган эди.

ПФ-5116-сон Фармон билан жорий этилиши белгиланган бундай тизим, фикримизча, Янги кодексда назарда тутилмаган. Унинг ­140-моддаси 2-қисмидагина солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига нисбатан ўтказилади деб белгиланган. Аммо мазкур таваккалчилик (хавфлар) даражасини аниқлаш бўйича ҳеч қандай қоидалар белгиланмаган. Сайёр солиқ текширувларини тайинлашда хавфларни таҳлил қилиш усулидан фойдаланилиши тўғрисида ҳам нормалар йўқ. Натижада солиқ тўловчиларни текширув учун танлаш жараёни мавҳум бўлиб қолмоқда.

 

Маълумот учун! Қозоғистон Республикаси Солиқ кодекси 17-боби «Хавфларни бошқариш тизими» деб номланади ва мазкур бобда хавфлар даражалари мезонлари ҳам берилган.

 

Хавфларни таҳлил қилиш тизими жорий қилиниши солиқ текширувларини солиқ қонунчилигини бузаётган ёки бузиш хавфи мавжуд бўлган ҳамда солиқларни яшириш хавфи мавжуд бўлган солиқ тўловчиларни манзилли текшириш ва ўз навбатида инсофли солиқ тўловчини ортиқча асосланмаган солиқ текширувларидан ўтказишнинг олдини олади.

Мазкур масалалар солиқ текширувларини тартибга солишга қаратилган идоравий-норматив ҳужжатларда ўз аксини топади деб умид қиламиз.

 

Солиқ текширувларини ўтказишда

солиқ органлари ходимлари ва солиқ тўловчилар ўртасида бевосита мулоқотнинг кенглиги ҳамда ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш бўйича қоидалар мавжуд эмаслиги

ПФ-5116-сон Фармон 1-бандида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этган ҳолда тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш солиқ тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Аммо Янги кодексда ушбу вазифани амалда рўёбга чиқаришга етарлича эътибор берилмаган. Фақатгина камерал солиқ текширувлари бевосита солиқ тўловчи билан бевосита мулоқотсиз амалга ошириладиган солиқ текшируви холос. Сайёр солиқ текшируви ҳам, солиқ аудити ҳам солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида бевосита мулоқот орқали амалга оширилади ва мазкур ҳолат коррупцияга сабаб бўладиган омиллардан ҳисобланади.

 

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлардан бири этиб белгиланган.

 

Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 10 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4389-сон қарори билан тасдиқланган «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 34-бандида Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига Янги кодекс доирасида сайёр текширишларни камайтириш ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлигининг симсиз усуллари рўйхатини кенгайтирган ҳолда солиқ назорати шаклларини такомиллаштириш вазифаси юклатилган. Аммо мазкур ҳолат ҳам Янги кодексда ўз аксини топмаган.

Янги кодексда солиқ тўловчиларни солиқ текширувлари учун саралаш жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш орқали амалга ошириш нормасининг белгиланиши мазкур соҳада коррупциянинг олдини олишга ҳамда текширувлар учун саралаш жараёнининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилган бўлар эди.

 

Янги кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжати бўла олмаганлиги

Президентнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасиинг солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси тўғрисида»ги ПФ-5468-сон Фармони 1-бандида солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, шу жумладан кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг миқдорларини белгилаш Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан бири эканлиги кўрсатилган. Яъни қабул қилиниши кутилган Янги кодекс тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши зарур эди.

Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5505-сон Фармонида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш назарда тутилган. Аммо Янги кодекснинг солиқ текширувларини тартибга солишга қаратилган қоидалари камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви, солиқ аудити ўтказиш бўйича низомларни, яъни идоравий ҳужжатлар қабул қилинишини назарда тутади. Ваҳоланки бу меъёрлар идоравий ҳужжатлар қабул қилмаган ҳолда тўғридан-тўғри Янги кодексда ўз аксини топиши зарур эди.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 30 декабрдаги «Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2020 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот хати» II бўлими 3-бандида Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Янги кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши мумкин деб белгиланган. Аммо мазкур қоида Янги кодексда ҳам, 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонунда ҳам назарда тутилмаган.

 

Қандай бўлмасин, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Янги кодекснинг жорий этилиши ва унда юқорида қайд этилган солиқ текширувларига оид ечилмаган масалалар мавжудлиги билан боғлиқ юзага келган ҳозирги вазиятда солиқ органлари томонидан камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви ҳамда солиқ аудити ўтказиш тўғрисидаги низомларнинг мазмунан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга мос қабул қилиниши ушбу муаммолар ҳал этилишининг ягона йўли ҳисобланади.

 

И.ТЎРАБОЕВ,

Б.НОРМАТОВ,

Тошкент давлат юридик университети

«Бизнес ҳуқуқи» кафедраси катта ўқитувчилари.

 

 

Таҳририятдан: таҳририят нуқтаи назари муаллифнинг фикридан фарқ қилиши мумкин.

 


1«Деловая среда в Узбекистане глазами представителей малого и среднего бизнеса» Международная финансовая корпорация, 2003, ст 69.

22017 йил  29 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги ЎРҚ-440-сон Қонуннинг 7-моддаси.

 

Прочитано: 1292 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика