Бизнинг МЧЖ мол-мулкни ижарага олган. Яқинда биз бошқа МЧЖга қўшилиш йўли билан қайта ташкил этилишни режалаштиряпмиз. Мазкур ҳолда ижара шартномаси нима бўлади? Ижарачи автоматик равишда ўзгарадими ёки ижара шартномаси ўзининг амалини тугатадими?
– Мазкур шартнома ўз амалини универсал ҳуқуқий ворислик тартибида давом эттиради.
Фуқаролик кодекси 50-моддасининг иккинчи қисмига кўра юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади.
Бошқача айтганда, агар ижарачи бошқа МЧЖга қўшилиш йўли билан қайта ташкил этилган бўлса, унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари (шу жумладан ижара шартномасидан келиб чиқадиганлари) универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ушбу МЧЖга ўтади.
Ижарачини ёки ижарага берувчини қайта ташкил этиш ҳолларига ФК 549-моддаси биринчи қисмининг қоидаси қўлланади, унга кўра ижарага топширилган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ижара шартномасининг ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши учун асос бўлмайди.
Шу тариқа, юридик шахс – ижарачи қайта ташкил этилган тақдирда янги вужудга келган юридик шахс топшириш далолатномасига мувофиқ унинг ижара шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин янги вужудга келган юридик шахс янги ижара шартномаси ёки амалдаги шартномага ўзгартишлар киритиш тўғрисида битим тузмасдан ижаранинг қолган муддатига ижарачига айланади.
Бунда агар ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказиладиган бўлса ва қонун билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳуқуқий вориснинг аризасига кўра дастлабки кадастр маълумотлари янгиланганда 10 кун муддатда давлат ер кадастрини юритиш вазифаси юкланган тегишли хизматларга кўрсатиб ўтилган ўзгаришлар тўғрисида ахборот бериш лозим (ВМнинг 31.12.1998 йилдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисида низомнинг 26-банди).
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.