Мен ишлайман, қарамоғимда ногирон бор (оёқлари йўқ), лекин пенсия олади. Давлат томонидан бирор имтиёзлар мавжудми?
* * *
Қизим – болаликдан II гуруҳ ногирони, саратон касали, биз билан бирга яшайди. Бирор-бир имтиёзлар мавжудми? Масалан, солиқлар, коммунал хизматлар, дори-дармон ва бошқалар бўйича имтиёзлар назарда тутилганми?
– Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногирон болалар:
• республиканинг ихтисослаштирилган барча илмий-амалий тиббиёт марказларида бепул даволаниш ҳуқуқига эгалар (26.02.2003 йилдаги ПФ-3214-сон Фармонга 2-илова);
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинадилар (5.02.2016 йилдаги 31-сон ВМҚга 1-илова);
• вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам олиш ҳуқуқига эгалар (Низомга илова, 18.03.2008 йилдаги 48-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
• 2 йилда бир маротаба (навбат асосида) Ўзбекистондаги санаторийларга бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эгалар (Маъмурий регламент, 19.11.2021 йилдаги 693-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
Шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар хусусий тиббиёт муассасаларида (стоматология ва косметология хизматларини кўрсатадиган муассасалар бундан мустасно) бепул тиббий хизматларни олиш ҳуқуқига эгалар (Низом, АВ рўйхат рақами 2911, 11.08.2017 й.).
Бундан ташқари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50%игача бўлган суммаси компенсация қилинади (15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сон).
Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50% миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно) (24.07.2021 йилдаги ПФ-6269-сон Фармон «а» банди 1-қ.).