Norma.uz

Стаж ва чет элда ишланган давр

 

Ўзбекистон фуқароси бўлган, чет элда яшаб ишлайдиган шахсларнинг иш стажи ҳақидаги саволлар тез-тез учраб туради. Ўзбекистонга келиб, муайян суммани тўлаш эвазига пенсияни расмийлаштириш мумкинлигига ишониб юрганлар ҳам бор. Айримлар эса шартнома асосида ишлаётиб, ўзининг ижтимоий солиқни тўлаш ҳуқуқи борлигини билмайди ҳам. Ушбу мавзу юзасидан «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириш берди.

 

Чет элда ишланган даврларнинг қайсилари стажга қўшилади?

 

– Чет элда ишланган даврларнинг иш стажига қўшиб ҳисобланишининг биринчи шарти – қуйидаги тўловлар тўланиши:

• меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий равишда 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари; 

• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов;

• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – ижтимоий солиқлар тўланган давр иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаш ҳуқуқидан фақат меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган ходимларгина фойдаланишлари мумкин.

Улар ижтимоий солиқни тўлашни қуйидаги тартибда амалга ошириш ҳуқуқига эга:

• ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

• бир йўла – Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб 3 йил мобайнида.

Меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддасида белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўланган давр пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади.

 

Чет элда ишланган давр бирорта ҳужжат билан тасдиқланиши лозимми?

 

Ҳа, албатта. Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар, шахснинг паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.

 

Чет элда ишлашга кетишдан олдин яна нималарни билиб олиш керак?

 

– Албатта ходимда ЖШШИР бўлиши керак. Шунингдек шахс солиқ тўловчи сифатида доимий яшаш жойи бўйича солиқ хизмати органларида ҳисобга туриши ва ЖШШИР олиши лозим.

 

Ижтимоий солиқ миқдори қандай бўлади?

 

– Ижтимоий солиқнинг миқдори тўлов кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган ходим томонидан ижтимоий солиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ижтимоий солиқ тўланган кун ҳисобланади.

Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт.

Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

 

Солиқ бевосита ходим томонидан ва фақат миллий валютада тўланиши керакми?

 

– Ходим солиқни мустақил равишда тўлаши ёки буни унинг оила аъзолари ёхуд ишончли вакил амалга ошириши мумкин.

Миллий валютадаги ижтимоий солиқ доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади.

Истисно тариқасида солиқ Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисобрақамига чет эл валютасида (бошқа давлат ҳудудидан) тўланиши мумкин ва Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган тўлов кунидаги курс бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади.

 

Ушбу шартларнинг барчаси чет элдаги дипломатик корпусларнинг ходимларига ҳам татбиқ этиладими?

 

– Мазкур ҳолатда пенсияни ҳисоблаш учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг 2015 йил 1 январга қадар чет элда ишлаган даври меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг 2015 йил 1 январга қадар чет элда ишлаган даври пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини аниқлашда меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди. Бунда шундай ходимларга 2015 йил 1 январга қадар тайинланган пенсиялар ушбу Низом ва Қонуннинг 51-моддаси талаблари ҳисобга олинган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилиши лозим (Низом 41-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

 

Маълумот учун! Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг – фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимга (Москва, 13.03.1992 й.) мувофиқ 1992 йил 13 мартга қадар Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги иш стажи пенсияни тайинлашда тўлиқ ҳисобга олиниши керак (Битимнинг 6-моддаси 2-банди – пенсияга чиқиш ҳуқуқини, шу жумладан имтиёзли асосларда ва кўп йиллик меҳнати учун пенсияларни белгилаш учун Битим иштирокчилари бўлган давлатларнинг фуқароларига ушбу давлатларнинг исталган бирининг ҳудудида, шунингдек собиқ иттифоқ ҳудудида мазкур Битим кучга киргунига қадар орттирилган меҳнат стажи ҳисобга олинади).

 

Маълумот учун!

НАФАҚА – пенсия ёшига тўлганлиги, ногиронлиги ёки боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан қонунга мувофиқ ДАВЛАТ ПЕНСИЯСИНИ олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар учун пул кўринишидаги ойлик тўлов.

Прочитано: 265 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика