Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг (20.09.2013 йилдаги ПҚ-2042-сон)* мазмун-моҳияти унинг номидаёқ мужассам топган. Ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатимизда юқори интеллектуал соҳанинг янада гуркираб ривожланиши, “ақлли маҳсулотлар” ишлаб чиқарилиши фаоллашувини таъминлаб беради.
Хусусан, ПҚ-2042-сон қарор билан дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар 2017 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл фондига ва бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилдилар. Дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчи юридик шахслар улар Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар миллий реестрига киритилгандан кейин ушбу солиқ имтиёзларини қарор қабул қилинган санадан бошлаб қўллай оладилар (қарорда унинг тузилишига 2 ой ажратилган).
Шу тариқа, имтиёзларни қўллаш санаси бўлиб юридик шахснинг Миллий реестрга киритилиш санаси ҳисобланади. Ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва сотишдан олинган даромадлари улар сотган товарлар умумий ҳажмининг камида 50%ини ташкил этадиган дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари ихтиёрий ва бепул асосда унга киритилади.
Шундай қилиб, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқувчилар Солиқ кодексининг (СК) 23-моддасида назарда тутилган қайси солиқларни тўлашдан озод этиладилар? Бунда барчаси улар танлаган солиқ солиш тизимига боғлиқ. Масалан, умумбелгиланган солиқ солиш тизимини қўлловчи ишлаб чиқувчилар қуйидаги солиқлардан озод этиладилар:
1) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
2) қўшилган қиймат солиғи;
3) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
4) мол-мулк солиғи;
5) ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
6) ер солиғи.
Шунингдек, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар Республика йўл фондига ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилганлар.
Ягона солиқ тўловини тўловчилар уни тўлашдан озод этилдилар.
Агар “дастурчилар”нинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50%ини ташкил этса, солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати 2 йилга узайтирилади.
Дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларида қуйидагиларни ушлаб қолиш мажбурияти сақлаб қолинади:
● тўлов манбаида солиқларни (норезидентларга дивидендлар, фоизлар, тўловлар тўланган тақдирда);
● жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
● суғурта бадалларини;
● Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан амалга ошириладиган оборотлар бўйича қўшилган қиймат солиғини;
● ягона ижтимоий тўлов ва давлат божини.
Тақдим этилаётган имтиёзлар мақсадли хусусиятга эгадир, яъни солиқ солишдан бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш назарда тутилади. Шу тариқа, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари улар озод этилиши белгиланган солиқ ва мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб ёзишлари, лекин уларни бюджетга тўламай, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, ходимларни рағбатлантиришга йўналтиришлари шарт. Имтиёзларни ҳисобга олиш Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом1 билан тартибга солинади.
Шунингдек, қарорда, СКнинг 159 ва
356-моддаларида назарда тутилгани каби, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар миқдорига фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича янги технология ускуналарини харид қилиш чоғида солиққа тортиладиган базани камайтириш ҳуқуқи берилаётир. Мазкур имтиёзни қўллаш ҳам Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низом2 билан тартибга солинади.
Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларига нисбатан Президентнинг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонининг (5.01.2006 йилдаги ПФ-3706-сон) амал қилиши ҳам муҳим имтиёзлардан ҳисобланади. Бу касаначилар меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қисмида ЯИТ тўлашдан озод этиладилар деганидир.
Шу билан бирга қарор сифатли, рақобатбардошли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан мамлакатимиз ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган бошқа преференциялар ҳам назарда тутилган.
*“СБХ”нинг 2013 йил 1 октябрдаги 39 (999)-сони ҳужжатлар пакетида чоп этилган.
1МВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МВ, ИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Дилшод СУЛТОНОВ, экспертимиз.