Корхона (умумбелгиланган солиқларни тўловчи) истироҳат боғи ҳудудида ўз ҳисобидан ҳожатхона қурган ва 2019 йил декабрда давлат томонидан уни қабул қилиш далолатномасини олган. Дастлабки қиймат ҳожатхона қурилишига кетган барча харажатларни ҳисобга олган ҳолда 44 млн сўмни ташкил этган.
Қайси солиқ тури бўйича солиқ солинадиган база ҳожатхонани реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган 100 млн сўмгача бўлган суммага камайтирилади ҳамда ушбу имтиёз қайси ҳужжатда назарда тутилган?
– Президентнинг 7.02.2018 йилдаги ПҚ-3514-сон қарори билан янги норма киритилган, унга мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база қуйидаги суммаларга камайтирилиши мумкин:
● 100 млн сўмгача – 2020 йилнинг 1 январига қадар аҳолига ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш объектларида тегишли гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлар;
● 12 млн сўмгача – ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини, шу жумладан фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлашга йўналтирилган харажатлар.
хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлар бўйича камайтириш тартиби Низомда (АВ томонидан 13.08.2018 йилда 3053-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Унга мувофиқ юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базаси 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган, ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар суммаларига камайтирилади (Низомнинг 1-банди).
Имтиёзни қўллаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг санитария-гигиеник тармоқларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келиши ҳақидаги хулосасини олиш лозим.
Сизнинг ҳолатда корхона 2019 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани бир йўла 44 млн сўмга камайтириши мумкин.
Бироқ солиқ тўловчи томонидан жорий йил 1 февралгача Марказнинг хулосаси олинмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ушбу объектнинг тегишли қисмига нисбатан солиқ солинадиган базани камайтиришга бўлган имтиёзи бекор қилинади ва у аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши лозим (Низомнинг 5-банди).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.