2019 йил декабрда корхона оқ қандни импорт қилган. Божхона тозаловида акциз солиғи тўламаган. 2020 йил 1 январдан оқ қанд импортига 20%лик ставкада акциз солиғи солинади.
Импорт қилинган қандни ички бозорда реализация қилишда акциз солиғи тўланадими?
– Йўқ, импорт қилинган оқ қандни ички бозорда сотишда акциз солиғи тўланмайди.
Импорт қилинган қандни Ўзбекистон ҳудудида реализация қиладиган корхоналар акциз солиғи тўловчиси ҳисобланмайди (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 283-моддаси).
Акциз тўланадиган товарлар ва хизматларнинг рўйхати ва уларга доир солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан тасдиқланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 289-моддаси 1-қисми). «2020 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар (кўрсатиладиган хизматлар) учун акциз солиғи ставкалари белгиланган (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон Қонунга 8-илова). Хоҳ маҳаллий ишлаб чиқарилган, хоҳ импорт қилинган бўлсин, қанд реализация қилинганда акциз тўланадиган товар ҳисобланмайди.
2020 йил 1 январдан оқ қандни (ТИФ ТН коди – 1701 99) импорт қилишда:
● 20%лик ставка бўйича акциз солиғи (29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон қарорга 2-илова);
● 20%лик ставка бўйича импорт божхона божи (ПҚ-3818-сон қарорга 1-илова) олинади.
Ставкалар товарнинг божхона қийматидан фоизларда кўрсатилган.
Товарни импорт қилишда тўланган божхона божи ва акциз солиғи суммаси унинг таннархига киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.