Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 35 / Амалий бухгалтерия

USD кам тўланиши – оддий камомад эмас

Ваколатхонамиз чет эл валютасига (USD) авиачипталарни сотади. Кассир харидни расмийлаштириш пайтида авиачипта нархини нотўғри ҳисоблаган. Бунинг натижасида йўловчи USDни камроқ тўлаган. Раҳбарият кассирнинг камомадни тўлаши ҳақида қарор қабул қилди.

Авиачипта қиймати нотўғри ҳисобланганда ундан кассага фарқни USDда қабул қилиш мумкинми?

Т.Каспарова,

авиакомпания ваколатхонасининг
бош бухгалтери.

 

– Саволни кўраётганда, биринчидан, иш берувчи ходимдан зарарни валютада қоплашини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, иккинчидан, агар бундай қилиши мумкин бўлса, ваколатхона валюта маблағларини ўз кассасига қабул қилишга ҳақлилиги масаласини аниқлаб олиш керак. Биринчи навбатда авиачиптанинг олинмаган қиймати фарқини кассирнинг қайтариши тартиби ва имкониятини белгилаш лозим.

Меҳнат кодексининг 203-моддаси, Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидалари1 ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахслар томонидан чет эл валютасида касса операцияларини юритиш тартибига2 кўра кассир билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилиши керак. Агар у тузилмаган бўлса, МКнинг 203-моддасига кўра, иш берувчига етказилган зарар учун ходимга чекланган моддий жавобгарлик – фақат унинг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида юклатилиши мумкин. Агар тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ тузилган бўлса, зарар миқдорини ва унинг вужудга келиш сабабларини белгилаш бўйича мажбурий таомилларни ўрнатадиган МКнинг 204-моддаси нормаларини ҳисобга олиш лозим. Шунингдек МКнинг 205-моддаси нормаларини ҳам инобатга олиш лозим, унда айтилишича, иш берувчига етказилган зарар миқдори ҳақиқий йўқотишлар бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида белгиланади.

Баён этилган вазиятда кассир мол-мулкка зарар етказмаган (пул купюралари бузилмаган, йўқотилмаган ёки бошқача тарзда шикастланмаган), бироқ чет эл валютасидаги тушумнинг кам олиниши кўринишида зарар етказилган, буни кассадаги камомад сифатида баҳолаш мумкин. МКнинг 204-моддасига кўра иш берувчи етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказиши шарт. Уни ўтказиш учун яхшиси камида 3 кишидан иборат бўлган комиссия тузиш керак. Буйруқда комиссияни тузиш ва текширув ўтказиш мақсади ва санасини, комиссия аъзоси бўлган ходимларнинг фамилия ва лавозимлари, унинг ваколатларини кўрсатиш тавсия қилинади. Ходимга зарар етказганликда даъволар билдириши учун иш берувчига асос берадиган ҳаракатлар аниқланганда ушбу далилни ҳужжатлаштириш лозим. Комиссия иши натижалари бўйича текширув далолатномаси тузилади. Ходимдан зарар етказиш сабабларини аниқлаш учун албатта ёзма тушунтириш талаб қилинади. Ходимнинг тушунтириш беришдан бўйин товлаши уни етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилиши мумкин эмас. У текширувнинг барча материаллари билан танишишга ҳақли.

Шунга эътибор бериш лозимки, МКнинг 206-моддасига кўра, иш берувчига зарар етказишда айбдор бўлган ходим уни ихтиёрий равишда қисман ёки тўлиқ тўлашга ҳақли. Иш берувчи билан келишган ҳолда тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш билан зарарни қоплашга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим тўловларнинг аниқ муддатларини кўрсатган ҳолда зарарни тўлаши тўғрисида ёзма мажбурият тақдим этади.

Агар сизда зарар миқдорини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар расмийлаштирилган ва уни етказишда айбдор бўлган шахс маълум бўлса, мазкур сумма чет эл валютасида белгиланиши ва иш берувчининг кассасига тўланиши мумкинми деган савол туғилади.

Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра ходимда етказилган зарарни қоплаш бўйича пул мажбурияти вужудга келади. ФКнинг 245-моддасига мувофиқ пул мажбуриятида у сўм билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда сўм билан тўланиши лозим бўлган сумма тегишли валютанинг расмий курси бўйича белгиланади, башарти уни белгилашнинг бошқача курси ёки бошқа санаси қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгилаб қўйилган бўлмаса. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чет эл валютасидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар, тартиб ва шартлар асосида йўл қўйилади.

Валюта операцияларини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат бўлиб «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун3 ҳисобланади. Унинг 18-моддасида белгиланишича, Ўзбекистон ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади. Бундан ташқари, чет эл валютасида амалга оширилиши мумкин бўлган бир қатор операциялар келтирилган. Унда ходимнинг бу хил қарзини чет эл валютасида сўндириш операцияси мавжуд эмас.

Демак, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, башарти меҳнат шартномаси ва тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тарафларининг барча ҳуқуқларига риоя этилса, зарарни чет эл валютасида белгилашга рухсат берилади. Бироқ ходимнинг вужудга келган мажбуриятини сўндириш ҳисобига тўловларни сўндириш санасидаги ЎзР МБнинг расмий курси бўйича миллий валютадагина амалга ошириш мумкин.

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.01.1999 йилда 611-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

37.05.1993 йилдаги 841-XII-сон, 11.12.2003 йилдаги 556-II-сон Қонун таҳририда.

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ
бошқаруви раиси.

Прочитано: 2085 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика