Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 35 / Тарафдор ва қаршилар

Ҳисоблаб ёзилмаган фоизлардан солиқ тўланадими?..

Фоизсиз қарз олганда солиқ солиш тўғрими? Мутахассисларнинг бу борадаги баҳслари кўп маротаба юзага келган. Газетамиз ҳам буткул қарама-қарши нуқтаи назарларни ёқловчи экспертларнинг фикрларини чоп этган. Муаммо баҳсга чорловчи «Қарз олувчи фоиз тўламаса, унга солиқ тўлаш мажбурияти юкланадими?» материаллар тўпламида («СБХ»нинг 01.03.2012 йилдаги 10 (918-сони) батафсил баён этилган. Материалдан иккала нуқтаи назар тарафдорлари меъёрий кўрсатмаларнинг ноаниқ ва очиқ-ойдин эмаслигини мураккаб мантиқий мулоҳазалар билан ёритишларига тўғри келгани кўринади. Қонун ҳужжатларининг мониторинги ва қонун лойиҳалари устида ишлаш билан банд бўлган мутахассислар ва ташкилотларнинг ­эътиборини қонун ҳужжатларида етарлича лўнда, аниқ кўрсатмалар мавжуд бўлмаганлиги сабабли фоизсиз қарз шартномаси тарафларига солиқ солиш амалиёти ривожланаётганига, шунингдек бундай кўрсатмаларга кескин зарурат мавжудлигига қаратиш – материалдан мақсад ана шу эди.

Орадан 3 йил ўтди. Афсуски, аҳвол ўша-ўша. Мутахассислар баҳслашяптилар. Солиқчилар (уларда ҳам мазкур масала бўйича ягона фикр йўқ) солиқни ушлашни давом эттириб, мавжуд нормаларга амал қиляптилар ва қарорларининг асослилиги хусусида тадбиркорлар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўляптилар.

Бугун ушбу мавзуга оид хатлардан бири ва муаммонинг ечимини турлича кўраётган мутахассисларнинг 2 материалини чоп этиб, таҳририят мазкур масалага мутасадди ташкилот ва идораларнинг эътиборини тортишга умид қилади. Агар бирон тарафга йўналтириб ўзгартирилган ва тўлдирилган нормаларда аниқлик пайдо бўлса, фоизсиз қарз шартномалари тарафлари бюджетга қандай тўловларни, қандай тартибда ва қандай ставкада тўлашларини (ёки тўламасликларини) аниқ тушунишлари мумкин бўлса, солиқчи ва солиқ тўловчиларнинг муносабатларидаги яна бир англашилмовчиликка барҳам берилган бўларди.

 

 

Корхонамиз шу йилнинг январида шартнома асосида 130 млн сўм миқдорида фоизсиз қайтариладиган пул қарзи олди. ФКнинг 734-моддасидан келиб чиқишича, қарз фоизли ёки фоизсиз бўлиши мумкин.

Қарз олган (фоизли ёки фоизсиз асосдалиги аҳамиятга эга эмас) қарздор уни қарз берувчига қайтариши шарт. У бундан бирор-бир даромад олмайди. Зеро 2-сон БҲМСда даромад хусусий капиталнинг кўпайишига олиб келадиган активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг қисқариши сифатида белгиланади.

Бироқ солиқ инспекцияси камерал текширув маълумотларига асосланиб ва МБнинг 9%лик белгиланган қайта молиялаш ставкасини рўкач қилиб, қуйидаги формула бўйича қарз маблағларини берганлик учун фоизларни ҳисоблади: 130 млн х 9% = 11,7 млн сўм.

Ушбу суммани қарз берувчининг бошқа даромади сифатида белгилашди, корхонамизни эса тўлов манбаи сифатида 10%лик ставкада фоизларга солиқни ушлашга – 1,17 минг сўм тўлашга мажбур қилишди.

Солиқ инспекциясининг ҳаракатлари тўғрими?

Е.Маматқулова.

 

«ҚАРШИ» ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ АНИҚ БЎЛИШИ ЗАРУР

I

Фуқаролик кодексининг (ФК) 734-моддаси ва 735-моддасининг учинчи қисми маъносига кўра қарз ҳақиқатан ҳам фоизли ёки фоизсиз бўлиши мумкин. Бинобарин, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг бир иштирокчиси худди шундай бошқа иштирокчидан пул ёки тур аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни қарзга олиши мумкин. Униси ҳам, буниси ҳам жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин1. Улар шартномада қарз берувчининг қарз олувчидан улар белгилайдиган миқдор ва тартибда қарз суммасига фоизлар олишини белгилашга ҳақлилар. Ёки қарз берувчи қарз олувчига фоизсиз қарз беришини кўрсатадилар. Фоизли ҳамда фоизсиз қарз берилиши қарз маблағлари (ёки бошқа ашёлар) қайтарилмайди деган маънони англатмайди.

2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»да2 ҳавола қилинган Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос3 даромадларни ҳисобот даврида активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг камайиши сифатида белгилайди (38.5-банд). Бироқ қарз олувчида пулнинг келиб тушиши юзага келтирган активнинг кўпайиши билан бир вақтда мажбурият (қарзни келгусида қайтариш зарур) кўпаяди. Қарз берувчида у тақдим этадиган ва кейинроқ унга қайтадиган қарз суммасига нисбатан бир активнинг камайиши (пул «оқиб кетиши») ва бошқасининг кўпайиши (дебиторлик қарзи вужудга келиши) юз беради. Унга қарз олинган сумма қайтарилганда ҳам худди шундай ҳолат юз беради: пул келиб тушади (бир актив кўпаяди) – дебиторлик қарзи «йўқолади» (бошқа актив камаяди). Кўрганимиздек, Концептуал асоснинг кўрсатилган нормаси маъносига кўра, қарз олувчида ҳам, қарз берувчида ҳам даромад мавжуд эмас.

Қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасига фоизлар олгандагина унда даромад бўлиши мумкин. Бундай хулоса, Солиқ кодексида қўлланадиган «фоизлар» тушунчасидан ҳам келиб чиқади: фоизлар деб ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинган даромад, шу жумладан облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек депозит қўйилмалар ва бошқа қарз мажбуриятларидан олинган даромад эътироф этилади (Солиқ кодекси 22-моддасининг ўттиз учинчи хатбошиси). Бироқ шартномада фоизлар тўламасдан қарз бериш назарда тутилган бўлса, даромад бўлмайди: бир тараф қанча сумма олган бўлса, худди ўшанча қайтаради, бошқа тараф эса қанча миқдорда қарз берган бўлса, унга ҳам ана шунча қайтарилади. Хулоса шундай бўлади: суммаси қайтарилишини назарда тутадиган фоизсиз қарз шартномалари бўйича, солиқ солинадиган объект йўқлиги сабабли, солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

Бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, солиқ органлари қарз олувчига фоизсиз қарз берган қарз берувчида у олмаган, бироқ солиқчилар Марказий банк белгилаган қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб белгилаган фоизли даромад суммаси солиқ солиш объекти ҳисобланади деб биладилар. Шу тариқа, «даромад» суммасини аниқлаб, улар даромадни назарий жиҳатдан тўлаган манбадан 10%лик ставкада солиқ тўлашни талаб қиладилар.

Келинг, солиқчиларнинг позицияси қанчалик тўғрилигини кўриб чиқайлик.

Биринчидан, 10 фоизлик солиқ ставкаси Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивиденд ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга нисбатан белгиланган. Бундан келиб чиқадики, даромадни бир тараф ҳақиқатда тўлаган ва иккинчи тараф (резидент) уни олган бўлиши керак.

Иккинчидан, Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 14-бандининг маъносига кўра, фоизлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан даромадлар таркибига кириб, бошқа даромадларга тегишли бўлади (агар Солиқ кодекси 130-моддасининг бешинчи қисмида бошқа нарса4 назарда тутилмаган бўлса). Бироқ қарз берувчи қарз олувчига қарз беришдан даромад оладими, ахир бу хусусда шартномада у фоизларни (қарз воситаларидан фойдаланганлик учун ҳақни) тўламасдан берилиши тўғридан-тўғри кўрсатилганку? У қарз олувчидан ҳеч қандай ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмайди. Бинобарин, унда солиқ солинадиган бошқа даромад (ўша фоизлар тарзида) йўқ.

Учинчидан, «СБХ»да чоп этилган материаллар тўпламида («Қарз олувчи фоиз тўламаса, унга солиқ тўлаш мажбурияти юкланадими?») муаллифлардан бири А.Мокшин қайта молиялаш ставкасини МБ тижорат банкларини кредитлаш чоғида белгилашини таъкидлаган. Бизнинг саволимиз эса Солиқ кодекси 1-моддасининг моҳиятидан келиб чиққанда солиқ қонунчилигини тартибга солиш доирасига кирмайди. На Солиқ кодексида, на бошқа солиққа оид қонун ҳужжатларида солиқ муносабатларида ушбу ставка қўлланиши назарда тутилмаган.

Агар МБнинг қайта молиялаш ставкаси фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда қўлланса, бу – бошқа масала. Чунончи, ФКнинг 327-моддасига мувофиқ бошқа шахсларнинг пул маблағларидан пул мажбуриятини бажармаслик оқибатида фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Агар фоизларнинг бошқа миқдори қонун ёки шартнома билан белгиланмаган бўлса, уларнинг миқдори муайян кунга банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Бундай ставка сифатида МБнинг қайта молиялаш ставкасидан фойдаланилади.

Шу боис биз Олий хўжалик суди Пленумининг «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарори (15.06.2007 йилдаги 163-сон) 6-бандига эътибор қаратамиз. Унда тушунтирилишича, хўжалик судларида солиқ, молиявий ва маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бинобарин, давомида тушунтирилганидек, юридик шахсларнинг солиқ, божхона ва бошқа давлат органлари томонидан мулкий жарималар сифатида асоссиз ундирилган пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилганда, бу маблағлардан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланмайди ва бундай ҳолларда пул мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ФКнинг 327-моддаси қоидалари қўлланилмайди. Яъни кўрамизки, баён этилган ҳолларда МБнинг қайта молиялаш ставкасини қўллаш истисно этилади. Бу тўғри, чунки солиқ қонунчилигида худди шу ҳолларда унинг қўлланиши мумкинлиги назарда тутилмаган.

Шундай экан, ФКнинг ўша моддасида очиқдан-очиқ назарда тутиладиган қайта молиялаш ставкаси («банк фоизининг ҳисоб ставкаси») иборасидан фойдаланган ҳолда) қандай асосга кўра фоизсиз қарз берганда қарз берувчида мавжуд бўлмаган даромадга солиқ солишда қўлланиши керак?! Бунда ҳуқуқий асосларнинг мавжуд эмаслиги яққол кўриниб турибди! Шу боис ҳам қарз берувчига қайтарилган фоизсиз қарз суммаси унинг солиқ базасини кўпайтирмайди.

 

II

Энди фоизсиз қарз олувчида солиқ солиш объектининг бор-йўқлиги масаласини кўриб чиқамиз. Солиқчиларнинг фикрича, бундай шартнома бўйича қарз маблағларидан фойдаланганда унда бошқаларнинг пул маблағларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи тарзида солиқ солинадиган бошқа даромад вужудга келади. Бу, уларнинг фикрича, Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 4-бандидан келиб чиқади. Бундан ташқари, улар Солиқ кодексининг 135-моддасини рўкач қиладилар, унга кўра:

солиқ тўловчи текин олган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўловчининг даромади бўлади;

мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар текин асосда олинаётганда олувчи шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади;

мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:

жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;

етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа маълумотлари;

давлат статистикаси органларининг маълумотлари.

Солиқ органларининг баъзи вакиллари кўрсатилган позицияни ҳимоя қилиб, уни фуқаролик қонун ҳужжатларида мулкий ҳуқуқлар деганда мулкий тусдаги ҳар қандай ҳуқуқлар, шу жумладан товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаш, қарзни қайтариш ва унга доир фоизларни тўлашга ҳуқуқлар (талаблар), юридик шахсларнинг устав капиталидаги улуш ва бошқа ҳуқуқлар тушунилиши билан асослайдилар. Бундан, уларнинг нуқтаи назарига кўра, текин фойдаланишга олинган қарз маблағлари бепул олинган мулкий ҳуқуқлар эканлиги келиб чиқади.

Бироқ бунда ФКнинг 2-моддаси олтинчи қисми эътибордан четда қолади, унда эса, юқорида таъкидланганидек, аниқ қилиб айтилишича, солиқ муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно5. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўрганилганда, унинг ҳужжатларида биз тилга олаётган масалалар қисмида солиқ муносабатларига фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш имконини берадиган қоидаларнинг йўқлиги маълум бўлди.

Бинобарин, маъносига кўра мулкий ҳуқуқлар тушунчаси очиб бериладиган фуқаролик қонун ҳужжатларини рўкач қилиш, фикримизча, тўғри эмас. Масалан, юридик шахсларнинг устав капиталидаги ўша улуш фуқаролик ҳуқуқида айни мулкий ҳуқуқ ҳисобланади, солиқ ҳуқуқида эса моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ва эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўлиши мумкин бўлган номоддий объектлар сифатида белгиланадиган мол-мулк тушунчаси билан қамраб олинади.

Шунингдек Солиқ кодекси 148-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ҳамда 209-моддаси 1-бандининг қоидалари ҳисобга олинмаяпти, уларда қарз бериш, унга доир фоизларни ҳисоблаш ва ундириш молиявий хизматларга кириши белгиланган. Бундан келиб чиқадики, солиқ ҳуқуқи маъносига кўра қарз маблағларидан фойдаланиш мулкий ҳуқуқдан эмас, балки хизмат кўрсатишдан фойдаланишни англатади. Бироқ, Солиқ кодексининг 135-моддаси биринчи қисмига кўра, солиқ тўловчи текин олган хизматлар, шунингдек мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар ҳам унинг мустақил бошқа даромади ҳисобланади, агар худди шу ҳужжатда бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса. Бироқ гўё текин молиявий хизматдан олинган даромад миқдори қандай белгиланади?

Қарши фикр билдирувчилар бундай хизматдан фойдаланишдан олинган даромадни Солиқ кодекси 135-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари қоидалари бўйича белгилаш керак, уларда ҳужжатлар билан тасдиқлаш ёки баҳолаш ташкилотининг ҳисоботи зарурлиги назарда тутилган дейишлари мумкин. Бироқ ушбу нуқтаи назар, фикримизча, баҳсли фикрлар сирасига киради. Ушбу қоидалар солиқ тўловчи текин асосда олган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқларнинг бозор қийматини баҳолаш учунгина қўлланиши мумкин. Солиқ кодексининг 135-моддасида хизматлар ва ишларни баҳолаш талаб қилинмайди6. Солиқ кодексида қарз олувчида фоизсиз қарздан фойдаланиш натижасида иқтисодий наф тарзидаги «даромад»ни белгилаш усули назарда тутилмаган, бу эса, ўйлашимизча, ундаги нуқсондир.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бундай нуқсонлар эса, бартараф этилмаган зиддиятлар ва ноаниқликлар каби, солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилиниши керак (Солиқ кодексининг 11-моддаси). Шу сабабли гўё молиявий хизматдан текин фойдаланиш натижасида олинган даромад миқдорини қандай белгилаш масаласи, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги нуқсон ёки унинг нормаси ноаниқлиги туфайли, очиқлигича қоляпти. Текин олинган молиявий хизмат (банкдан ёки бошқа кредит ташкилотидан олинмаган, албатта) тарзидаги даромаддан солиқ бўйича солиқ солинадиган базани аниқ белгилаш мумкин эмаслигига сабаб бўладиган норманинг йўқлиги ёки ноаниқлик мавжудлиги (белгилаб қўйилмаганлиги) солиқ солишнинг аниқлиги принципи талабларига жавоб бермайди (Солиқ кодексининг 7-моддаси). Зеро қарз олувчи у текин олган «даромад» қандай суммани – 10, 7, 5, 3 ёки 1% ёхуд, эҳтимол, у фойдаланган фоизсиз қарзнинг 0,1%и ёки ундан камни ташкил этишини билмайди. Агар солиқ ҳужжати аниқлик талабига жавоб бермаса, қарз олувчининг зиммасига солиқ тўлаш мажбуриятини юклаш, фикримизча, тўғри эмас.

Солиқ органлари ўз позицияларини асослаш учун 2-сон БҲМСнинг 4.1-бандини рўкач қиладилар, унда назарда тутилишича, хўжалик юритувчи субъектнинг активларидан бошқа шу каби субъектларнинг фойдаланиши фоизлар тарзида даромад олишга олиб келади, у эса хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлган пул маблағлари ёки пул эквивалентлари ёхуд суммалардан фойдаланганлик учун ҳақни ташкил этади. Солиқчиларнинг фикрича, бир хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағларидан бошқа субъектнинг фойдаланиши учун тўлов бўлиб айни фоизлар ҳисобланади, улар фойдаланилаётган суммаларга ҳисоблаб ёзилиши керак.

 

Биз уч йил аввалги материалда баён этилган А.МОКШИНнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаймиз: агар бу шартномада назарда тутилган бўлса, фоизлар олиш ҳуқуқи қарз берувчида, уларни тўлаш мажбурияти эса қарз олувчида вужудга келади. Тегишинча, фақат шу ҳолдагина солиқ солиш объекти вужудга келади. Агар тарафлар шартномада қарз фоизсиз ҳисобланишини назарда тутган бўлсалар, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасидан фойдаланганлик учун фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлмайди, қарз олувчида уларни тўлаш мажбурияти йўқ. Демак, даромад ва солиқ тўлаш мажбуриятининг вужудга келиш далилини эътироф этиш учун асос мавжуд эмас.

Шу сабабли солиқ солинадиган базани ҳозир қилинаётганидек ҳисоблаб чиқариш: текин қарз шартномасининг ҳуқуқий моҳиятини эътиборга олмаслик ва унга зид ҳолда солиқни ҳисоблаш тўғри эмас. Бундан ташқари, ахир у солиқ қонунчилигининг аниқлиги принципини бузган ҳолда солиқ қонунчилигида белгиланмаган тартиб ва ставкада ҳисоб-китоб қилинмоқда, бунга ҳам йўл қўйиб бўлмайди.

Юқорида баён этилганлардан чиқадиган хулоса қатъий: қонун ҳужжатларига таҳлил қилинган қоидаларга доир шубҳалар ва баҳсли талқинларни бартараф этадиган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш лозим. Солиқ кодекси нормалари шу тарзда такомиллаштирилиши керакки, ҳар бир солиқ тўловчи ёки давлат органи фоизсиз қарз шартномаси бўйича тарафларда солиқ оқибатларининг бор-йўқлигини билсин. Агар улар белгиланса, ундириш тартиби ва ставкалар қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри кўрсатилиши керак, Солиқ кодекси айни шуни талаб қилади.

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

 

1Бундан кейин қарз берувчи ва қарз олувчи ҳақида сўзлаганда биз кредит ташкилотларига (банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва тегишли лицензияга эга бўлган бошқа кредит ташкилотларига) кирмайдиган тижорат ташкилотларини назарда тутамиз.

2 МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4Унга кўра «бошқа» сўзининг маъноси шуки, агар уларнинг суммаси жамликда товарлар, ишлар, бошқа хизматларни реализация қилишдан даромадларнинг умумий суммасидан ошса, фоизлар хизматларни реализация қилишдан даромад деб эътироф этилади.

5Бу, мисол учун, Солиқ кодекси 38-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган, унга кўра солиқ мажбурияти бўйича даъво муддатининг ўтиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва тикланади.

6Шу сабабли мазкур масалага доир муносабатларга айнан ўхшаш дея Солиқ кодекси 135-моддаси учинчи қисми нормаларини (мол-мулкнинг бозор қиймати, мулкий ҳуқуқларни ҳужжатлар ёки баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот билан тасдиқлашга тааллуқли) қўллаш мумкинми? Кодекснинг ўзида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ умумий асослар ва ҳуқуқ маъносидан маълумки, агар нормалар шахснинг ҳуқуқлари, эркинлигини чекласа, қонуний манфаатларини камситса, мажбуриятлар юкласа, жавобгарлик белгиласа ёки бошқа тарзда шахснинг аҳволини ёмонлаштирса, айнан ўхшаш дея уларни қўллашга йўл қўйилмайди.

 

 

«ТАРАФДОР» ФОИЗЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ ҲАМ ДАРОМАДДИР

Фоизсиз қарз олувчида солиқ солинадиган даромад вужудга келиши юзасидан уни ёқлаб ва унга қарши важ-далиллар кўплаб келтирилди ва келтирилмоқда. Ўйлашимизча, фикрларнинг бундай хилма-хил бўлишига (нафақат ушбу масала бўйича) қандайдир даражада солиқ, фуқаролик ва бухгалтерия қонун ҳужжатларидаги кўп тушунчаларнинг бир-биридан фарқ қиладиган классификацияси сабабчи бўлган. Солиқ кодексида даромад суммасининг мавжудлиги ва уни акс эттириш аниқ таърифланмаган. Бунда Солиқ кодекси қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тузиш, солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни белгилаш ва юритишни солиқ тўловчининг мажбуриятларига киритади (Кодекснинг 32, 34-моддалари). Шунинг учун ушбу баҳсли вазиятни қуйидаги асосий саволга жавоб топиш учун молиявий ҳисоб нуқтаи назари орқали кўриб чиқайлик: «Фоизсиз қарз олувчида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосланган иқтисодий нуқтаи назардан олганда даромад борми?»

Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос3 қоидаларига кўра даромад активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг камайиши билан боғлиқ бўлғуси иқтисодий нафнинг ўлчовли кўпайиши вужудга келганда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»2 нормалари хўжалик юритувчи субъектнинг активларидан бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланганда ҳам олинган даромад ҳисобига татбиқ этилади. Бундай ҳолда фоизлар тарзида даромад вужудга келади, улар пул маблағлари ёки пул эквивалентлари ёхуд хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлган суммалардан фойдаланганлик учун ҳақни ташкил этади. Даромад олинган ёки олинадиган тушумнинг (қопламанинг) қиймати бўйича жорий нархларда баҳоланади.

Қарз олувчида пул маблағларини олиш пайтида актив (пул маблағлари), уни қайтариш мажбурияти, шунингдек фоизларни тўлаш мажбурияти (активдан фойдаланганлик учун ҳақ) вужудга келади. Қонун ҳужжатларида қарзни фоизларни тўламасдан бериш имконияти назарда тутилади. Ушбу ҳолда уни олувчида очиқдан-очиқ иқтисодий наф вужудга келади, чунки у бунинг учун бирор-бир пул ёки мулкий маблағларни тўлаш мажбуриятисиз активдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ҳар қандай текин олинган хизмат билан ҳам худди шундай вазият юз беради: уни олувчида актив вужудга келмайди, бироқ кўрсатилган хизматга ҳақ тўлаш зарурати туғилганда пайдо бўлиши керак бўлган мажбурият ҳам вужудга келмайди. Қарз бериш эса молиявий хизмат ҳисобланади. Бу Солиқ кодекси (209-модда), «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонун (15.09.2006 йилдаги ЎРҚ-50-сон), МВ, МБ бошқаруви ва ДСҚнинг «Қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган молиявий хизматларга тааллуқли операциялар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (АВ томонидан 29.05.2013 йилда 2460-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

Текин хизматдан вужудга келадиган даромад Солиқ кодексининг 135-моддасига кўра бошқа даромадлар сифатида солиқ солинадиган даромадга киритилади. У фойда солиғини тўловчилар учун ҳам (Солиқ кодексининг 129, 132-моддалари), ягона солиқ тўловини тўловчи корхоналар учун ҳам (Солиқ кодексининг 355-моддаси) солиқ солинадиган даромаддир.

Текин хизмат кўрсатилган тақдирда даромад суммасини ҳисоблаб чиқариш масаласи вужудга келади, чунки қийматни белгилаш тартиби фақат текин асосда олинган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар учун белгиланган (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Яна 2-сон БҲМСга мурожаат қиламиз, унга кўра даромад жорий нархларда ҳисобланади.

Шу сабабли текин хизматдан (шу жумладан молиявий хизматдан) олинган солиқ солинадиган даромадни белгилаш чоғида унинг жорий бозор қийматини аниқлаш лозим. Солиқ органлари молиявий хизмат қийматини ЎзР МБнинг қайта молиялаш ставкасини қўллаб белгилайдилар. У солиқ солинадиган даромадни аниқлаш учун мўлжалланмаган ва, моҳиятига кўра, бозор ставкаси ҳисобланмайди. Берилаётган қарзлар бўйича фоизларнинг бозор ставкалари ЎзР МБ белгилаган қайта молиялаш ставкасидан анча юқори бўлиши мумкин, у худди шундай қарз шартномалари ҳамда айнан шундай молиявий аҳволда бўлган қарз олувчилар учун бозор таклиф этган шартлардан келиб чиқиб белгиланади.

Фоизсиз қарз ҳақида сўзлаганда одатда пул қарзи назарда тутилади. Фуқаролик кодексининг 734-моддасида, агар шартнома бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, қарз берувчининг фоизлар олиш ҳуқуқи назарда тутилади. Шу тариқа, фоизсиз қарз олувчида ҳам пули, ҳам товар кўринишидаги қарзда иқтисодий нафнинг мавжудлиги шубҳасиздир.

Бухгалтерия ҳисобининг халқаро амалиётида «бозорга оид бўлмаган» қарзлардан иқтисодий наф худди шундай тарзда баҳоланади. Чунончи, улар бўйича фоиз ставкаси бозор ставкасидан анча паст ёки умуман ноль даражада бўлиши мумкин. Улар ўзаро алоқадор тарафларга, ташкилотда муайян муносабатлар шаклланган контрагентларга, ходимларга ва бошқаларга берилиши мумкин.

39-сон МҲХС (IAS) «Молиявий дастаклар: эътироф этиш ва баҳолаш»нинг AG64-бандига кўра, молиявий дастакнинг одилона қиймати одатда битимнинг нархи бўлади. Фоизсиз қарз ёки бозорга оид бўлмаган фоиз ставкалари бўйича берилган қарзнинг одилона қиймати нима ҳисобланади? Мазкур ҳолда берилган пул маблағлари суммаси қарзнинг одилона қийматини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қила олмаслиги аниқ.

39-сон МҲХС (IAS)нинг AG64-банди ва 9-сон МҲХС (IFRS) «Молиявий дастаклар»нинг В5.1.1-бандига кўра, бозорга оид бўлмаган шартларда берилган қарзнинг одилона қийматини баҳолаш учун унга доир барча бўлғуси пул тушумларини худди шундай кредит рейтингига эга бўлган айнан ўхшаш дастак учун фоизнинг устун турган бозор ставкаси бўйича дисконтлаш зарур. Айнан ўхшаш дастак деганда худди шундай муддат, валюта, фоиз ставкаси тури, пул маблағларининг ҳаракатланиш чизмасига эга, гаров ва фоизларни ҳисоблаб ёзиш учун база мавжуд бўлган кредит ёки қарз тушунилади. Компания турли қарз олувчилар билан қарз шартномаларида турли ставкаларни қўллаши мумкин. Бундай ҳолда ўртача ҳисобланган ставкани ҳисоблаш лозим.

Кўрганимиздек, халқаро амалиётда ҳам фоизсиз қарз ёки бозор ставкасидан паст фоиз ставкасидаги қарз бериш ва олиш имкониятига йўл қўйилади. Бундай битим бўйича даромаднинг баҳоланиши 2-сон БҲМС 9-бандининг қоидаларига жуда ўхшаш.

Фоизсиз қарзлар бўйича операцияларга солиқ солиш амалиётида ҳам солиқ органлари қарз маблағларидан фойдаланувчига тўлов манбаида фойда солиғи тўланмаганлиги учун қўшимча ҳисоблашни қўллайдиган ҳоллар учрайди. Мазкур позиция, фикримизча, асоссиз. Тўғри, Солиқ кодексининг 156-моддасига кўра, фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади, Кодекснинг 165-моддасига кўра, фоизли даромад тўлайдиган юридик шахслар ундан белгиланган ставкаларда ҳисобланган солиқни ушлашлари шарт. Фоизсиз қарз берилганда фоизлар тўланмаслиги сабабли тўлов манбаида даромад тўлаш чоғида фойда солиғини ушлаш мажбурияти вужудга келмайди.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, эксперт шундай фикрга келди:

1. Қарз берувчида фоизсиз қарз берилганда солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

2. Қарз олувчида текин олинган молиявий хизматга нисбатан жорий қиймат бўйича даромадни ҳисоблаб чиқариш ва уни фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базага киритиш зарурати вужудга келади. Қарз олувчида тўлов манбаида фойда солиғини ушлаш мажбурияти вужудга келмайди, чунки қарз берувчига фоизли даромад жисман тўланмаган.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

 

Таҳририятдан. Кўрганимиздек, фоизсиз қарз олувчида солиқ солинадиган даромаднинг вужудга келиши борасидаги мутахассисларнинг мулоҳазалари аввалгидек фарқланмоқда. Бироқ, шунга қарамай, экспертлар фоизсиз қарз шартномаси бўйича қарз берувчи ва қарз олувчида солиқ оқибатларининг йўқлиги (ёки борлиги)ни аниқ белгилаш учун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритиш зарур деган фикрда якдиллар.

Прочитано: 2434 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика