Norma.uz

Агар ташкилот автомобили аварияга тушиб қолса

Тушунтириб берсангиз, идоравий (корпоратив) машинани бошқараётган ҳайдовчи содир этган ЙТҲ учун ким ва қандай жавоб беради?

Ф.Бургутов, ҳайдовчи.

 

 

– Бугунги кунда кўп ташкилотларнинг мулкида автомобиллар бор. Корхона ходими (ҳайдовчи) Йўл ҳаракати қоидалари (ВМнинг 11.12.2000 йилдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган)ни бузиб, бошқа автомобиль билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ)ни содир этадиган ҳоллар ҳам учрайди. Мазкур ҳолда бошқа автомобиль ҳайдовчисига, яъни жабр­ланувчига етказилган зарарни ким қоплайди?

Бундай қараганда, ҳаммаси очиқ-равшандек – ким айбдор бўлса, ўша қоплайдигандек туюлади. Бироқ ҳаммаси бунчалик оддий эмас.

Зарар етказиш оқибатида юзага келган мажбурият­лар Фуқаролик кодексининг (ФК) 57-боби билан тартибга солинади.

ФКнинг 989-моддасига мувофиқ юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.

Қонунда кўрсатилган бу қоида маънавий зарар етказилган ҳолатларга ҳам татбиқ қилинади (ОС Пленумининг 28.04.2000 йилдаги 7-сон қарори 5-банди).

Мазкур боб қоидаларига татбиқан олганда ходимлар деб ишни меҳнат шартномаси асосида, шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида бажарадиган фуқаролар, агар бунда улар тегишли юридик шахс ёки фуқаронинг топшириғи ва назорати остида ишларни хавфсиз юритиш учун ҳаракат қилсалар ёки ҳаракат қилишлари керак бўлса, ­эътироф этиладилар.

Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, ишлаб чиқариш кооперативлари уларнинг иштирокчилари (аъзолари) ширкат, жамият ёки кооперативнинг тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ёки бошқа фаолиятини амалга ошириш чоғида улар етказган зарарни қоплайдилар.

Ўз жавобгарлигини жабрланувчи фойдасига ихтиёрий ёки мажбурий суғурталаш тартибида суғурталаган юридик шахс ёхуд фуқаро, етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун суғурта суммаси етарли бўлмаган ҳолда, суғурта суммаси билан зарарнинг ҳақиқатдаги миқдори ўртасидаги фарқни қоплайдилар.

МИСОЛ. “Н” корхонасига тегишли “Матиз” автомобилини бошқариб бораётган ҳайдовчи Д.  Йўл ҳаракати қоидаларининг 15.4-бандини бузди – светофорнинг яшил сигнали бўйича чапга бурилаётганда қарши йўналишда тўппа-тўғри ҳаракатланаётган “Нексия” автомобилига йўл бермади. Натижада тўқнашув юз берди. ЙТҲ натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмади, бироқ автомобиллар жиддий шикастланди.

Мазкур мисолда суд ҳайдовчи Д.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК)
133-моддаси бўйича ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топди, бироқ МЖТКнинг 21-моддасини қўллаб, огоҳлантириш билан чекланди. Жабрланувчига (“Нексия” ҳайдовчисига) етказилган моддий зарарни эса суд ЙТҲда айбдор шахс ишлаган корхонадан ундиришга қарор қилди.

 

Яъни учинчи шахсларга ҳайдовчи-ходимнинг айби билан улар ўз лавозим мажбуриятларини бажаришлари чоғида етказилган зарарни қоплаш бўйича мажбурият аввало иш берувчи зиммасига юкланган.

Бироқ қонун ходим томонидан у меҳнат вазифаларини бажариш чоғида етказилган зарарни қоплаган иш берувчига ундан тўланган қопламани компенсациялашни талаб қилиш ҳуқуқини беради (қайтадан талаб қилиш ҳуқуқи – регресс).

Агар ходимдан ундирилиши керак бўлган етказилган зарар суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошса ёки зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойлик муддат тугаган бўлса, ундирув суд тартибида амалга оширилади.

Регресс талаби ҳар доим ҳам иш берувчига барча талафотларни қоплаб бера олмайди, чунки суд айбнинг даражаси ва шаклини, аниқ ҳолатлар ва ходимнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб ундириладиган зарар ҳажмини камайтириши мумкин.

Суд ундириладиган зарар миқдорини камайтириш тўғрисида келишув битимини тасдиқлашга ҳақлидир.

Агар жиноят ғаразли мақсадда содир этилганлиги аниқланса, ходимдан ундириладиган зарар миқдорини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 2410 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика