Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 40 / Божхона

“Етарли бўлмаган” қиймат

Фирмамиз товарларни Жанубий Кореядан импорт қилди. Контракт суммасига асосланган ҳолда биз туркумнинг божхона қийматини олиб кирилаётган товар билан битим баҳоси бўйича божхонада баҳолашнинг асосий усулини қўллаган ҳолда белгиладик. Божхона постида рақамни пасайтириб кўрсатилган деб ҳисоблаб, қўшимча ҳужжатларни талаб этишди. Биз уларни тақдим этдик, лекин бу ҳужжатларни ҳам божхона қийматини тасдиқлаш учун етарли эмас дейишди ҳамда баҳолаш усулига тузатиш киритишди. Бизга қўшимча божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини юкладилар.

Менинг тажрибамда бунга ўхшаш ҳолат юз берганди. Божхоначилар маълумотлар етарли эмас деб ҳисобласалар, олиш маҳол бўлган, ҳатто баъзида қўлга берилмайдиган ҳужжатларни ҳам тақдим этишни импортчидан талаб қилишади. Бу уларнинг ҳуқуқи бўлиб, у ҳеч нарса билан чекланмаган. Натижада импортчининг моли туриб қолади, омборхонада сақлашга қўшимча чиқим қилади ва фойдани қўлдан чиқаради. Мисол учун, менинг танишимдан қўшимча ҳужжатлар қаторида товарнинг сифат сертификатини талаб қилишган. Танишим сертификатдан ташқари барча ҳужжатларни тақдим этган. Божхоначилар ҳужжатларни божхона қийматини тасдиқлаш учун етарли эмас деб ҳисоблаб, унга тузатиш киритишган. Аслида сифат сертификатининг мавжуд бўлиш-бўлмаслиги товарнинг божхона қийматига таъсир ўтказмайди.

Айтишларича, импортчи товарларни божхоначиларнинг шартли баҳоси билан олиб чиқиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин экан, лекин бу ҳолда солиқ тўловлари бўйича чиқимлар юзага келади. Бунинг бошқа нохуш томони ҳам бор. Судга мурожаат қилинган тақдирда, суд импортчи аввалбошдан товарлар шартли баҳода чиқарилишига ҳужжатни тўлдириб, шундай баҳолашга рози бўлган деб ҳисоблаб, божхона киритган тузатиш юзасидан баҳслашишдан воз кечиши эҳтимоли катта. Оқибатда божхона қийматига тузатиш киритилиб, божхона тўловлари ортиқча тўланишига олиб келади. Тўғри, кўпинча бу суммалар рамзий бўлиб, импортчиларнинг божхоначилар ҳаракатлари устидан шикоят қилиш харажатларидан ошмайди. Шу туфайли улар одатда бу сингари кичик тузатишларга рози бўлиб қўя қоладилар. Бироқ, бир хил ёки айнан ўхшаш товарларнинг қийматига сезиларли даражада тузатишлар киритилиши натижасида салмоқли чиқимлар юзага келгудек бўлса, нима қилиш керак? Судга мурожаат қилиш эса ўзига қимматга тушади. Божхоначиларда тақдим этилган маълумотларнинг нафақат “етарли эмаслиги”, балки “ишончсизлиги” туфайли тузатиш киритишга асос юзага келмаслиги учун  қандай ҳимояланиш, қандай ҳужжатларга эга бўлиш лозим?

Л.Хўжаева.

 

– Божхона қийматига тузатиш киритиш биргина бизнинг мамлакат божхона амалиётига хос бўлган ноёб ҳодиса эмас. Давлат бюджетини тўлдиришнинг мазкур оммалашган ва таъсирчан дастагидан дунё божхона тизимида фойдаланиб келишади. Божхона йиғимларини ошира бориб, уларни ҳақиқий нархларига яқинлаштириб ва ҳаққоний бўлмаган маълумотларга асосланган божхона расмийлаштирувига қарши кураша бориб, улар ўзларининг асосий вазифаларидан бири – фискал вазифани бажарадилар.

Қоида тариқасида, тақдим этилган ҳужжатлар пакетида “маълумотларнинг етарли эмаслиги” ёки “ишончсизлиги” тузатиш киритишга асос бўлади. Товарлар қийматини қайта ҳисоблашда божхоначилар нималарга таянишади, бу вазиятларда қандай йўл тутиш лозим?

 

УСУЛЛАР АСОСИДА

Олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб баҳолаш усули товарлар божхона қийматини белгилашнинг асосий усули ҳисобланади (“Бож тарифи тўғрисида”ги Қонун1 17, 18-моддалари, кейинги ўринларда – Қонун), бунда қиймат асосида тузилган битимлар бўйича божхона қиймати сифатида ҳақиқатдаги нарх, яъни харидор томонидан ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нарх қабул қилинади. У биринчи усул билан фақат декларацияда кўрсатилган барча элементлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган (битим нархи – етказиб бериш ҳақи тўланганлигига оид ҳисобварақ-фактура билан; битим қийматига қўшимча ҳисоблашлар – тўлов, товарга илова қилинувчи, тижорат ҳужжатлари билан; харажатларнинг ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) суммалари -  тўлов, товарга илова қилинувчи, тижорат, божхона ҳужжатлари билан) тақдирдагина белгиланиши мумкин.

Агар бирор сабаб билан мазкур усулдан фойдаланиб бўлмаса, божхона қийматини белгилашнинг бошқа усуллари қўлланилади. Бироқ олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини декларант қайси усул билан ҳисоб-китоб қилганидан қатъи назар, божхоначилар кўпинча уни пасайтириб кўрсатилган деб ҳисоблашади. Божхоначилар унга оширилиш томонга тузатиш киритилишидан манфаатдор бўладилар: қиймат қанча юқори бўлса, божхона тўловлари ҳам шунча кўп бўлади. Товарларни расмийлаштириш чоғида, ўзингиз ҳам эътироф этганингиздек, импортчилар инспекторлар билан низолашишни исташмайди, шунинг учун талаб этилаётган тузатишни киритишади. Лекин уларнинг йўриғига тушиб олиш керак эмас, балки БЮДда кўрсатилган божхона қийматини асослаш имконини берадиган ҳужжатларни барвақтроқ тайёрлаб қўйиш мақсадга мувофиқроқдир.

 

ТЎҒРИЛИГИНИ ИСБОТЛАШ – АМАЛДА МУМКИН ЭМАСМИ?

Божхоначилар божхона қийматига тузатиш киритишни талаб қиладиган муҳим важлардан бири тақдим этилаётган ахборотнинг “ишончсиз” борасида бўлади. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ишончсизлик аломатлари таърифланмаган. Фақат Қонуннинг 12-моддасида БЮДда кўр­сатилган қиймат ва уни аниқ­лашда қўлланиладиган маълумотлар тўғри ва ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотларга асосланиши лозимлиги қайд этилган. Улар мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва декларациялаш тартиби тўғрисида низом2 божхона органларининг айнан ёки шунга ўхшаш товарлар бўйича уларда мавжуд бўлган ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини назарда тутади. Божхоначилар бундан фаол равишда фойдаланадилар. Ўз манбалари – маълумотномалар, Интернет, статистик маълумотлар ва бошқаларга таянган ҳолда декларант томонидан тақдим этилган ахборотни ишончсиз деб тан оладилар. Аслида улар асосланаётган баҳолар, қоида тариқасида, чакана нархлар бўлади ёхуд чегирмалари ҳисобланмаган ҳолда кўрсатилади.

Шунингдек, агар божхонада олдин олиб кирилган айнан ёки шунга ўхшаш товарнинг анча юқори нархлари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлса, контрактда кўрсатилган нархни божхоначилар пасайтириб кўрсатилган деб ҳисоблашлари мумкин. Бу ҳолда импортчи БЮДда кўрсатилган қиймат шунга ўхшаш товарларнинг нархлари билан солиштириб бўлмайдиган якка тартибдаги қиймат эканлигини, прайс-варақлардаги умумлаштирилган маълумотлар эса муайян контрактдаги маълумотларнинг ишончсизлигини кўрсатиши мумкин эмаслигини исботлаши керак. Зеро, битим нархига нафақат базавий прайс-варақ, балки контрактнинг жами шартлари таъсир кўрсатади. Қисқаси, божхоначиларга ўзингизнинг ҳақлигингизни исботлаш осон иш эмас.

 

ҚИЙМАТНИ ТАСДИҚЛАШ УЧУН

Шу туфайли божхона қийматини асослаш учун импортчи асосий ҳужжатларга товар жўнатувчи-сотувчи мамлакатда расмийлаштирилган экспорт декларациясининг нусхасини илова қилса ёмон бўлмасди. Декларация жўнатувчининг ўзи, агар бунинг имкони туғилса, сотувчи мамлакатнинг божхона органи томонидан ҳам тасдиқланган бўлиши керак. Бу товар мамлакатдан айнан БЮДда кўрсатилган нархда экспорт қилинганлигини тасдиқлаш имконини беради. Бундан ташқари, арз қилинган товарнинг бозор қийматини тасдиқлаш ҳам мумкин, бунинг учун сотувчи мамлакат Савдо-саноат палатасининг тегишли маълумотномасини тақдим этиш керак  бўлади. Олиб кирилаётган товарнинг нархлари тўғрисидаги биржа маълумотлари, шунингдек декларант томонидан айнан БЮДда кўрсатилган сумма тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳам фойда бериши мумкин.

БЮДда арз қилинган қийматни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Рес­публикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва назорат қилиш қоидаларида3 келтирилган. БЮД ва божхона қиймати декларациясидан ташқари, уларга қуйидагилар киради: товарни олиб ўтувчи шахснинг таъсис ҳужжатлари; шартнома (контракт) ва унга қўшимча битимлар (агар улар назарда тутилган бўлса); ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва банк тўлов ҳужжатлари (агар тўлов амалга оширилган бўлса) ёки ҳисобварақ-проформа (шартли қийматли битимлар учун), шунингдек товар қийматини тасдиқловчи бошқа тўлов ва (ёки) бухгалтерия ҳужжатлари. Шунингдек зарур ҳолларда транспорт ва суғурта ҳужжатларини (агар улар мавжуд бўлса, етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб); юклаб жўнатиш учун ҳисоб ёки транспорт харажатларининг расмий тасдиқланган калькуляциясини (агар улар ҳисобварақ-фактурага киритилмаган бўлса); жўнатувчи мамлакатнинг божхона декларациясини (агар мавжуд бўлса) тақдим этиш керак бўлади.

Бундан ташқари, божхоначиларнинг сўровига асосан декларант қўшимча маълумотларни ҳам тақдим этиши керак, уларнинг рўйхати анча кенгдир. Булар – битимга алоқаси бўлган учинчи шахслар билан контрактлар; сотувчининг фойдасига уларга тўловлар, шунингдек баҳоланувчи товар битимига алоқаси бўлган воситачилик, брокерлик хизматлари учун ҳисобварақлар; бухгалтерия ҳужжатлари; лицензия ёки муаллифлик битимлари; экспорт (импорт) лицензиялари; омборхона квитанциялари; етказиб беришга буюртмалар; тайёрловчи фирмаларнинг каталоглари, спецификациялари ва нархлар прейскурантлари (прайс-варақлар); тайёрловчи фирманинг баҳоланаётган товар учун калькуляцияси (агар фирма уни харидорга беришга рози бўлса) ва божхона қиймати декларациясида арз қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун фойдаланилиши мумкин бўлган бошқа ҳужжатлар.

Аксарият ҳолларда импортчи талаб қилинаётган ҳужжатларнинг барчасини тақдим эта олмайди, сабаби уларнинг кўпчилиги сотувчи хорижий компаниянинг тижорат сирини ташкил этувчи ички ҳужжатлари ҳисобланади. Бироқ буларнинг ўрнига у олиб кирилаётган товар қийматини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни тақдим эта олса, бу унга БЮДда кўрсатилган қийматни божхонада ҳам, судда ҳам асослаб беришга ёрдам беради. Шу ўринда судда товарнинг битим баҳоси бўйича кирим қилинганлиги тўғрисида бухгалтерия ҳисобварақларини тақдим этиш орқали арз қилинган божхона қийматининг тўғрилигини бемалол исботлаб бериш мумкин дея оламиз.

Божхона қийматига тузатиш киритиш бўйича божхона амалиётининг ўзига хосликларини ҳисобга олиб, товарларни хорижда харид қилаётгандаёқ уларнинг нархини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тўлиқ жамланмасига эга бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Божхонада баҳолаш чоғида муаммо вужудга келганда юқори турувчи божхона органи ёки судга шикоят қилишдан чўчимаслик керак. Божхона қийматига тузатиш киритиш билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг олдини олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

 

129.08.1997 йилдаги 470-I-сон.

2ВМнинг 19.09.2007 йилдаги 198-сон қарори билан тасдиқланган.

3ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.02.2000 йилда 899-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Прочитано: 2309 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика