Ташкилотимиз улгуржи савдо билан шуғулланади – корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларга воситачилик шартномалари бўйича товар сотади. Шартномаларда қайд этилишича, воситачи комитентнинг топшириғига кўра ҳақ эвазига ўз номидан комитент ҳисобидан товарни реализация қилиш бўйича битимлар тузиш мажбуриятини олади. Агар у товарни спецификацияда кўрсатилганидан юқори нархда сотса, фарқни воситачи ўзига ҳақ сифатида олиб қолади. Шартнома тўғри тузилганми? Билишимча, воситачи комитент олдида сотувлар тўғрисида ҳисоб бериши, унга ҳисоботни тақдим этиши керак. Бироқ вилоятларда якка тартибдаги тадбиркорлар бу қандай ҳисобот эканлигини умуман билмайдилар.
Комитент воситачидан қандай ҳужжатларни талаб қилиши керак?
МЧЖ бош бухгалтери.
– Фуқаролик кодексининг 832-моддасига кўра воситачилик шартномаси бўйича, у ёзма шаклда тузилиши керак, бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Унинг предмети мол-мулкни (товарни) сотиш бўйича битимларни тузиш бўлгани сабабли, тарафлар шартномада товар нархи тўғрисидаги шарт ва воситачилик ҳақини олиш усулини белгилашлари керак.
Шу боис унда товарнинг воситачи томонидан сотилиш нархини белгилаш лозим. Бунда у товарнинг якуний нархини мустақил белгилаш ва уни реализация қилишдан комитентга тегишли бўлганидан ортиқча пул суммасини ушлаб қолишга ҳақли эканлигини кўрсатиш мумкин. Ана шу ортиқча сумма воситачининг ҳақи ҳисобланади. Бу ФКнинг 839-моддасида ҳам таъкидланган, унга кўра воситачи воситачилик шартномаси бўйича ўзига тегишли бўлган суммаларни комитент ҳисобидан ўзига тушган ҳамма суммалардан ушлаб қолишга ҳақли.
Бинобарин, воситачилик шартномангизнинг воситачининг ҳақи тўғрисидаги шарти қонунийдир.
ФКнинг 834-моддасига кўра воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши шарт. Унинг маъносидан келиб чиқилса, воситачи ўзи воситачилик топшириғи доирасида содир этган битимларнинг сони, турлари ва асосий шартлари, контрагентларнинг номлари, битимлар ижросининг жорий ҳолати тўғрисидаги ахборот билан бирга ҳисобот ва (ёки) бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан комитент топшириғи ижро этилганлиги далилини тасдиқлаши керак. Агар воситачидан ҳисоботни олиш мушкул бўлса, сиз воситачилик шартномаси доирасида тузилган шартномалар, тузилган шартномалар бўйича контрагентлар билан солиштирма далолатномалар, юкхат-ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этишини талаб қилишингиз мумкин. Сизнинг воситачилик топшириғи натижаларини қабул қилишингиз далили бажарилган ишлар далолатномасида акс эттирилиши керак.
Сабоҳат СУЛТОНОВА, «Norma Profi» эксперти.
P.S. |
Воситачининг ҳисоботида қандай кўрсаткичлар қайд этилиши кераклиги «Воситачининг ҳисоботи қандай тузилади» материалида («СБХ»нинг 25.11.2014 йилдаги 47 (1059)-сони) ва Ҳисобварақ-фактураларнинг ҳисобини юритиш ва расмийлаштириш тартибининг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова) IV-«Топшириқ, воситачилик шартномалари ва воситачилик хизматларини кўрсатишга доир бошқа шартномалар асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда ҳисобварақ-фактураларнинг ҳисобини юритиш ва расмийлаштиришнинг хусусиятлари» бўлимида батафсил баён этилган.
Воситачилик шартномаси бўйича битим қандай бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилиши ва воситачи томонидан ҳисоботни расмийлаштирмаслик қандай оқибатларга олиб келиши хусусида «СБХ»нинг 18.08.2015 йилдаги 32 (1096)-сонида чоп этилган «Воситачининг ҳисоботи зарур ҳужжат ҳисобланади» материалида ўқиш мумкин.