Корхона ягона муассис – жисмоний шахсга фоизсиз молиявий қарз тақдим этди.
2020 йилда жисмоний шахсга фоизсиз молиявий қарз берилиши қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин?
– Жисмоний шахсга фоизсиз молиявий қарз берилиши қарз берувчи юридик шахсда ҳам, қарз олувчи жисмоний шахсда ҳам солиқ солишга олиб келмайди.
2020 йилда жисмоний шахс томонидан фоизсиз қарз олинишида қуйидагилар юзага келмайди:
● қарз қайтариш шарти билан берилганлиги сабабли даромад;
● беғараз асосда берилган пул маблағларидан вақтинча фойдаланишдан (фойдаланганлик учун фоиз тўланмаган ҳолда) даромад.
Бинобарин, жисмоний шахсда солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Солиқ солиш мақсадида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 299-моддаси 4-қисмида белгиланган фоизсиз асосда қарз олишдан даромадлар фақат юридик шахсларга тегишли бўлади. Жисмоний шахсларнинг даромадлари янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 371-377-моддаларида белгиланган.
Жисмоний шахсга фоизсиз молиявий қарз тақдим этган корхона ҳам даромад олмайди. Унда ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Мазкур нормалар 2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ 2020 йил 1 январгача амал қилган.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.