Менга 2013 йил июнда электрон электр ҳисоблагич ўрнатилди. Техник паспортда кўрсатилган уни чиқариш ва ўтказилган текшириш санаси – 2012 йил ноябрь. Мен кейинги қиёслаш муддатини қандай белгилашим керак: ҳисоблагич ўрнатилган пайтдан бошлабми ёки ишлаб чиқарувчи ўтказган метрологик синовлар пайтиданми?
Б.Умарова.
– Қиёслаш – давлат метрология хизмати органлари (бошқа ваколатли органлар, ташкилотлар) томонидан ўлчов воситаларининг белгиланган техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида бажариладиган операциялар мажмуидир. Уни ўтказиш зарурлиги “Метрология тўғрисида”ги Қонун (28.12.1993 йилдаги 1004-XII-сон), Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова, кейинги ўринларда – Қоидалар) назарда тутилади.
Қоидаларнинг 48-бандида белгиланишича, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини вақти-вақти билан қиёслашдан ўтказиш “Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланган муддатларда, албатта ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакили иштирокида истеъмолчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши керак.
Электрон ҳисоблагичлар учун қиёслашлараро оралиқ Мажбурий давлат қиёслашидан ўтказиладиган ўлчов воситаларининг номенклатура рўйхати (“Ўзстандарт” агентлигининг бош директори томонидан 1.02.2007 йилда тасдиқланган) билан белгиланади. У 4 йилни ташкил этади. Агар техпаспортда ҳисоблагичнинг биринчи давлат қиёслаши ишлаб чиқарувчи завод томонидан 2012 йил ноябрда ўтказилганлиги кўрсатилган бўлса, демак, кейинги қиёслашни истеъмолчи 2016 йил ноябрда ўз ҳисобидан ўтказиши керак.