15 октябрда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш муддати тугайди.
Пенсионер аёл Тошкентнинг турли туманларида жойлашган иккита квартирага эга: майдони 50 кв.м бўлган биринчи квартира Чилонзор туманида, иккинчиси эса (мерос қолдирилган) 64 кв.м майдонга эга бўлиб, Миробод туманида жойлашган.
Мазкур квартиралардан мол-мулк солиғи қандай ҳисоб-китоб қилинади ва тўланади?
Мол-мулк солиғи бўйича пенсионерлар учун белгиланган солиқ солинмайдиган энг кам миқдорни қандай қўллаш мумкин?
– Сиз мол-мулк солиғи солинадиган иккита объект – иккита квартира мулкдори саналасиз. Солиқ солишнинг бир нечта объектларига доир тўловларни битта жисмоний шахс тўлаган ҳолда солиқ ҳар бир объект бўйича алоҳида тўланади. Пенсионерга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулкка (хусусан, квартира, турар жой, дала ҳовли ва бошқа қурилмалар) солиқ солинмайдиган майдон - 60 кв.м ўлчами доирасида мол-мулк солиғи солинмайди (Солиқ кодекси 275-моддасининг 5-банди; Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори 18-иловасига изоҳнинг 2-банди). Икки ва ундан ортиқ мол-мулк объектлари бўлганда, мулкдорнинг танловига қараб фақат битта объектга имтиёз қўлланилади, қолганларидан солиқ мол-мулкнинг инвентаризация қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб тўлиқ суммада тўланади.
Сизнинг ҳолатингизда имтиёз қайси квартирага қўлланилишини танлаш лозим. Агар у майдони 50 кв.м бўлган квартирага қўлланилса, майдони солиқ солинмайдиган энг кам миқдордан камлиги сабабли ундан солиқ тўламайсиз. Агар имтиёз майдони 64 кв.м бўлган квартирага қўлланилса, мол-мулк солиғи суммаси имтиёзни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги формула асосида аниқланади:
(Қ умум. – (Қ умум. / S умум.) х 60 кв.м) х М,
бу ерда:
S умум. – мол-мулк эгаллаган майдоннинг умумий ўлчами;
Қ умум. – мол-мулкнинг умумий инвентаризация қиймати;
М – мол-мулк солиғи ставкаси, мол-мулк объекти майдони ва жойлашган жойига қараб аниқланади. Агар солиқ солиш объекти майдони 200 кв.метргача бўлган квартира ҳисобланса, у ҳолда 1,04%лик ставка қўлланилади.
Иккала вариантни мисолда кўриб чиқамиз.
Пенсионер иккита квартирага эга:
биринчиси – майдони 50 кв.м, инвентаризация қиймати 4 000 минг сўм;
иккинчиси – майдони 64 кв.м, инвентаризация қиймати 5 000 минг сўм.
Инвентаризация қиймати кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи орган (Ергеодезкадастр давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари) томонидан 1 январь ҳолатига кўра белгиланади. Мисолда у шартли берилган.
Агар имтиёз майдони 50 кв.м бўлган квартирага қўлланилса, йиллик солиқ суммаси майдони 64 кв.м бўлган квартирадангина ҳисобланади ва:
5 000 х 1,04% = 52 минг сўмни ташкил этади.
Имтиёз майдони 64 кв.м бўлган квартирага қўлланилса, ҳар бир квартира бўйича солиқ алоҳида ҳисоб-китоб қилинади.
Майдони 50 кв.м бўлган квартирадан солиқ тўлиқ миқдорда тўланади:
4 000 х 1,04% = 41,6 минг сўм.
Майдони 64 кв.м бўлган квартирадан солиқ солиқ солинмайдиган энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:
(5 000 – (5 000 / 64 кв.м) х 60 кв.м) х 1,04% = 3,25 минг сўм.
Иккинчи ҳолатда жами йиллик солиқ суммаси қуйидагига тенг бўлади:
41,6 + 3,25 = 44,85 минг сўм.
Мазкур ҳолатда майдони 64 кв.м бўлган квартира бўйича имтиёзни қўллаб, 50 кв.метрлик квартирадан мол-мулк солиғини тўлиқ миқдорда тўлаган фойдали кўринади.
Ҳар бир ҳолатда муайян вариантнинг фойдалилиги квартиралар майдони ва уларнинг инвентаризация қийматига боғлиқ бўлади.
Солиқни мол-мулк объекти жойлашган жойдаги ДСИ ҳисоб-китоб қилади. Сиз мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни қўллаш учун Тошкент шаҳридаги Чилонзор ёки Миробод туман ДСИга мурожаат қилишингиз лозим. Имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсия гувоҳномаси тақдим этилади.
Жавобни “Norma Ekspert” мутахассислари тайёрладилар.