Norma.uz

Ҳужжатларни текшириш, моддий ёрдам, устамага ҳуқуқ ҳақида...

 

Меҳнат дафтарчамда 18 йиллик стажим бор, 7 йил стажи борлар каби 750 000 сўм тўланади, шу тўғрими? Пенсия 4 йил олдин тайинланган, стажга 2 йил қўшиш учун бирор тўлов қила оламанми? 20 йиллик стаж билан пенсия миқдори юқорироқ бўлади.

 

– Сизга иш стажининг ҳаммаси ҳисобланмаган бўлса керак, чунки 18 йиллик иш стажи учун белгиланадиган пенсия 7 йиллик стажи учун белгиланадиган пенсияга нисбатан ҳар доим юқори бўлади. шунга кўра, сиз Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиб, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинган иш стажи миқдорини аниқлаштиришингиз керак. Ундан кейин сиз пенсияни ҳисоблашда ҳисобга олинмаган иш стажини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингиз керак бўлади.

• уни ҳисобга олиш лозимки, ёшга доир пенсия тайинлангандан кейинги ишлаш вақти пенсияни ҳисоблаш учун стажга қўшилмайди (03.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонун 37-м. 6-қ.).

 

Иш даврларининг ўзаро ҳисобини қандай тушуниш керак ва у қандай қўлланилади?

– Умумий белгиланган пенсияга чиқиш ёшини камайтирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлар, касблар ва лавозимларнинг учта рўйхати мавжуд. Ушбу рўйхатлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚ) билан тасдиқланган.

Иш стажининг ўзаро ҳисобга олиш шарти ходимнинг меҳнат фаолияти турли рўйхатларда турли иш даврларида кечган ҳолларда қўлланилади. 12.03.2012 йилдаги 2337-сон йўриқномага 2-иловада «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлашда махсус стажни жамлаш (ўзаро ҳисобга олиш) жадвали келтирилган. Масалан, киши театр ва бошқа театр-томоша корхоналарининг артисти сифатида 10 йил ишлаган. Ушбу иш тоифаси 1-рўйхатнинг IV қисмида назарда тутилган. Ушбу тоифадаги шахслар ёшидан қатъи назар, 20 йилдан кам бўлмаган ижодий иш стажи бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бироқ ходим қолган 10 йил давомида цирк ва концерт ташкилотларининг артисти сифатида ишлаган. Бу иш тоифаси 2-рўйхатнинг II қисмида назарда тутилган.

Бу иш умумий белгиланган ёшни 10 йилга камайтириб, 20 йилдан кам бўлмаган ижодий иш стажи билан пенсия олиш ҳуқуқини беради.

Иш стажини ўзаро ҳисобга олиш жадвалининг 5-бандига кўра, ушбу ходим 2-рўйхатнинг II қисмига биноан циркларда ва концерт ташкилотларининг артисти сифатида умумий белгиланган ёшни 10 йилга камайтириб пенсия олиш ҳуқуқига эга.

 

Ҳозирги кунда пенсия расмийлаштиришда ҳужжатлар текширувдан ўтадими?

 

– Ҳужжатларни асосланганлиги ва ҳаққонийлиги нуқтаи назаридан текшириш тўғрисидаги қарорни Пенсия жамғармаси бўлими қабул қилади. Текширув ташкилотда ёки тасдиқловчи ҳужжатларни берган архивда ўтказилади.

Текширув натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади.

• уни таъкидлаймизки, қуйидаги манбалардан пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун маълумотлар олинганда Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун мавжуд маълумотларни текшириш тўғрисида қарор қабул қилишига йўл қўйилмайди:

•  жамғариб бориладиган пенсия тизимидан;

•  Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;

•  фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридан, «ЯММТ» ИДАК ва бошқа вазирлик идораларнинг ахборот тизимларидан (13.11.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низом 11-б.).

 

Пенсия тўлов шартлари ўзгарди деб эшитдим. шундайми?

 

– Киритилган ўзгартиришларга кўра (29.10.2024 йилдаги 714-сон ВМҚ) тайинланган пенсия тўлови қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

•  пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда;

•  пенсионер Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб уч ойдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон Республикасига қайтиб келмаганида;

•  муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсия олувчи ишга кирганида;

•  кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсияни етказиб бериш (топшириб) юкланган ташкилот орқали пенсия олинмаганда;

•  пенсионер озодликдан маҳрум этилганда (манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар бундан мустасно);

•  пенсионер руҳий ҳолати бузилган шахслар учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида яшаганда;

•  пенсия тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер ариза ёки сўровнома орқали мурожаат қилганида;

•  суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;

•  ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқни тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда.

Тайинланган пенсияни тўлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилади.

Пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг қонуний вакили Пенсия жамғармаси бўлимига келгандан сўнг ва у ариза тақдим этгандан, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланади (592-сон Низом 159-б.).

 

Пенсия тайинлаш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

 

– Сиз пенсия тайинлашни сўраб яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига шакл бўйича аризани тўлдириб, шунингдек Давлат хизматлари маркази орқали ёки ЯИДХПдан рўйхатдан ўтиб сўровнома тўлдирган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз (592-сон Низом 6-б.).

 

Ҳозир барча ҳужжатлар электрон базада сақланади. Пенсия жамғармаси қўшимча тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлими?

 

– Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсия тайинлаш учун мавжуд маълумотларни текшириш тўғрисида қарор қабул қилишга қуйидагилардан пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур маълумотлар олинганда йўл қўйилмайди:

•  жамғариб бориладиган пенсия тизимидан;

•  Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;

•  фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридан, «ЯММТ» ИДАК ва бошқа вазирлик идораларнинг ахборот тизимларидан (592-сон Низом 11-б.).

Бунда, агар сизга пенсияга устамалар белгиланган бўлса, аризага қуйидагиларни илова қилишингиз шарт:

а) уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахснинг гувоҳномаси;

б) аризачининг 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида ишлаганлиги ва ҳарбий мажбуриятларни бажарганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматчи, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимининг ўлими ҳарбий хизмат мажбуриятларини, ички ишлар органларида ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида хизматни бажариш билан боғлиқ эканлигини тасдиқлайдиган маълумотнома;

г) қуйидаги ҳужжатлар нусхалари:

•  «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

•  фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.

Агар бу ҳужжатлар «ЯММТ» ИДАКда мавжуд бўлса, улар илова қилинмайди (592-сон Низом 16-б.).

 

Қўшнимиз – кам таъминланган оила. Улар моддий ёрдам олиш учун қаерга мурожаат қилиши мумкин?

 

– Моддий ёрдам олиш учун доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар мурожаат қилиш керак. У ариза асосида тайинланади, унга қуйидагилар илова қилинади:

•  ариза берувчи ва оила аъзоларининг паспортлари ёки ID-карталари (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ҳужжатлардан нусхалар кўчирилади, асли қайтарилади);

•  чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ҳужжатлардан нусхалар кўчирилади, асли қайтарилади,

•  болалари васийлик остида бўлган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси;

•  оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалар бўйича маълумоти;

•  ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза. Моддий ёрдам 6 ой мобайнида тўланади (Низом, 21.10.2021 йилдаги 654-сон ВМҚга 1-илова).

 

Менда ID-карта эмас, биометрик паспорт бўлгани учун Пенсия жамғармаси январь учун пенсияни тўламасликка ҳақлими? Биометрик паспортнинг амал қилиш муддати 2027 йилгача эмасми?

 

– Йўқ, Пенсия жамғармаси бундай ҳуқуққа эга эмас. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги биометрик паспорти 2030 йил 31 декабргача амал қилади (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон қарорга илова 3-б.).

 

 Аёлларга 54 ёшдан пенсияга чиқишида ногиронни парвариш қилиш даврлари иш стажига киритиладими?

 

– 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун ногиронни парвариш қилиш даврлари иш стажига киритилмайди. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси «а»–«г»-бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган аёллар 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонун 12-1-м.). Яъни, 54 ёшда пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г»-бандларида назарда тутилган даврлардан жамланган 20 йиллик иш стажи керак. I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври Қонуннинг 37-моддаси «д»-бандида назарда тутилган. шунга кўра, у 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун иш стажига киритилмайди. Лекин ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи 54 ёшдан белгиланганидан кейин иш стажига киритилади.

Масалан, Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г»-бандларига мувофиқ иш стажи 20 йилни ташкил қилган, шу билан бирга I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври 10 йил бўлган. шунга кўра, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажи 30 йилни ташкил қилади. Агар Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г»-бандларига мувофиқ иш стажи 19 йилни ташкил қилган бўлса, 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқи бўлмайди. Тегишли тарзда, I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври ҳисобга олинмайди. Лекин умумий асосларда, яъни 55 ёшдан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлингандан кейин иш стажига киритилади (19 йил + 10 йил = 29 йил).

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда МУСТАҚИЛ ҳаракатлана олмайдиган ва кўчма кассаларда пенсиялар ва бошқа тўловларни олиш имконига эга бўлмаган шахсларга тўловлар бевосита УЛАРНИНГ ЯШАШ  ЖОЙИГА етказиб берилади.

Прочитано: 34 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика