Иш бўйича бир йилга хорижга чиқишим керак. Шифокор хотиним мен билан кетяпти. У ўзи билан баъзи тиббий маълумотнома китоблар ва 2011 йилда Боголомов таҳририда чоп этилган Катта тиббий қомусни олиб чиқиши мумкинми?
Д.Қурбонов.
Қизим Росзарубежцентр орқали Россиядаги олий ўқув юртига ўқишга кирди. Ўзбекистондан «Москва» нашриёти 1987 ва 1990 йилларда чоп этган рус тили бўйича ўқув қўлланмалари ёки уларнинг ксеронусхаларини олиб чиқиш учун божхонада қандай ҳужжатларни расмийлаштириш лозим?
Шайхуллаева.
Россияда яшашга рухсатнома олдик, август охири – сентябрь бошларида Тулага кўчишга тайёрланяпмиз. Ўн яшар ўғлим болалар учун чиқарилган ўзининг барча китобларини олиб кетишимизни сўраяпти. Ўзимнинг барча китобларимни, албатта, олиб кетмайман: улар оғир, ҳажми катта, қимматга тушади. Бироқ Чеховнинг олти жилдлиги ва мен учун ардоқли 20 тача китобимни қолдира олмайман. Уларни кузатиладиган багажда олиб кетмоқчиман, поездда бораман. Чегарада муаммолар бўлмайдими?
Галина Р.
Бухоро шаҳри.
– Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) маданий бойликларга кирадиган предметларнинг рўйхати белгиланган. Босма маҳсулотлардан унга қуйидагилар киритилган:
алоҳида ёки коллекциядаги қадимий китоблар, шунингдек тарихий, илмий-бадиий, адабий аҳамиятга эга бўлган матбаа асарлари;
ноёб қўлёзмалар ва ҳужжатли ёдгорликлар, архив ҳужжатлари.
Бундан 50 йил ва ундан кўп вақт аввал барпо этилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилмайди.
Шу билан бир қаторда, Низомнинг 23-бандида кейинги 50 йил давомида яратилган, олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар талаб этилмайдиган маданий бойликлар кўрсатилган. Улар жумласида:
Ўзбекистонда илмий-техник айирбошлаш бўйича бўлган чет эллик олимлар ва мутахассислар, Ўзбекистон Республикасида ўқиётган хорижий фуқаролар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элга хизмат сафарига юборилаётган олимлари, мутахассислари, талабалари, ўқувчилари томонидан сотиб олинган илмий, ўқув адабиёти;
1 ёки 2 жилддан иборат бўлган бадиий, болалар, оммабоп адабиёт, нота нашрлари.
Тегишинча, газетхонларнинг хатларида кўрсатилган дарсликлар ва Катта тиббий қомусни, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1998 йилдаги 678-I-сон) кўра Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатномани божхона органига тақдим этмасдан чегарадан олиб ўтиш мумкин.
Кўп жилдли нашрлар учун эса Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Бадиий экспертиза (маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб келиш бўйича) бошқармасининг ҳудудий бўлимида маданий бойликларни олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатлар олиш лозим.
Маълумот учун! Низомнинг 7-иловасига мувофиқ бадиий экспертиза ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун махсус йиғим ундирилади. Мисол учун, 1 китобнинг экспертизаси учун у, олиб чиқиш мумкин-мумкин эмаслигидан қатъи назар, ЭКИҲнинг 2–5%ини ташкил қилади. Маслаҳат бериш учун йиғим миқдори эса ЭКИҲнинг 5%ини ташкил қилади. Олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатни расмийлаштириш қиймати ҳам худди шунча.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.