Norma.uz

«Mening fikrim»: жамоавий мурожаатлар учун электрон майдонча

 

Ўзбекистон фуқаролари «Mening fikrim» веб-портали орқали ваколатли давлат органларига электрон жамоавий мурожаат юбориш ҳуқуқига эга. Буни қандай қилиб саводли амалга ошириш янги таҳрирдаги Низомда* белгиланган.

Портал орқали кўриб чиқиш давлат органлари – Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари кенгашлари ваколатига кирадиган мурожаатлар қабул қилинади.

 

Ариза қандай берилади

«Mening fikrim» портали орқали жамоавий мурожаатни 18 ёшга тўлган фуқаро бериши мумкин. Аввал у id.gov.uz веб-сайтида рўйхатдан ўтиши керак. Мурожаат давлат ва бошқа тилларда берилади. Унда таклифнинг моҳияти ва уни амалга ошириш механизмини баён этиш, қайси ваколатли давлат органига йўлланганлигини кўрсатиш керак. Мурожаат берилгандан сўнг фуқарога уни қўллаб-қувватлаш учун камида 5 кишидан иборат гуруҳ томонидан овоз йиғиш учун ҳавола юборилади.

Портал модератори – Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти. Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони (16.04.2020 йилдаги ПФ-5980-сон) билан «Mening fikrim» веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилган.

 

Қандай масалалар мурожаатга киритилиши мумкин эмас

«Mening fikrim» орқали жамоавий мурожаат предмети бўла олмайдиган қуйидаги масалалар белгиланган:

•  Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш тўғрисида;

•  Давлат бюджети ва солиқлар тўғрисида;

•  амнистия ва авф этиш тўғрисида;

•  мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга чақириш тўғрисида;

•  жамиятнинг ахлоқий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи;

•  уруш, зўравонлик, шафқатсизлик тарғиботи, миллатлараро, ирқий, диний адоват қўзғатиш, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилиш тўғрисида;

•  Низомнинг 11-бандида кўрсатилган бошқа масалалар.

 

Экспертиза ва овоз бериш муддатлари

15 иш куни ичида модератор мурожаатнинг экспертизасини ўтказади, сўнг ишчи комиссия уни жойлаштириш ёки жойлаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Рад этилган тақдирда мурожаат ташаббускорига 1 иш куни ичида рад этиш сабабларини тушунтириш билан хабарнома юборилади. Мурожаат бўйича умумий овоз бериш порталга жойлаштирилган пайтдан бошлаб 90 кун давомида ўтказилади ва зарур миқдорда қўллаб-қувватлаш овозлари тўплангандан сўнг якунланган ҳисобланади.

 

Мурожаат қанча овоз тўплаши керак

Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига йўлланган мурожаат камида 10 000 овоз; Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоят ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига – камида 5 000 овоз; туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашларига – камида 1 000 қўллаб-қувватлов овозини тўплаши керак.

 

Кўриб чиқиш ва қабул қилиш вақти

Зарур миқдорда овоз тўплаган мурожаат кейинги иш кунидан кечиктирмай ваколатли давлат органига юборилади. Кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги керак. Қабул қилинган қарор «Mening fikrim» веб-порталида жойлаштирилади.

 

*«Mening fikrim» веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом (янги таҳрирда) (ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2.02.2019 йилдаги 2310-III/ҚК-503-III-сон Қўшма қарорига 1-илова).

Прочитано: 98 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика