Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидланганидек, бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди.
Дарҳақиқат, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг шиддат билан ҳаётимизга кириб келиши ахборотнинг кенг қамровда, қулай ва эркин ёйилишига хизмат қилаётгани сир эмас. Лекин жаҳон ахборот майдонининг бундай кенгайиб бориши мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин, яъни баъзи ғаразли мақсаддаги диний оқимларнинг мафкуравий хуружлари ва маънавиятимизга зид бўлган ахлоқсизлик иллатлари билан ёшларимиз онгига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.
Ахборот технологиялари имкониятларидан «унумли» фойдаланаётган қонунбузар тадбиркор мўъжазгина «флешка» ёки диск ёрдамида маънавиятимиз, миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган адабиётлар ва материалларни қўл юклари орасига яширганча олиб киришга уринмоқдалар.
Маълумки, Президентимизнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг (10.10.1997 йилдаги 1871-сон) 5-иловасига мувофиқ давлат қурилишига қарши, ҳудудий бирликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга йўналтирилган, урушни, террорни, диний қарама-қаршиликни, миллатчиликни, расизм (антисемитизм, фашизм) ташвиқ қилувчи қўлёзмалар ҳамда порнографик мазмундаги тасвир ва аудиомаҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Афсуски, мазкур қоидаларни менсимай, тақиқланган ва рухсат этилмаган бундай материалларни олиб киришга уринаётган шахслар учраб турибди. Биргина 2015 йилнинг I ярми давомида Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 95 қонунбузарлик ҳолатларида 390 та диний экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги ҳамда бошқа тақиқланган материалларнинг республикамиз ҳудудига олиб кирилишига чек қўйилди.
Хусусан, Андижон аэропортида Санкт-Петербургдан учиб келган наманганлик С.Н.га тегишли қўл ва багаж юклари божхона текширувидан ўтказилганда, юклар орасидаги шоколадлар тасвири назорат-рентген аппаратида шубҳали тарзда акс этди.
Шоколад ўрамлари холислар иштирокида очиб кўрилганда, 1 дона шоколадга унинг ранггига мос бўлган ва кўз илғамас ҳажмдаги 2 дона флешкалар хуфиёна тарзда жойланганлиги аниқланди. Ҳар бири 8 ГБ ҳажмдаги ушбу ахборот ташувчи воситалар хотираси кўздан кечирилганда, уларнинг ичида диний мазмундаги 14.84 гигабайтга тенг ёки 20 соат давомийликдаги 1 230 та аудио ва видеоматериаллар жамланганлиги аниқланди.
Диншунослар томонидан ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, мазкур материаллар «Ўзбекистон ислом ҳаракати» экстремистик ташкилоти томонидан тайёрланган диний мазмундаги маърузалар, «ИШИД» террорчи ташкилотларини мадҳ этишга қаратилган, чет элда тайёрланган ўзбек тилидаги нашидалар ҳамда сохта диний уламоларнинг «ислом халифалиги»ни тарғиб этишга қаратилган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган даъватларидан иборат экан.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ҳукмига кўра ушбу шахсга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, дунё майдонида рўй бераётган глобаллашув ва кескинлашув жараёнларининг бизга даҳли йўқ деган пуч ўй-хаёлларни бартараф этиб, янада хушёр, янада огоҳ бўлишимиз давр талабидир.
А.АХЛИМИРЗАЕВ
Андижон вилояти божхона бошқармасининг
Божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бошлиғи.