Қўшма корхонанинг хорижий муассиси (юридик шахс) ўз улушини устав капиталига киритилган ҳиссага тенг қиймат бўйича бошқа хорижий юридик шахсга сотган.
Мазкур операция бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Томонларда муайян шартларда фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди.
Устав фондидаги улуш бир юридик шахс – норезидент томонидан бошқа юридик шахс – норезидентга реализация қилинганда, бундан олинган даромадлар улушни реализация қилиш суммасининг уни ҳужжатлар билан тасдиқланадиган сотиб олиш қийматидан ошган суммаси сифатида аниқланади. Мол-мулкни сотиб олиш қийматини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, солиқ агенти томонидан мол-мулкни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқ ушлаб қолинади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисми).
Мол-мулкни реализация қилувчи норезидент харидор – солиқ агентига мол-мулкни сотиб олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (улар мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт. Солиқ агенти тақдим этилган ҳужжатлар асосида солиқ базасидан ҳамда солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда солиқ суммасини ҳисоблаб чиқаради ва ушлаб қолади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 356-моддаси 4-қисми).
Сотувчи томонидан УФдаги улуш харидорига унинг харид қиймати тўғрисидаги ёки УФга ҳисса сифатида киритилган мол-мулк қиймати тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, ва ушбу қиймат реализация қийматидан ошмаса ёки унга тенг бўлса, солиқ солинадиган даромад юзага келмайди.
Юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини реализация қилиш ҚҚС солишдан озод этилади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 244-моддаси 1-қисми 3-банди).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.