Беш йилдан бери ўзини ўзи банд қилганлик бўйича тўлов тўлайман. Жорий йилда пенсияга чиқишим керак. 10 йиллик стажим бор. Бу йил 340 000 сўм тўладим. Қанча пенсия оламан? Пенсиям кўп бўлиши учун бирйўла муайян суммани тўласам бўладими?
– Пенсия миқдори нафақат тўлов тўланган даврларга, балки унинг ойлик миқдорига ҳам боғлиқ бўлади.
Шу тариқа, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг иш ҳақи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисобланадиган тартибда, яъни тўланган ижтимоий солиқ суммасини амалда бўлган ижтимоий солиқ ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади (Низом 85-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шуни ҳисобга олиш лозимки, ойлик тўлов миқдорини ошириш орқали келгусида олинадиган пенсияни ҳам ошириш мумкин, чунки унинг миқдори нафақат иш стажига, балки пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига ҳам боғлиқ бўлади.
Масалан, 2023 йил декабрь ойида сиз 340 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўладингиз. Тегишинча, йиллик даромад миқдори 2 833 333 сўмни (340 000 / 12 х 100, бу ерда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси), ёки ўртача ойлик миқдори – 236 111,11 сўмни (2 833 333 / 12) ташкил қилади.
Сиз тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини оширишингиз мумкин. Шундай қилиб, 1 000 000 сўм ижтимоий солиқ тўланганда йиллик даромад миқдори 8 333 333,33 сўмни (1 000 000 / 12 х 100), ёки ўртача ойлик миқдори – 694 444,44 сўмни (8 333 333,33 / 12) ташкил қилади.