Norma.uz

Маҳаллаларда сервис компаниялари пайдо бўлади

 

Яқин вақт ичида якка тартибдаги уй-жойлар қурилган массивларида маҳалла сервис компаниялари (МСК) пайдо бўлади. Бу Президентнинг «Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (25.06.2024 йилдаги ПҚ-234-сон) назарда тутилган. Бу нима учун керак? Республикада 10 мингга яқин маҳалла мавжуд. Улардан деярли 3 мингтаси кўп квартирали уйлар аҳолисини бирлаштиради, уларга 821 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатади. 6 400 дан ортиқ маҳаллада, яъни якка тартибдаги уйлар жойлашган жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш асосан ҳашарлар орқали амалга оширилади. Айнан улар учун хусусий бизнесни жалб қилиш орқали ҳудудларни ободонлаштириш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

 

Улар фуқаролар йиғини буюртмаси ва назорати остида маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ариқлар ва суғориш тизимларини тозалаш, кўчаларнинг тозалигини таъминлаш билан шуғулланадилар. Аммо уларнинг ваколати анча кенг: жумладан, маҳалла ҳудудидаги ижтимоий объектларнинг коммунал инфратузилмасига хизмат кўрсатиш, чиқиндиларни йиғиш ва саралаш, уларни чиқинди йиғиш корхоналари томонидан олиб чиқилишини ташкил этиш. Шунингдек МСКларга маҳалла аҳолисига 20 дан ортиқ пуллик хизматлар кўрсатиш ҳам юклатилган.

Сервис компаниялари тадбиркорлар орасидан фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида танлаб олинади. Маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ишларига ҳақ тўлаш учун кенгашларга ҳар ойда 20 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Сервис компанияларига бинолар, техник воситалар ва ускуналар бепул фойдаланишга берилади. Маҳаллаларни ободонлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиқиш ва бартараф этиш учун фуқаролар йиғини кенгаши штатида бир нафардан ходим ишга олинади. Уларнинг таъминоти бюджет ҳисобидан кўзда тутилган. Ҳудудни ободонлаштириш ишларини бажариш ва аҳолига ижтимоий аҳамиятга эга пуллик хизматлар кўрсатишда МСКлар фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва ижтимоий солиқни тўлашдан, компания ходимлари эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади.

Умуман олганда, хусусий секторни жалб қилиш орқали маҳаллани ободонлаштириш тизими маҳалла аҳолисининг фаровонлиги учун ишлайди деб ҳисобланмоқда. Энг муҳими – аҳоли бандлигини таъминлайди. Биринчи навбатда, вақтинча ишсиз фуқаролар ва мавсумий ишларда банд бўлганлар ишга жойлаштирилади. Тажриба тариқасида сервис компаниялари 208 та маҳаллада ташкил этилади. Натижаларни ҳисобга олган ҳолда тажрибани барча якка тартибдаги уй-жой қурилаётган маҳаллаларга татбиқ этиш таклиф этилмоқда.

Янгилик борасида баъзи саволлар юзага келмоқда. Масалан, кўп қаватли уйлар бўлмаган маҳаллаларда ҳудудни супуриш, тозалаш, ободонлаштириш, ариқларни тозалаш ишларини маҳалла сервис компаниялари давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Кўп қаватли уйлар бўлган маҳаллаларда эса уларга туташ ҳудудларни БК ва ХУМШ аҳолининг бадаллари ёки тўловлари ҳисобидан таъминлайди. Бунда ҳар икки ҳолатда ҳам ер участкалари аҳолига фойдаланишга берилмаган. Бу кўп квартирали уйларда ва якка тартибдаги қурилган уй-жойларда яшовчи мулк эгаларини тенг бўлмаган мулкий-ҳуқуқий ҳолатга қўяди.

Прочитано: 13 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика