Norma.uz

1000-сон қўлингизда!

Бугун газетамизнинг 1000-сони дунё юзини кўрди. Ушбу рақамга етиб келиш учун бизга деярли 20 йил керак бўлди (эслатиб ўтамизки, бизнинг ҳафталик нашримиз 1994 йилнинг январидан чиқа бошлаган).

 

Бизнинг ниҳоятда омадимиз чопган. Чунки газетанинг илк сонлариданоқ бизнинг  барқарор, эътиборли, оқил, умумий касбий қизиқишлар ва фақатгина бухгалтерларга хос профессионал руҳ уларни бирлаштириб турадиган ўқувчиларимиз доираси белгилаб олинган эди.

Шунинг учун 20 йиллик давр оралиғида “СБХ” ва “НТВ”нинг асосий вазифаси  кўп сонли ўқувчиларимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш, қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларга аниқ ва тезкор муносабат билдириш, улар талабларини тушунтиришдан иборат бўлди. Бу вазифани бажарар эканмиз, биз газетани нафақат фойдали, балки қизиқарли бўлишига ҳам ҳаракат қилаётирмиз.

Ўқувчиларимиз билан мулоқотларда шу нарса маълум бўладики, улар бизни кўпроқ самимиятимиз, ҳуқуқ соҳасида содир бўлаётган янгиланишларга ­эътиборлилигимиз, муайян вазиятларда қонунчиликка мувофиқ қандай ҳаракат қилиш лозимлиги бўйича маслаҳатлар беришга тайёрлигимиз учун хуш кўришади. Бу эса катта масъулият бўлиб, уни биз мудом ҳис этиб турамиз.

1000-сонни чиқарар эканмиз, биз бундан кейин ҳам узоқ йилларга сизнинг суҳбатдошингиз, маслаҳатчингиз ва XXI аср ахборот маконида ҳамкорингиз бўлиб қолишни истаймиз.

 

ЁДИНГИЗДАМИ, ҚАДРЛИ ЎҚУВЧИ?..

 

Газетамизни ташкил этиш ғояси журналистлардан эмас, балки ёш иқтисодчилардан чиққан эди. Бозор иқтисодиётининг янгича муҳитида ишлаш йўлларини қидирар эканлар, улар алоҳида аҳамиятга эга ахборот – тадбиркорлар учун норматив-ҳуқуқий ахборотнинг танқислигини чуқур ҳис этардилар.

90-йилларнинг бошларида молия-хўжалик фаолиятини юритиш қоидалари тез-тез ўзгариб турар эди. Амалиётда қўлловчилар қўлига етиб бормасданоқ ҳужжатлар пайдар-пай ўзгариб, алмашиб турарди. “Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди” деган принцип эса ўта долзарб эди.

Ана шу вақтда турли қонуности ҳужжатлар, идоравий йўриқнома хат ва тушунтиришларни тезкор чоп этадиган газетани ташкил этиш ғояси юзага келди. Матбуот­нинг кўплаб дарғалари бундай нашрни очиш тўғрисида гап кетса қўлларини силташар эди:

– Газета бундай қилинмайди!

– Нега энди, - деб таажжубланарди ташаббус­корлар.

Профессионал журналистлар орасида хайрихоҳликни тополмаган иқтисодчилар ўз ҳамфикрларини Давлат солиқ қўмитадан топишади, бу ерга улар янги давр – бозор муносабатлари даври газетасини чиқариш таклифи билан келишган эди. Шундай қилиб, 1993 йилда “Налоговый вестник Узбекистана” (“Ўзбекистон солиқ хабарномаси”) газетаси давлат рўйхатидан ўтказилди, 1994 йилнинг январида эса унинг илк сони дунё юзини кўрди. Меъёрий-ҳуқуқий ахборот изидан борар экан, газета ташкилотчилари вазирлик ва идораларда алоқаларни ўрната бошлашди. Янги ноширларни йўриқнома, ҳисобот бланкалари, мурожаатларга жавоблар, юқори турувчи органларнинг қуйи органларга мўлжаллаган хизмат хатлари қизиқтирар эди. Солиқ солиш тартиби, бухгалтерия ҳисоби, хўжалик юритишнинг барча қоидалари тўғрисида қаерда қандай гап кетса, ҳаммаси янги нашр саҳифаларида чоп этила бошланди.

Йўл-йўлакай материални беришнинг тушунтириш, ўқитиш сингари янгидан-янги шакллари ўзлаштира бошланди. Баъзида бу “жанрлар” қўққисдан пайдо бўлиб қолар эди.

1995 йилда бутун таҳририят ДСҚ биносининг биринчи қаватидан ажратиб берилган биргина хонада жойлашган (бугунги кунда Абай кўчасининг 4-уйидаги мазкур бинода Тошкент шаҳар ДСБ ишламоқда). Материал бериш учун биргина компьютер ҳамманинг хизматида бўлган.

Кунларнинг бирида таҳририят масъул котиби ДСҚ бухгалтерия ҳисоби услубияти бошқармасининг ходимасини учратиб қолади, у ксероксдан чиқарилган бир даста қоғозларни кўтариб олган экан.

– Солиқ инспекцияларидан даромад солиғи шкаласини қўллаш бўйича кўплаб саволлар келиб тушмоқда, - деди ходима масъул котибнинг бирор янгиликлар борми деб берган саволига жавобан. – Мана шунинг учун биз ҳисоб-китобга мисолларни тайёрлаб қўйдик. Уларнинг ксеронусхаларини кўпайтириб олдим, энди барча инспекцияларга тарқатамиз. Инспекциялар эса бухгалтерларга ўзлари тушунтириб бераверадилар.

– Келинг, шуни биз газетамизда чоп этамиз, – таклиф киритди масъул котиб.

Шу тариқа “НТВ”нинг 1995 йилдаги ўн иккинчи сони учинчи саҳифасининг пастки бурчагида “Даромад солиғи ставкалари” ва “Март ойида солиқ ставкалари” пайдо бўлди. Бугунги кунда ушбу “булоқдан сув ичган” “Жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби услубияти” ҳар ойда газетамизнинг уч полосасини эгаллайди. У нафақат “СБХ” ўқувчилари, балки худди шундай тушунтиришни тайёрлайдиган бошқа нашрлардаги ҳамкасблар орасида ҳам маълуму машҳур.

Омма яхши танийдиган “Календарь налогоплательщика” (“Солиқ тўловчининг тақвими”) деган рукннинг пайдо бўлиш тарихи ҳам ўзига хос. У ҳам илк бор 1995 йилда дунё юзини кўрган (“НТВ” 34 (58)-сон). Унинг ғояси мухбир Изослав Любовскийнинг қизиқувчанлиги натижасида пайдо бўлган. Мухбир Шайхонтоҳур туман ДСИ ҳисоботлар, ҳисоб-китоблар ва балансларни қабул қилиш бўйича бўлим бошлиғи Т.И.Орешинанинг иш столида жорий ойда ДСИга ҳисоботларни топширишнинг сўнгги кунлари ёзилган варақчага эътибор қаратди. Газета биринчи саҳифасининг бир колонкасидан бошланган бизнинг Тақвим икки полосага довур ўсиб кетди ва босма ҳамда электрон шаклда турдош нашрлар саҳифаларидан ўрин эгаллади.

Таҳририят қозонида қайнаган кўпгина “масаллиқлар”ни хотирласа бўлади. Лекин яхшиси бугун муштарийларимиздан бири – Наманган вилоятининг савдо-саноат концерни раҳбарининг биринчи ўринбосари А.Убайдуллаеванинг газетамиз тўғрисидаги фикрини эслайлик: “СБХ” нафақат тадбиркор ва ташкилотлар учун мазмунан бой ҳисобланади. Сизнинг газета – амалий жиҳатдан фойдали газетадир. Унда бекорчи гаплар, кераксиз мулоҳазалар йўқ, фақат амалий, аниқ, фойдали материаллар чоп этилади. Мен газетани ишбилармон кишиларнинг столида турадиган амалий қўлланмаси деб атаган бўлардим...”

Бу фикр янграганига 18 йилдан ошди, у газетанинг 100-сонида чоп этилган. Бугунги ўқувчиларнинг газетамиз ҳақидаги фикр-мулоҳазалари қандай?

 

Газета полосаларининг узунлиги (4 та туташ ички бетлар = 2,28 м) = 42 601 км

(экваторнинг узунлиги – 40 075,7 км).

 

Жами

18 684 692 нусхадаги «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Налоговые и таможенные вести» газеталари чиқарилган.

 

Уларнинг вазни

840,811 тоннани ташкил этади (Boeing 747-8нинг оғирлиги - 154 т).

 

Газеталар тахламининг баландлиги (200 нусха – 34 см) –  31 764

метр (Эверест (Жомолунгма) – 8 848 м.).

 

Газета материалларининг майдони

(иловаларсиз) (16 полосанинг майдони – 19 200 кв.см). 35 874 609 кв.м = 3 587 гектар = 35,9 кв.м. Чорвоқ омборининг майдони – 37 кв.км.

Уларда 20 000 дан ортиқ материаллар чоп этилган (меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобламаганда).

 

 

Бизни қутлайдилар!

 

А.АЛЯКРИНСКАЯ, “Рута” ХФ директори:

– “НТВ” ва “СБХ”нинг ҳурматли ходимлари!

Газетангизнинг 1000-сони чиқиши муносабати билан самимий табригимизни қабул қилгайсиз. Сизнинг газетангиз ўзининг қарийб йигирма йиллик тарихи мобайнида ўзига хос хусусиятга эга бўлди: вазмин, мулоҳазакор, синчков ва тиришқоқ. Сизнинг ҳафталигингиз Ўзбекистон матбуот майдонида нафақат мустаҳкам ушланиб турибди, балки мамлакатимизнинг ҳамма бурчакларида ишончли дўстлар орттирган ҳолда олдинга қараб интилиб бормоқда.

Ҳурматли “СБХ”чилар! Сизнинг меҳнат-машаққатингиз эвазига 1 000 та сон аввал бошланган эксперимент омадли кашфиёт бўлди. Нашрингиз бундан буён ҳам ишбилармонлар орасида доно маслаҳатчи ва ишончли сарбон бўлиб қолаверсин.

Барча газета ижодкорларига мустаҳкам соғлиқ ва битмас-туганмас илҳом, ўзингиз ва яқинларингизга бахт тилайман.

 

И.ЛЯМЗЕНКО, “INTERTICH” МЧЖ бош бухгалтери:

– Бизнинг компаниямиз қарийб 10 йилдан буён “Налоговые и таможенные вести”нинг обуначисидир. Нашр бизга кўп соҳада – солиқларни ҳисоблаш, бухгалтерия ҳисоби масалаларини ҳал этиш, амалий ишларда қимматли маслаҳатларни олишда ёрдам беради.

“НТВ” газетасининг 1000-сони чиқарилиши билан муборакбод этамиз. Сиз минглаб одамларнинг ишончини қозониб, ҳақиқатан ҳам залворли довонларни босиб ўтдингиз. Бу осон иш эмас. Аминмизки, сиз бундан кейин ҳам қизиқарли ва ёрқин нашрлардан бўлиб қоласиз ва янгидан-янги муштарийларга эга бўлган ҳолда ўз аудиториянгизга энг янги ва фойдали ахборотларни етказиб бераверасиз.

 

А.ЛАИШЕВА, “BOCHKA S MYODOM” МЧЖ бош бухгалтери:

– “Налоговые и таможенные вести” газетаси доим бизга ҳамроҳ, у офисда чироқ ёки Интернет бўлмаган тақдирда ҳам бизга керакли ва фойдали ахборотларни тақдим этади. Шунинг учун биз уни яхши кўрамиз ва ҳар қачон унинг доимий обуначилари бўлиб қолаверамиз!

 

 

З.МАТИЁРОВА, “TANHO-MEGA PLUS” МЧЖ бош бухгалтери:

– Сўзсиз, газетангизнинг ҳар бир сонидан керакли ахборотни, кишини қизиқтираётган саволларга жавобларни топса бўлади. Биз билан бирга эканлигингиздан хурсандмиз!

 

Н.ГАЛИМОВА, “MUSHKI ANBAR SAVDO” МЧЖ бош бухгалтери:

– “Солиқ ва божхона хабарлари”, айтиш мумкинки, менинг энг керакли нашримга айланган. Уни варақлар эканман, доимо керакли ахборот, ҳуқуқий ҳамда мени қизиқтирадиган бошқа масалалар бўйича тушунтириш ва маслаҳатларни топаман. Таҳририят ва муштарийларни юбилей сон чиқарилиши билан табриклайман ва барчага омадлар, келгуси ишларда ривож тилайман!

 

 

О.БОНДАРЕНКО, “RKEEPER-Uzbekistan” МЧЖ бухгалтер-кассири.

– Мен Интернетни унча хушламайман. Шунинг учун мамнуният билан “НТВ”ни ўқийман ва солиқ солиш, бухгалтерия ҳисоби бўйича керакли барча ахборотни ундан оламан. Сизнинг газетангиз ёрдам “қўлини чўзган” вазиятлар кўп бўлган. Масалан, бир сафар бизда муаммоли ҳолат юзага келган эди, газетанинг кўмагида биз уни ҳал эта олдик. Борингиз учун раҳмат!

 

 

В.АНТОНОВА, МЧЖ бош бухгалтери:

– Сизнинг газетангиз бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалаларида кўплаб муаммоларни ечишда қўл келади. Деярли барча саволларимга мен “НТВ”дан жавоб топаман.

Муштарийларингиз бахти учун сизга муваффақиятлар тилайман!

 

 

И.АҲРОРОВА, G.V.Plexanov nomli Rossiya Iqtisodiyot Universiteti бош бухгалтери:

– “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасига анчадан буён обуна бўлганмиз. Нашр бизга кўплаб фойдали ва зарурий, энг муҳими - қонунчилик бўйича долзарб ахборотни тақдим этади.

Юбилей сонингиз қутлуғ бўлсин!

 

 

А.ВОРОБЬЁВ, Beeline Uzbekistan молиявий директори:

– Тез суръатларда ривожланиб бораётган телекоммуникациялар бозорида ишлар экан, киши оператив тарзда қарорлар қабул қилиши керак бўлади. Чунки миллионлаб абонентлар учун алоқа ва сервиснинг сифати уларга боғлиқ. Бинобарин, хулосалар чуқур мулоҳазали бўлиши даркор.

Бу ўринда “Налоговые и таможенные вести”нинг мен ва ҳамкасбларимга кўрсатаётган ёрдами бебаҳодир. “НТВ”нинг ўзига хос йўналиши ва таҳлили бизнес-жараёнларни дадил бошқариш, бунда текширилган ахборот ва етакчи экспертлар фикрига таяниш мумкин.

Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчиларидан бири бўлмиш “Билайн”нинг молиячиларига мазкур газета холис хизмат қилиб келаётир. Мен ҳам “НТВ”ни юбилей сони чиқарилиши билан муборакбод этаман!

 

О.ГОЛИШЕВА, “Roison Electronics” МЧЖ ҚК бош бухгалтери:

– Компаниямиз номидан сизни юбилей сон билан қутлаймиз ва ҳамкорлик йилларимиз учун миннатдорчилик билдирамиз! Мамнуният билан сизнинг нашрингизни ўқиймиз ва унинг саҳифаларидан топган фойдали ахборотдан фойдаланамиз! Сизга келгусида омад ва муваффақиятлар тилаймиз!

 

Э.АВАНЕСОВ, “Sovplastital&Tabor” ҚК директори:

– “НТВ” ахборот нашри бўлиш билан бирга, мазмунига кўра у ширин суҳбатдош ҳамдир! Энг муҳими – сиз ҳеч қачон ўз обуначиларингизни унутмайсиз, меҳнат кунларида уларни қувватлаб турасиз, байрам ва таваллуд кунларида илиқ сўзларингизни аямайсиз! Борингизга шукур!

 

З.ИБОДОВ, “ARDUS” МЧЖ ҚК бош бухгалтери:

– “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасидан биз доимо солиқ солиш ва қонунчиликка оид қизиқарли ва ибратли маълумотларни оламиз. Биз нашрга узоқ йиллардан буён ёзиламиз ва катта мамнуният ила сизлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз.

Прочитано: 2560 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика