Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 06 / Бухгалтерга тавсиялар

ҚҚСга оид 10 та савол

 

Канат йўли хизматларига қандай солиқ солинади? ДМ (доимий муассаса) ҚҚСни ҳисобга олиши мумкинми? Контрагент-солиқ тўловчи томонидан солиқ ажратиб кўрсатилмаганда мустақил равишда ажратиш мумкинми? Чиқиб кетаётган муассисга АВ берилганда қайси қийматдан ҚҚС ҳисобланади? Buxgalter.uz Молия вазирлиги билан қўшма акция доирасида ўқувчиларнинг саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини беришда давом этади. Навбатдаги саволлар ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш тартибига бағишланган.

 

2020 йил 1 январдан бошлаб чет эл юридик шахсларининг доимий муассасалари ҚҚС тўловчиси ҳисобланадилар. ҚҚС бўйича имтиёзга эга бўлган ДМ ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши ва ҳар ойда ҚҚС бўйича ҳисоботни имтиёзларни кўрсатган ҳолда топшириши лозимми?

 

– Ҳа, имтиёзлар мавжуд ёки йўқлигидан қатъи назар, ҚҚС тўловчи деб эътироф этилган барча субъектлар ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтиши лозим (СК 237-моддаси).

Чет эл юридик шахслари Ўзбекистонда ДМ орқали фаолият юритганлиги сабабли 2020 йил 1 январдан бундай ДМ фаолияти бўйича ҚҚС тўловчи ҳисобланадилар, улар ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.

ДМ ҳар ойда, тугаган солиқ давридан (ойдан) кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай ҚҚС бўйича ҳисоботни тақдим этадилар, унда имтиёз ҳуқуқини тақдим этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам кўрсатилади. 

 

2019 йилда доимий муассасалар ҚҚС тўловчи бўлмаган, сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ уларнинг таннархига киритилган. 2020 йилдан бошлаб чет эл юридик шахсларининг ДМ ҚҚС тўловчисига айланди. ДМ «сотиб олинган» ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими?

 

– Ҳа, ҳақли.

2020 йилдан ДМ ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Шу боис улар ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши ва белгиланган тартибда солиқ тўлаши, шу жумладан ҳисобга олиш механизмини қўллаши шарт. 

 

Жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг хизматларни реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этилади. Спорт базасидаги канат йўли хизматлари ушбу рўйхатга киритиладими?

 

– Бу саволнинг жавоби иккита омилга боғлиқдир.

Биринчидан, имтиёздан фойдаланиш учун спорт базаси жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари жумласига киритилиши лозим (14.01.1992 йилдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги ­513-XII-сон Қонун).

ҚҚС бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари хизматларига, хусусан, қуйидагилар киритилади (СК 243-моддаси 1-қисми 14-бандининг «б» кичик банди).

спорт иншоотларида, мактабларда, клубларда спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида соғломлаштириш йўналишидаги жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ўтказишга оид хизматлар;

умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

спорт мусобақаларини ёки байрамларни, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш бўйича хизматлар;

мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш.

Иккинчи омил – объектдан фойдаланиш. Канат йўлидан юқорида санаб ўтилган хизматлар ва тадбирлар юзасидан фойдаланилса, бунинг учун тўланадиган тўлов ҚҚСдан озод этилади.

Масалан, мусобақалар ёки спорт тадбирлари чоғида чанғичилар ва сноубордистларни юқорига олиб чиқиш учун канат йўлидан фойдаланилади. Мазкур ҳолатда имтиёз мавжуд.

Сайёҳларни олиб чиқиш ва олиб тушиш учун ушбу йўлдан фойдаланилса ва бундай фойдаланиш спорт-томоша тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ бўлмаса, хизматлар учун ҳақ ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. 

 

Туристик фирма корпоратив карта бўйича e-ticket.railway.uz сайтидан темир йўл чипталарини сотиб олади. Чипталарда ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилмаган. Солиқ кодексига мувофиқ йўл чиптаси ҳисобварақ-фактура ўрнини босувчи ҳужжат ҳисобланади. Етказиб берувчи (темир йўл компанияси) ҚҚС тўловчиси эканлигини била туриб, ҚҚС суммасини мустақил равишда ажратиб кўрсатиш ва уни ҳисобга киритиш мумкинми?

 

– Йўқ, мумкин эмас.

Ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжатнинг мавжудлиги ҚҚСни ҳисобга киритишнинг мажбурий шартларидан бири ҳисобланади. Тегишинча, товар (хизматлар) етказиб берувчиси ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим (СК 266-моддаси 1-қисмининг 20-банди).

Бундан ташқари, юридик шахслар томонидан корпоратив карталардан фойдаланиш тартибида тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг «Тўланди» штампи босилган тўлов ҳужжатлари илова қилинган ҳолда тўлов терминаллари квитанцияларининг асл нусхалари ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади. Шу жумладан электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва электрон тижорат тарафларини идентификация қилиш имконини берадиган бошқа усуллар, инвойслар (ҳисобварақ-фактура) ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон бьилан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 9-банди). 

 

Ўзбекистон транспорт компанияси Ўзбекистон резидентларига уларнинг юкларини бошқа давлатларга ва аксинча, қайтар йўналишда ташиш хизматларини кўрсатади. Юк ташиш учун сўмда ҳақ тўланади. Бундай юк ташиш ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш мақсадида халқаро ташиш ҳисобланадими?

 

– Ҳа, ҳисобланади.

Товарларни халқаро ташиш деганда товарларнинг жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган тақдирда товарларни ҳаво кемалари, темир йўл транспорти ва (ёки) автотранспорт воситалари орқали ташиш тушунилади. Товарларни халқаро ташиш хизматларини кўрсатишга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (СК 263-моддаси 1-банди).

 

Улгуржи савдо корхонаси – импортёр 2019 йил октябрдан ҚҚС тўловчиси бўлди. Корхона молиявий ҳисоботни, айнан – 2-сон шаклнинг 010-сатрини қандай тартибда тўлдиради?

 

– Молиявий ҳисобот шакллари махсус Қоидаларга мувофиқ тўлдирилади. 2-сон шаклнинг ­010-«Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар)ни реализация қилишдан соф тушум» сатрида маҳсулотлар, товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилишдан тушган тушум қуйидагилар чегирилган ҳолда кўрсатилади:

солиқлар (ҚҚС, акциз солиғи);

қайтарилган товарлар ва тайёр маҳсулотлар қиймати;

харидорларга сотиш нархларидан чегирмалар.

010-сатр асосий (операцион) фаолиятдан олинган даромадларни ҳисобга олувчи счётлар (9000) маълумотлари бўйича тўлдирилади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган). 

 

Чиқиб кетаётган муассисга қарзни сўндириш ҳисобига асосий восита берилганда ёки унинг улуши камайтирилганда қандай қийматдан ҚҚС ҳисобланади?

 

– Муассис иштирокчилар таркибидан чиқиб кетаётганда унга асосий восита берилганда ёки унинг иштирок улуши камайтирилганда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база муассислар билан келишилган АВ қийматидан келиб чиққан ва солиқни ҳисобга олган ҳолда аниқланади (СК 248-моддаси 8-қисми).

Бироқ битимнинг нархи (яъни муассислар билан келишилган асосий восита қиймати) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли эканлигини эътиборга олиш зарур (СК 248-моддаси 4-қисми).

Келишилган қиймат қарз суммасидан ошганда, фарқ чиқиб кетаётган муассис томонидан қопланади.

2020 йилдан асосий воситаларни реализация қилишда солиқ базасини аниқлаш тартиби ўзгартирилганини ҳисобга олиш лозим. Бундан буён чиқиб кетаётган муассисга унинг дастлабки ҳиссаси ҳажмида мол-мулк бериш ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади. Шунингдек асосий воситаларнинг қолдиқ қийматига боғлиқ бўлган ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш усули ҳам бекор қилинди.

 

МИСОЛ

ҚҚС тўловчи корхонанинг муассислари таркибидан корхона (Ўзбекистон резиденти) чиқиб кетяпти, у умумий йиғилишнинг қарорига кўра устав капиталидаги улушини асосий воситалар (АВ) билан оляпти.

Чиқиб кетаётган муассисга тўланиши лозим бўлган улуш ҳақиқий қиймати 50 млн сўмга тенг. Муассиснинг дастлабки ҳиссаси 30 млн сўмни ташкил этган. Улушнинг ҳақиқий қиймати ва дастлабки қиймати ўртасидаги фарқ дивиденд деб эътироф этилади (СК 41-моддаси 1-қисмининг 3-банди), ундан солиқ (муассис резидент ҳисобланганда – 5% ставкада, норезидент бўлганда – 10% ставкада) ушлаб қолиниши лозим.

Шу тариқа, чиқиб кетаётган муассис олдидаги қарз 49 млн сўмни (50 – (50 – 30) х 5%) ташкил этади.

Муассислар ушбу қарз ҳисобига қолдиқ қиймати 50 млн сўмга тенг бўлган АВ берилишига келишдилар. Муассислар билан келишилган қийматдан келиб чиққан ҳолда ҚҚС 6,4 млн сўмни (49 : 115 х 15%) ташкил этади.

 

Корхона матбаа хизматларини кўрсатади ва 2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексида назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёздан фойдаланади. Бунда имтиёз 2020 йил 1 апрелгача амал қилади. Корхона имтиёзнинг амал қилиш муддатини кутиб турмасдан, 2020 йил 1 январдан бошлаб имтиёзни рад этиши мумкинми?

 

– Йўқ, мумкин эмас.

Солиқ тўловчилар Солиқ кодексида белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва тартибда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этишга ҳақлидир (СК 21-моддаси ­1-қисми). Бунда улар солиқлар бўйича имтиёзлардан фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли бўлади, ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бундан мустасно (СК 75-моддаси 6-қисми).

Босма маҳсулотга ҚҚС бўйича имтиёз 2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан тақдим этилган (208-модда, 19-банд). Солиқ кодексининг янги таҳрири тасдиқланиши билан мазкур имтиёз бекор қилинган. Солиқ имтиёзларини бекор қилиш назарда тутилган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилиши сабабли мазкур имтиёз 2020 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотади (СК 4-моддаси 5-қисми).

 

ҚҚС тўловчи пудратчи айланмадан олинадиган солиқни тўловчи буюртмачи учун қурилиш ишларини бажаради. ҚҚС тўловчиси бўлмаган буюртмачи пудратчидан бажарилган ишлар ҳажмига ҚҚС ҳисобламасликни талаб қилишга ҳақлими?

 

Йўқ, ҳақли эмас.

Пудратчи ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, ҳар бир календарь ой охирига ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми қийматига ҚҚС ҳисоблаши шарт (СК 248-моддаси 7-қисми). Узоқ муддат (бир ойдан кўп вақт) давомида ишлар бажарилганда ҳамда шартнома шартларида уларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, Солиқ кодексининг 303-моддасига мувофиқ ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳар ойда, даромадни эътироф этишнинг мутаносиблик тамойилига биноан аниқланади.

Ҳисобот ойи охирига шартноманинг амалда бажарилиш даражаси шартнома бажарилиши бошлангандан кейин қилинган харажатларнинг уни бажаришга кетадиган харажатларнинг умумий суммасидаги салмоғи бўйича аниқланади. Ҳисобот ойи охирига солиқ солинадиган ишлар ҳажми ҳисобланган қилинган харажатлар салмоғини умумий шартнома қийматига (нархи) кўпайтириш орқали аниқланади. Бунда жорий ҳисобот ойи учун солиқ солинадиган ҳажмни аниқлашда, ушбу шартнома бўйича илгари ҳисобга олинган ишлар ҳажми чегириб ташланади.

 

МИСОЛ

2020 йил январда ҚҚС тўловчи пудратчи буюртмачи билан 15%лик ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда умумий суммаси 230 млн сўм бўлган қурилиш ишларини бажаришга шартнома тузган. Шартнома бўйича ишларни топшириш муддати – 2020 йил март.

Январь учун ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишда январда шартнома бўйича қилинган харажатларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ шартнома бўйича умумий харажатлар суммасидаги салмоғини ҳисоблаш лозим. Шартнома бўйича умумий харажатлар суммаси – 150 млн сўм. Январда шартнома бўйича қилинган харажатлар – 40 млн сўм. Салмоқ 27%га (40 : 150 х 100) тенг. Январь ойида ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми 54 млн сўмни (230 : 1,15 х 27%) ташкил этади. Январь учун солиқ солинадиган ишлар ҳажмига ҳисобланган ҚҚС 8,1 млн сўмни (54 х 15%) ташкил этади. Январда амалда бажарилган ишлар ҳажми суммасига (54 + 8,1 = 62,1) пудратчи оралиқ маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради ва уни буюртмачига тақдим этади. Бинобарин, ушбу суммани январь учун ҚҚС бўйича ҳисоботда акс эттириш лозим.

Февралда ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми шунга ўхшаш тартибда ҳисобланади.

Мартда барча ишлар якунлангач, пудратчи бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги якуний маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради, унда январь ва февралда ҳисобга олинган ишлар ҳажми айириб ташланган ҳолда шартнома бўйича бажарилган ишлар ҳажми кўрсатилади.

 

2019 йилда қурилиш фирмаси 20%лик ставка бўйича ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қиймати белгиланган объектни қуришга шартнома тузди. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС ставкаси 15%га пасайтирилган. 2019 йил декабрда объект буюртмачига топширилди. Бюджетга ҚҚС қайси ставка бўйича тўланади ва бу ҳисоботда қандай акс эттирилади?

 

– 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС ставкаси ўзгартирилганда буюртмачи билан қўшимча битим тузилиши ва шартноманинг умумий суммаси қайта кўриб чиқилиши керак.

Шартнома шартларида бажарилган ишлар ҳажми босқичма-босқич топширилиши назарда тутилган бўлса, 1 октябргача бажарилган ишлар ҳажмига 20%лик, қолган шартнома суммасига – 15%лик ставка бўйича ҚҚС солиниши керак.

Худди шундай тартибда бажарилган ишлар бўйича: 2019 йил январь–сентябрь учун 20%лик, октябрь–декабрь учун – ­15%лик ҚҚС ставкасини ҳисобга олган ҳолда, маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши лозим.

Шартнома шартларида 2019 йил декабрда жами ишлар ҳажми топширилиши назарда тутилган бўлса, жами ишлар ҳажмига 15%лик ставка бўйича солиқ солиниши керак.

2019 йил учун ҚҚС бўйича ҳисоботдаги барча кўрсаткичлар ҳам йил давомида амал қилган иккита ставкага биноан ажратиб кўрсатилади.

 

buxgalter.uz сайти материали асосида.

 

Прочитано: 1129 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика