Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 35 / Жавоб берамиз

Талаб қилиш ҳуқуқини бериш учинчи шахсдан ундирув эмас

«Талаб қилиш ҳуқуқини бериш шартномалари» тушунчаси мазмуни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармони 5-банди билан «тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўйилмасин» деб белгиланган нормадан нимаси билан фарқ қилади? Шуни тушунтириб берсангиз.

Одилжон Аҳатов, «Камонгарон»
МЧЖ ҚК бош бухгалтери.

 

– Сиз айтаётган «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон (бундан кейин – Фармон) 5-бандининг биринчи қисмига кўра «тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўйилмайди». Ушбу қоидани қўллашда бир жиҳатга эътиборни қаратиш керак. Хусусан, мазкур тақиқ етказиб бериладиган товарлар (бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар) учун тўловлар бевосита етказиб берувчига (пудратчига, ижрочига) эмас, балки товарларни етказиб бериш бўйича мазкур ҳуқуқий муносабатга умуман алоқаси бўлмаган бошқа (учинчи) шахсларга тўланган ҳолларга дахлдордир. Тўлов бундай чизма бўйича амалга оширилганда айнан қонунчилигимизда тақиқланган операция – тўловнинг ҳисобга ўтказилиши юз беради. Яъни харидор (буюртмачи) унга етказиб берилган товар (хизмат) учун ҳақ тўлаши керак бўлган бир пайтда етказиб берувчининг ҳам учинчи шахс олдида бошқа мажбурият бўйича кредиторлик қарзи мавжуд бўлади ва харидор ҳақни учинчи шахсга ўтказиб бериш орқали қарзни сўндиради. Фармонда мана шундай операцияни амалга ошириш тақиқланади. Чунки етказиб бериш шартномасининг шартларига кўра харидор етказиб берувчига ҳақ тўлаши керак эди. Етказиб берувчи, ўз навбатида, учинчи шахс олдида харидорнинг мажбуриятлари билан боғланмаган муайян суммадаги мажбуриятга эга. Шу тариқа харидор етказиб берувчи билан олдиндан келишган ҳолда пул маблағларини унга эмас, балки бошқа – харидор ва етказиб берувчи ўртасидаги шартномавий муносабатларга алоқадор бўлмаган учинчи – шахсга маблағларни ўтказади ва бир қарашда ўртада ўзаро низолашувчи тарафлар қолмагандек туюлади, зеро, харидорнинг етказиб берувчи олдидаги қарзи сўндирилган, учинчи шахснинг талаблари ҳам қондирилган бўлади-да!

Лекин қонун ҳужжатлари мазкур ҳолда учинчи шахснинг харидордан пул маблағларини олишга ҳақи йўқ эди, чунки ушбу икки субъект ўзаро ҳеч қандай ҳуқуқий муносабатлар билан ўзаро боғланган эмас, деб талқин этади.

«Талаб қилиш ҳуқуқини бериш» муносабатлари эса «учинчи шахслар билан тўловларни ҳисобга ўтказиш» тушунчасидан фарқ қилади ва у Фармоннинг кўрсатмаси доирасига тушмайди. Талаб қилиш ҳуқуқини бериш муносабатларини Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 313, 315-321-моддалари тартибга солади.

 

МИСОЛ. Маҳсулот етказиб берувчи юридик шахс (дейлик, асосий хўжалик жамияти) харидор билан етказиб бериш шартномасини тузди, харидор тўлов қийматининг маълум қисмини олдиндан тўлади. Асосий хўжалик жамиятига тегишли бўлган шуъба корхонанинг молиявий аҳволи оғирлашгани ҳамда унинг ҳисобрақамида пул маблағлари етишмаслиги сабабли, шуъба корхонага асосий хўжалик жамиятига тўланиши керак бўлган пул маблағларининг қолган суммасини талаб қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Асосий ва шуъба корхоналар ўртасида талаб қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида битим тузилди ва бу ҳақда харидор хабардор қилинди. Шу тариқа асосий хўжалик жамияти етказиб берган маҳсулот ҳақининг тўланиши керак бўлган қолдиқ суммаси шуъба корхонанинг ҳисобрақамига ўтказилди. Бу ўринда асосий ва шуъба корхоналар юзага келган солиқ мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажардилар.

 

Демак, битимга асосланган талаб қўйиш ҳуқуқини учинчи шахсларга беришнинг қонунийлиги қуйидаги омилларнинг мавжудлиги билан таъминланади:

бу ҳақда кредитор билан учинчи шахс ўртасида битимга эришилган;

талаб қилиш ҳуқуқининг амалдаги қонун ҳужжатлари ёки шартнома қоидаларига зид эмаслиги;

асосий шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, шу шаклга (оддий ёзма ёки нотариал тасдиқланган шакл) сўзсиз риоя қилиниши;

қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқини беришга розилиги (агар бундай розиликнинг олиниши зарурлиги бевосита қонунда ёки шартномада ёхуд кредиторнинг шахси қарздор учун муҳим аҳамият касб этган ҳолларда кўрсатилган бўлса);

берилаётган ҳуқуқ кредитор шахси билан чамбарчас боғланмаган бўлса (масалан, зарар етказиш ва ҳоказолар оқибатида мажбуриятлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича) (ФКнинг 314-моддаси);

дастлабки кредитор томонидан учинчи шахс олдида топширилаётган талабнинг амал қилмаслиги учун, шунингдек қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгар бўлиш мажбуриятининг ўз зиммасига олиниши (фақат талабни бераётган шахс қарздор ўз мажбуриятларини бажарганлик учун учинчи шахс олдида кафилликни қабул қилган ҳолдагина);

талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча зарур ҳужжатларни топшириш;

берилаётган талаб қилиш ҳуқуқига тааллуқли бўлган барча зарур ахборотларни маълум қилиш.

Бунда талаб қилиш ҳуқуқини бериш ҳақ эвазига ҳам, текинга ҳам амалга оширилиши мумкин, бу қонунчиликка зид эмас. Талаб қилиш ҳуқуқини бериш кредиторга кредитор билан қарздор ўртасида илгари тузилган шартноманинг бажарилишини қарздордан талаб қилиш ҳуқуқини учинчи шахсга топшириш имконини беради. У дастлаб юзага келган мажбуриятнинг амал қилишини тўхтатмайди, балки мажбурият тарафларининг ўзгаришига олиб келади холос. Мажбуриятни ҳақиқатда бажариш аломати мавжуд бўлмаганлиги сабабли қонунчилик нуқтаи назаридан олганда, талаб қилиш ҳуқуқини бериш «тўловларнинг учинчи шахс ҳисобидан сўндирилиши» ҳисобланмайди, чунки ҳисобга ўтказиш айнан мажбуриятларнинг сўндиришини англатади.

Шунга кўра, Фармон 5-бандининг биринчи қисми билан ФК 313, 315–321-моддаларининг қоидалари бир-бирига зид эмас, сабаби талаб қилиш ҳуқуқини бериш чоғида «тўловни ҳисобга ўтказиш» юз бермайди, зеро бундай ҳуқуқни бериш фактининг ўзи ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятнинг сўндирилганлигини англатмайди.

Бунда, юқорида таъкидланганидек, «тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан сўндирилиши»да пул маблағлари нотўғри йўналиш олиб, «ноўрин олувчи шахс»нинг, яъни уларга ҳақдор бўлмаган тарафнинг ихтиёрига ўтади. Талаб қилиш ҳуқуқи ФК қоидаларига амал қилинган ҳолда берилган тақдирда эса етказиб берувчидан талаб қилиш ҳуқуқи ўтган шахсни пул маблағларининг «ноўрин олувчи шахси» деб бўлмайди, чунки унинг мазкур пул маблағларини олиши мумкинлиги қонунга мувофиқдир. Шу тариқа, ФК қоидаларига риоя қилган ҳолда талаб қилиш ҳуқуқининг берилишини солиқ ва тўлов интизомини бузиш деб ҳисоблаб бўлмайди. Талаб қилиш ҳуқуқини бериш муносабати билан солиқ мажбуриятлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилса, мазкур операция Фармоннинг 5-банди иккинчи қисмида назарда тутилган «даромадни яшириш» ҳолати сифатида баҳоланмайди.

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2517 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика