Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 42 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Депутатлар долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

СУДЛАРГА ЭЪТИБОР

Депутатлар корпуси “Суд тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги низомни (янги таҳрири) тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда ҳар томонлама муҳокама этди.

Суд тизими фаолиятини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муҳокамасида депутатлар суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидладилар. Президентимизнинг “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги фармонларининг қоидаларига мувофиқ  тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатасига киритилди. 

“Судьяларнинг малака ҳайъат­лари тўғрисида”ги низомни (янги таҳрири) тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳасида судьялик лавозимига номзодларни танлаш, тайёрлаш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тизимини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар назарда тутилган.

 

БЮДЖЕТ КОДЕКСИ

ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Қонунчилик палатаси  “Ўзбе­кистон Республикасининг Бюд­жет кодексини тасдиқлаш тўғ­рисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Парламент аъзолари муҳо­кама чоғида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида миллий молия тизими яратилганини, ушбу соҳада юз бераётган ўзгаришларга боғлиқ ҳолда ривожланган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база яратилганлигини таъкидладилар. Ҳозирги вақтда бюджет жараёни алоҳида нормаларнинг фарқ қилишига олиб келадиган ҳамда уларни амалга оширишни мураккаблаштирадиган кўп сонли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Хусусан, давлат бюджетини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва ижро этиш масалалари 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Бюджет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунлари билан тартибга солинади.

Мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган модернизация ва либерализация жараёнлари амалиётда мавжуд бўлган зиддиятларни, эскирган нормаларни бартараф этувчи ҳамда янги мақсадлар ва вазифаларга мослаштирилган, шунингдек халқаро андозалар ва амалиётга мувофиқ келадиган бюджетларни режалаштириш ҳамда ижро этишнинг янги ёндашувлари ва усулларини жорий этишни таъминлайдиган ягона қонун ҳужжатини жорий этишни талаб қилади.

Шу муносабат билан қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва бюджет жараёнининг ягона қонунчилик базасини яратиш, миллий бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқлаштириш мақсадида бюджет қонунчилиги инвентаризация қилинди, мамлакатимизнинг Бюджет кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Депутатларнинг фикрича, Бюджет кодекси лойиҳасида молия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз аксини топган. Бюджетнинг ғазна ижросига ўтиш (ягона ғазна ҳисобини юритиш), янги бюджет таснифини жорий этиш, дастурий бюджетлаштириш, ҳисоб-китоб ва ҳисобот шундай ислоҳотлар сирасига киради.

Умуман олганда, кодекс пировардида давлат молияларини бошқаришнинг самарали механизмига айланиши кераклиги билдирилди. Чунки барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ягона ҳужжатга бирлаштирилади. Депутатларнинг фикрича, Бюджет кодекси бюджет жараёнининг барча босқичларида уни янгича ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлибгина қолмай, балки давлат ҳокимиятининг барча даражалари мустақиллигини ва жавобгарлигини оширади, шунингдек давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлиги ҳамда шаффофлигини таъминлайди.

“Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишда қонун ҳужжатларини, масалан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларнинг айрим қоидаларини, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Солиқ кодексларини Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқлаштириш ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади ҳисобланиши таъкидланди. Шунингдек мазкур қонун лойиҳаси “Бюджет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутади.

Парламент аъзолари ҳар томонлама муҳокамалардан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Қонунчилик палатаси томонидан барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати материали асосида тайёрланди.

 

Прочитано: 2255 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика