Уйбоши ва кўчабошилар ким, улар бизга керакми ва уларнинг вазифалари қандай, деган қизғин баҳслар поёнига етишига ишонгим келади. Бу ва бошқа саволларга Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги «Маҳаллалар фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 334-сон қарори (кейинги ўринларда – 334-сон ВМҚ, Ҳужжат) маълум даражада жавоб беради. Аниқроғи, унга 2-илова – «Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом». Ҳужжат фаолларнинг мақомини белгилайди, ҳуқуқий тушунчаларни киритади, ваколатларни, жавобгарликни белгилайди, сайлаш тартибини ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмини назарда тутади. Аслида, бундай ҳужжат аллақачон керак эди, чунки унинг йўқлиги кўп квартирали уйлар аҳолиси ўртасида етарлича келишмовчиликларни келтириб чиқарар эди. Айниқса, уйбоши – уй қўмиталари бўйича баҳслар кўп бўлган. Аммо 334-сон ВМҚнинг мазмуни бир қатор саволларни келтириб чиқаради.
Мени сайланг
Ҳужжат фаолларни сайлаш регламентини белгилайди. Қисқача айтганда, уйбоши ва кўчабошилар фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўчалар ёки кўп квартирали уйлар аҳолисининг умумий йиғилишида кўпчилик овоз билан 5 йил муддатга сайланади. Улар аҳоли номидан фаолият юритадилар. Уйбоши ва кўчабошиликка 18 ёшга тўлган, тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сайланади. Ҳаётий тажрибага эга ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборли ташаббускор номзодларга устунлик берилади.
Уй ёки кўча бошлиқларининг ваколатлари қуйидаги бир қатор ҳолларда муддатидан олдин тугатилиши мумкин: одоб-ахлоқ нормаларини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этилганда, ўз мажбуриятларини бажара олмай қолганда, сайловчиларнинг ярмидан кўпи томонидан уларни вазифасидан озод қилиш ҳақида ёзма шаклда мурожаат қилинганда, ЎзР фуқаролигини йўқотганда, кўчиб кетганда ва бошқа сабаблар.
Аҳолини тўплаб, бирор йиғилишни ташкил этиш жуда муаммоли эканлигини ҳисобга олсак, фаолларни сайлаш, эҳтимол, расмий тарзда ўтказилиши маъқулдир. Худди БК ёки УМШда уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишлари ўтказилгани каби. Кўпчилик уйбоши ва кўчабошилар сафларида, афтидан, ё ўз номзодини қўйганлар, ё маҳалла томонидан тайинланганлар бўлади, деб ҳисоблайди.
Ғаройиб нарсалар ёнгинамизда
Ҳужжат кўча ва уй бошлиқларига кенг ваколатлар берди. Аммо улар бошқа органлар ишини ҳам қўшиб бажармаяптими? Масалан, кўп квартирали уйларда яшовчи аҳолининг рўйхатини шакллантириш ишини олсак. Аслида, бу участка нозирлари ва маҳалланинг ваколатидаги иш-ку. Жуда муҳим иш. Кўп сонли маҳалла жамоатчилари бу иш билан бепарво шуғулланадилар. Натижада ўзини ўзи бошқариш органларининг электрон базасида нотўғри маълумотлар, «ўлик жонлар» кўп бўлади: ё ҳақиқатда рўйхатда турган ва шу манзилда яшовчилар бўлмайди, ё қаердандир пайдо бўлиб қолган номаълум фуқаролар қўшиб ёзилган бўлади. Бундай бепарволик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Сув таъминоти корхоналари ҳамда маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш ташкилотлари вакиллари баъзан маҳаллада абонентлар базасини солиштириб кўришган пайтлар бўлган. Улар маҳалла фуқароларга энг яқин ва реал вазиятни билади, деган фикрдан келиб чиқилган. Натижада аҳолига яшамайдиган фуқароларнинг қўшиб ёзилиши туфайли хизматлар учун мавжуд бўлмаган қарздорлик ҳисобланган.
Фаолларнинг мажбуриятларига, шунингдек, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар тақдим этиш ҳам киради. Қизиқ, бу қандай амалга оширилади ва бу шахсий ҳаётга аралашиш бўлмайдими? Уйбошилар ва кўчабошиларнинг аҳоли тинчлиги ва хотиржамлигига хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳақида маҳалла раиси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторига хабар бериш мажбурияти ҳақида банд бор. Бу масала ўта жиддий ҳисобланганлиги учун уни жамоатчилар зиммасига юклаб бўлмайди.
Уйбоши ва кўчабошиларнинг мажбуриятларига, шунингдек, ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, нотинч ва муаммоли оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ва боқувчисини йўқотган шахсларга ёрдам кўрсатиш ҳам киради. Бу аниқ маҳалла ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш органларининг ваколати. Бунга уйбошилар ва кўчабошиларнинг нима алоқаси бор?
Яна бир шубҳали банд – аҳоли томонидан иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишга, аҳолининг ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирларида иштирок этишига тарғиб қилиш, уларнинг намунали ҳолатини сақлаб туришга ва бошқаларга кўмаклашиш. Уйбошилар ва кўчабошилар қандай ҳуқуқий воситалар ёрдамида бунга кўмаклашишлари мумкинлигини тасаввур қилиш қийин.
Ҳужжатга кўра, улар Намунавий низомда кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тадбирлар ва тренинглар ўтказишга давлат ташкилотлари ва ННТлар вакилларини, малакали мутахассислар ва бошқа шахсларни жалб қилиш ҳуқуқига эга. Бу борада ҳам савол бор – бунга фаолларнинг қандай алоқаси бўлиши мумкин? Натижада уйбошилар ва кўчабошилар ким: аҳоли вакилларими ёки маҳалла ходимларими, тушуниш қийин. Уларнинг мажбуриятлари аниқ тушунилмаганда, ҳар эҳтимолга қарши тўлиқ дастур бўйича юклама белгиланади. Аммо унда натижа ҳам шунга мос бўлиши мумкин. Қизғин иш – фаолиятга кўмилиб ётгандек туюлади-ю, аслида ҳеч вақо билан шуғулланмайди.
Рағбатлар ҳақида нима дейсиз?
Албатта, уй ёки кўча бошқарувчиси лавозимига талабгор номзодларни уларнинг ишини рағбатлантириш масаласи қизиқтиради. Ҳужжатда айтилишича, фаолларга 23.02.2021 йилдаги 99-сон ВМҚ асосида коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ойлик компенсация тўловлари тўланади.
Лекин «тўланади» дегани бу шубҳасиз шундай бўлади дегани эмас-да. Шунинг учун уйбошилар ва кўчабошилар хомхаёлларга берилмаслиги керак. Янги Ҳужжатни бу борада ўрганишда авваллари ҳам шундай бўлган деган тасаввурни уйғотади – биз буни деярли бошдан кечирганмиз. Уч йил олдин 99-сон ВМҚда ҳам маҳалланинг фаол фуқароларини рағбатлантиришни ваъда қилишганди. Аммо улардан биронтаси тегишли мукофотни олгани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Фаолларни рағбатлантириш борасидаги шубҳаларни 334-сон ВМҚга кўра, уйбошилар ва кўчабошилар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширишлари ҳам келтириб чиқаради. Унда қандай ойлик компенсация тўловлари ҳақида гап бўлиши мумкин? Ҳужжат билан ижро органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаол ишлаётган кўчабоши ва уйбошиларни пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирлашлари, уларни давлат ва бошқа мукофотларга тавсия этишлари мумкинлиги белгиланган. Лекин ҳолва деган билан оғиз чучирмиди?
Амалиёт шуни кўрсатадики, «мумкин» сўзи ҳеч нарсага мажбур қилмайди. 2 йил олдин шаҳар ҳокимияти уй бошқарувчиларига ҳам ўрин ажратилган ҳужжат чиқарганини эслаш кифоя. Уларга ички ишлар бошқармасининг гувоҳномаларини бериш ва давлат бандлик жамғармасидан 1,5 миллион сўм миқдорида ойлик маош тўлаш режалаштирилганди. Иш натижаларига қараб қўшимча тўловлар ваъда қилинганди. Кўпчилик ишониб, уй бошқарувчиси бўлишни мақсад қилди. Туман ИИБ ойлик маош тўлаши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Лекин барча ваъдалардан тез воз кечилди, фикр ўзгарди. Ўшанда кўп қаватли уйда яшовчиларни БКга мажбурлаб киритишди ва уй бошқарувчилари бундай мажбурлашда ҳокимиятларнинг ёрдамчилари бўлишини кутишганди. Натижада на маош, на қўшимча тўлов, на иш бўлди. Афсуски, сўнгги пайтларда қонун ижодкорлиги жараёни бизда шундай суръатда кечмоқдаки, ўзгаришларни баъзан кузатиб бориш имконсиз бўлмоқда. Балки шунинг учун ҳам кўплаб ўзгаришларни худди шундай тезликда унутиб юборишар. Айниқса, бу жамоатчиларга ҳақ тўлаш масаласига келганда шундай тез унутилади.