Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 42 / Бизнинг маслаҳатлар

Ким билан ҳамкорлик қилишни билинг

Ваколатхонамиз канцелярия жиҳозларини тез-тез харид қилиб туради ва ташкилий техника ҳамда офис мебелини тубдан янгиламоқчимиз. Маҳсулотлар (товарлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилаётганда ваколатхонамиз нималарга ҳушёр бўлиши ва нималарга эътиборли қараши лозим бўлади?

 

– Ўз саволингизда сиз нафақат хорижий юридик шахслар ваколатхоналари учун, балки барча тадбиркорлик субъектлари учун долзарб бўлган масалани кўтардингиз.

Биз виждонсизлик аломатларининг айримларини, лекин тез-тез учраб турадиганларини кўриб чиқсак. Бу айтилганлар аслида ҳаммаси эмас. Амалиётнинг кўрсатишича, бундай аломат ва вазиятлар кам эмас.

 

1. КОНТРАГЕНТНИНГ ЛИЦЕНЗИЯНИ ТАҚДИМ ЭТИШДАН БОШ ТОРТИШИ ЁКИ УНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭМАСЛИГИ

Агар контрагентнинг фаолияти тасдиқланган Рўйхатга1 биноан лицензияланадиган бўлса-ю, лекин лицензия тақдим этилмаса, ҳушёр тортинг. Модомики, бўлғуси ҳамкорингиз турли сабабларга кўра уни тақдим этишни рад этаётган экан, бизнинг бу тавсиямизга алоҳида эътибор қаратинг. Масалан,  ҳамкорингиз бундай лицензия унда мавжуд, лекин айни вақтда у бошқа ҳужжатлар пакети билан бирга бошқа минтақадаги йирик буюртмачи томонидан ўрганилаётганини; ёхуд у лицензиялайдиган органга амал қилиш муддатини узайтириш ва бошқа мақсадда топширилганини айтиб ишонтириши мумкин. Вазият шундай тартибда кечадиган бўлса, шубҳаланишингизга асос етарли бўлади ва сиз ишни тўхтатиб қўйиш, ҳатто барча ҳолатлар ойдинлашгунга қадар битимни бекор қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Лицензиянинг мавжудлигини албатта текшириб кўринг, буни лицензия берувчи органдан оғзаки ёхуд ёзма тарзда мурожаат қилиб билиб олинг! Бугунги кунда бир қатор давлат органлари лицензия тўғрисидаги маълумотларни ўз сайтларида жойлаштирмоқдалар.

Агар лицензия тақдим этилган бўлса, унинг асллигини текшириб кўриш керак, сабаби амалиётда турли давлат тузилмалари томонидан бериладиган, айниқса улгуржи савдо, шу жумладан ЁММ савдоси бўйича қалбаки лицензиялар бериш ҳолатлари кўп учрайди. Бунинг учун тегишли лицензия берувчи органга қўнғироқ қилиб, унинг тасдиғини ёхуд сизнинг бўлғуси контрагентингизда тегишли рухсатнома мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотни олиш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, лицензиянинг нафақат асллиги, балки амал қилиш муддатини ҳам текшириш керак. Юридик шахснинг лицензияда кўрсатилган ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг номи, почта манзилини юридик шахснинг ҳақиқатдаги маълумотлари ва рўйхатга олиш гувоҳномасидаги ташкилий-ҳуқуқий шакли, номи ва почта манзили билан солиштириб кўринг. Ушбу маълумотларнинг мос тушмаслиги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 71-II-сон) 20-моддаси еттинчи қисмига мувофиқ лицензия эгасининг лицензияланадиган фаолият тури билан бунга рухсатномаси бўлмасдан туриб шуғулланиши жавобгарликка, шу жумладан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай оқибатлар, бир қарашда айбсиз бўлган контрагентга лицензия олувчининг даҳмазасини ҳам юклайди.

Кўп ҳолларда контрагентнинг лицензия олиш шартларига мувофиқ келмаслиги ҳам лицензиянинг ҳақиқий эмаслигидан далолат беради. Масалан, улгуржи савдо билан шуғулланиш учун лицензиат энг кам иш ҳақининг камида 3 500 баравари миқдорида устав фондини рўйхатдан ўтказиши, шундан ЭКИҲнинг 1 200 баравари устав фондига пул маблағлари шаклида киритилиши керак2. Амалиётда лицензиатнинг ус­тав фонди миқдори лицензия бериш санасида юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган ҳоллар учраган, яъни у лицензия олингандан анча кейин шакллантирилган. Бу, ўз навбатида, бундай лицензияни бекор қилиш учун асос ҳисобланади. Энди тасаввур қилинг: шу ҳолатларга қарамай, сизнинг контрагентингиз вилоят ҳудудида аслида мавжуд бўлмаган манзил бўйича рўйхатдан ўтган бўлса-ю, сиз бу ҳақда фақатгина суд залида билиб қолсангиз...

Таваккал қилиб, барча вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ваколатхона мансабдор шахслари учун анча хатарлидир: бундай ҳолатлар учун Жиноят кодексида (ЖК) ишнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда мансабга совуққонлик билан қараш (ЖКнинг 207-моддаси), мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (ЖКнинг 206-моддаси) ва лицензиясиз фаолият билан шуғулланишга ёрдамчилик (ЖКнинг 28-моддаси бешинчи қисми ва 190-моддаси) таркиблари назарда тутилган.

 

2. КОНТРАГЕНТ БОЗОР НАРХЛАРИДАН АНЧА ПАСТ НАРХНИ ТАКЛИФ ЭТАДИ

Ўз ҳамкорларини, шу жумладан хорижий ваколатхоналар тижорат ташкилотларини паст нархлар орқали “жалб этиш”га тиришаётган виждонсиз контрагентларда ё иқтисодий манфаатдорлик бўлмайди ёки уларда фаолият ноҳалол йўлга қўйилган бўлади (масалан, даромадни яшириш ва солиқларни тўламаслик, божхона қонунчилигини бузиш, қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида асоссиз преференциялардан фойдаланиш, ҳисобга олинмаган товарлар ва пул маблағлари муомаласининг мавжудлиги, ҳисобда акс эттирилмаган ишлаб чиқариш, маҳсулот ишлаб чиқариш ёхуд улгуржи савдо ва бошқалар бўйича мажбурий талабларнинг бажарилмаслиги).

Бир балоси бўлмаса, шургорда қуйруқ на қилур, дейишади. Шунинг учун агар сизнинг контрагентингизнинг нархлари бозор нархларидан анча паст бўлса, эҳтимолки, фирибгарлар сизни ўзларининг ноҳалол фаолиятларига жалб этишмоқчидир. Ўз амалиётимизга яқин бўлган мисолларни келтирамиз. Кўпгина ваколатхоналар юристлар ёки аудиторлар ёхуд маслаҳатчиларнинг ёрдамига тез-тез мурожаат қилиб туришлари сир эмас. Бинобарин, бунда жуда арзон нархлар эвазига юқори сифатли (!) хизматлар олиш истаги муҳим омиллардан бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир мижоз барча турдаги харажатларини мувофиқлаштириб боришга интилиши табиий ва тушунарли ҳолдир. Бироқ профессионал интеллектуал хизматлар соҳасида бундай ёндашув, қоида тариқасида, самарасиз ҳисобланади ва пул маблағларини бекорга сарфлаш, яъни ҳавога совуриш билан тенг бўлади. Қолаверса, ваколатхона учун жиддий хатарлар юзага келиши мумкин. Хусусан, амалиётда ўзини “юридик фирма” деб атайдиганлар кўп учрайди, лекин мамлакатимизда юридик ёрдамни фақат адвокатлик тузилмалари (бюро, фирмалар, ҳайъатлар) бериши мумкинлигини ҳамма билади. Ёки бухгалтерия хизматлари ва маслаҳатларни берувчи консалтинг ташкилотлари ҳам учраб туради. Сиз мазкур ташкилотлар фаолияти тартибга солинмайдиган ҳуқуқий маконда, янаям аниқроғи, ундан ташқарида мавжуд бўлишини, шу тариқа, сизнинг ваколатхонангиз хатар зонасига кириб қолишини англашингиз керак. Сабаби мазкур ташкилотлар сифат назорат ва касбий стандартлар бўйича лицензияланадиган талабларни бажаришга мажбур эмаслар. Шунинг учун бундай компанияларнинг обрў-нуфузи ва тажрибасини пухта ўрганиш керак бўлади.

Аудиторлар, адвокатлар ва маслаҳатчиларни танлашда ҳамкорлик айнан ишонч асосига қурилиши кераклигини тушуниш муҳимдир, сабаби сиз ташқаридаги одамларни ўз доирангизга, фаолиятингизнинг ичига киритаётирсиз. Фирмада сифат у ёқда турсин, ҳатто “хуфиёна” аудиторлар ва юристлар билан “самарали ҳамкорлиги” натижасида корхона ва ваколатхонага аниқ қоидабузарликлар ва фактлар асосида, яъни улар мавжудлигини олдиндан билиб ревизия ташриф буюрган ҳоллар амалиётда кўплаб учраган!

Нари борса, сизнинг фирмангиз жиноят йўли билан топилган пулни “ҳалоллаштириш” жараёнининг иштирокчисига айланади-қолади. Масалан, битимларда иқтисодий манфаатдорликнинг мавжуд бўлмаслиги (ўта паст нархлар), жиноятли даромадларни легаллаштириш­га қарши ҳаракатларни назо­рат қилувчи иштирокчиларнинг (яъни тижорат банклари, суғурта ташкилотлари, адвокатлик фир­малари, аудиторлик ташкилотлари, лизинг фаолиятини амалга оширувчи корхоналар, биржалар ва бошқалар) йўқлиги бундай битимлар тўғрисида солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича органларга хабар бериш учун асос ҳисобланади. Минг афсуски, юқорида баён этилганларнинг барчаси тўқима гап эмас, балки ҳаётий ҳақиқат ва мавжуд далиллардир.

3. ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР

Виждонсиз фаолият юритиш якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бегона эмас. Шунинг учун бу тоифадаги бўлғуси контрагентлар билан ҳамкорлик қилишдан олдин ҳам хавф-хатарни унутмаслик даркор. Ишни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлик тўғриси­даги гувоҳнома ва жисмоний шахс­нинг паспортини текширишдан бошланг. Бунда фамилияси, исми ва отасининг исми давлат рўйхатидан ўтганлик тўғ­рисидаги гувоҳномадаги маъ­лу­мотларга мос тушишини аниқ­лаштиринг; паспортнинг амал қилиш муддатини ва унинг эгаси пропискасини текширинг. Шунингдек фаолият предметига ҳам эътибор қаратинг, сабаби якка тартибдаги тадбиркорлар учун фаолият турлари чекланган бўлади. Ўзингизнинг операциянгиз тадбиркор фаолиятининг мазмунига тўғри келишини ва гувоҳноманинг амал қилиш муддатини текширинг.

Контрагент-якка тартибдаги тадбиркорнинг виждонсизлигига мисол сифатида амалиётдан воқеликни келтирса бўлади – унда юридик шахсни ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари улар тақдим этган ҳужжатларга мувофиқ етказиб бериш шартномасига биноан фирма ва ваколатхоналар томонидан офис эҳтиёжлари учун сотиб олинадиган канцелярия товарлари ёки мебель ишлаб чиқарганлар. Ҳужжатлар текширувида маълум бўлдики, бир қатор якка тартибдаги тадбиркорлар бунга ҳуқуқи бўлмаган ҳолда, фақат юридик шахсларга алоҳида лицензия асосида рухсат берилган ноқонуний улгуржи савдо фаолиятини юритиб келганлар. Яъни битим тарафлари томонидан ўз мажбуриятларини бажариш муносабати билан расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларда товарлар (ишлар, хизматлар) номи устунида импорт канцелярия жиҳозлари ва мебель мажмуалари номлари кўрсатилган.

Савдо фаолияти билан ноқо­нуний шуғуллангани учун якка тартибдаги тадбиркор молиявий ва жиноий жавобгарликка тортилади, фирма эса мазкур далил бўйича ўзининг алоқадор эмаслигини ёхуд хабарсизлигини исботлаши лозим бўлади, зеро хабарсизлик жавобгарликдан озод этмайди.

Олег ДАМИНОВ,

бошқарувчи шерик.

Екатерина АДЕЕВА,

 

“BAKER TILLY Uzbekistan” аудиторлик-консалтинг

компаниялари гуруҳининг юрисконсульти.

 

 


 _____________________________

 

1Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати (Олий Мажлиснинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарори билан тасдиқланган).

 

2Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирувчи ҳудудий (вилоят, вилоятлараро ва туманлараро) базалар истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 27.03.2006 йилдаги 52-сон қарорига 2-илова) 7-банди.

Прочитано: 2523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика