Norma.uz

Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан...

 

Давлат пенсияси турларидан бири боқувчисини йўқотганлик муносабати билан тайинланадиган пенсия ҳисобланади. Уни тайинлаш ва олиш билан боғлиқ саволларга «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб беради.

 

Оиланинг барча аъзолари пенсия олиш ҳуқуқига эгами?

– Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсия олиш ҳуқуқига вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари эга. Бундай оила аъзоларига марҳумдан ёрдам олган, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий яшаш манбаи бўлган шахслар киради.

Шуни таъкидлаш керакки, агар оила аъзоси қарамоқда бўлиб, ўзи бирор пенсия олаётган бўлса, у боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсияга ўтиш ҳуқуқига эга («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XI-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун) 20-м.).

 

Маълумот учун. Қонуннинг 4-моддасига кўра, давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.

 

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Меҳнатга қобилиятсиз фуқаролар тоифасига қуйидагилар киради:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногиронлиги бўлган шахс бўлсалар;

в) ёшидан ва меҳнатга қобилиятидан қатъи назар, ота-оналардан бири ёки эри (хотини) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви – қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса. Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар. Фарзандликка олинган болалар, агар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғил (ўгай қиз)ни 18 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонун 19-м.).

 

 

Ушбу пенсияни тайинлашда стаж қандай ҳисобга олинади?

– Меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида вафот этган шахснинг оиласига, шунингдек вафот этган пенсионернинг оиласига пенсия тайинланган тақдирда пенсия унинг иш стажидан қатъи назар тайинланади. Умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган жароҳат оқибатида вафот этган шахснинг оиласига эса, агар боқувчи вафот этган кунга қадар ногиронлик бўйича пенсия тайинлаш учун зарур бўладиган стажга эга бўлган бўлса, тайинланади (Қонун 17-м.).

 

Ёшга қараб талаб этиладиган иш стажи

Ёш

Иш стажи (йилларда)

23 ёшга қадар

2

23 ёшдан 26 ёшга қадар

3

26 ёшдан 31 ёшга қадар

5

31 ёшдан 36 ёшга қадар

7

36 ёшдан 41 ёшга қадар

9

41 ёшдан 46 ёшга қадар

11

46 ёшдан 51 ёшга қадар

14

51 ёшдан 56 ёшга қадар

17

56 ёш ва ундан ошганда

20

 

 

Бошқа мамлакатлардан кўчиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оилаларига келсак, агар боқувчи Ўзбекистонда ишламаган бўлса, пенсиялар қуйидаги тартибда тайинланади:

а) бошқа мамлакатларда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олган оилаларга – боқувчисининг иш стажидан қатъи назар;

б) пенсия олмаган оилаларга – агар боқувчи ишлаш тўхтатилган кунга қадар тегишли стажга эга бўлган (Қонун 17-м.) бўлса, меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган тақдирда эса – боқувчининг иш стажидан қатъи назар.

Агар умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган (Қонун 17-м.) боқувчисини йўқотган оила аъзоларига пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб равишдаги миқдорда тайинланади (Қонун 22 ва 29-м.).

 

Пенсия оиланинг ҳар бир аъзосига тўланадими?

Йўқ. Қонуннинг 24-моддасига кўра, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча оила аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади, аммо улардан бирортасининг талабига кўра унинг пенсия улуши унга алоҳида тўланиши мумкин.

 

Агар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаётган шахс янги никоҳга кирса, пенсия тўлови тўхтатиладими?

– Эр (хотин)нинг вафоти муносабати билан тайинланган пенсия пенсионер янги никоҳга кирган тақдирда ҳам сақланиб қолади (Қонун 23-м.).

 

Маълумот учун!

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз шахсга пенсия тайинлаш тўғрисидаги АРИЗА унинг қонуний вакили томонидан уларнинг яшаш жойи бўйича топширилади.

 

Маълумот учун!

I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлаганидан кейинги ишланган ВАҚТ иш стажига ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНАДИ.

Прочитано: 201 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика