Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2023 год / № 38 / Расмий ҳужжатлар

«Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолият юритиш истагини билдирган инвесторларга қулайликлар яратиш, уларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнларини автоматлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармонига мувофиқ инвесторларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнларида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, улар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим ва ижара шартномаларини тузиш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП), Давлат хизматлари марказлари ёки махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун инвестиция буюртманомасини тақдим этиш тартиби;

инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зоналар дирекцияси томонидан кўриб чиқиш тартиби;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим тузиш ва махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби.

4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга кўрсатиладиган давлат хизматлари турини кўпайтириш чораларини кўрсин.

5. Рақамли технологиялар вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматлари ЯИДХП ва Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;

давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловлар Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилишини йўлга қўйсин.

6. Адлия вазирлиги:

махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан уларнинг фаолияти бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентнинг талабларини бузганлик учун махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини қўлласин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 7 сентябрь

452-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 7 сентябрдаги 452-сон қарорига
ИЛОВА

МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ҲУДУДИДА ИНВЕСТОРЛАРГА
ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШНИНГ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Регламент махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга махсус иқтисодий зоналар дирекциялари (кейинги ўринларда – Дирекция) ҳамда давлат ташкилотлари томонидан давлат хизматини (кейинги ўринларда – давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Регламент қоидалари махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга кўрсатиладиган қуйидаги давлат хизмати турларига нисбатан татбиқ этилади:

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун уларни танлаб олиш (бизнес-режалар бўйича хулосалар бериш, ер майдонлари ҳамда бино ва иншоотларни аукционга чиқариш);

махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш;

махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим ва ижара шартномаларини тузиш.

3. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга Дирекция томонидан давлат хизмати ушбу Регламентга ­1-иловадаги** схемага мувофиқ кўрсатилади.

 

2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

4. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида янги инвестиция лойиҳасини молиялаштириш ва амалга ошириш истагини билдирган юридик шахслар (кейинги ўринларда – Инвестор) давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (кейинги ўринларда – ЯИДХП) рўйхатдан ўтади ёхуд бевосита Дирекцияга мурожаат қилади.

5. Инвестор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, ушбу Регламентга 2-иловадаги** шаклга мувофиқ инвестиция буюртманомаси Давлат хизмати маркази ходими томонидан тўлдирилиб, Инвестор томонидан тасдиқланади.

Инвестор ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда, мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги инвестиция буюртманомасини тўлдиради.

Инвестор Дирекцияга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолларда инвестиция буюртманомаси қоғоз шаклида ёки почта алоқа воситаси орқали тақдим этилади.

Инвестор инвестиция буюртманомасига «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-бобига асосан ҳужжатлар тўпламини (кейинги ўринларда – ҳужжатлар тўплами) илова қилади.

6. Инвестиция буюртманомасига илова қилинган ҳужжатлар ва улардаги маълумотларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги Давлат хизматлари маркази ходими томонидан текшириб олинади.

7. Инвестор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилганда, барча ҳужжатлар реал вақт режимида Дирекцияга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, Инвестиция буюртманомаси автоматик тарзда Дирекцияга юборилади.

8. Инвестор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланиши Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

9. Инвестор давлат хизматидан фойдаланишдан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича Дирекция томонидан қарор қабул қилингунга қадар бош тортиш ҳуқуқига эга.

Инвестор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади.

10. Дирекцияга келиб тушган инвестиция буюртманомаси шу куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган бўлса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказади.

11. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича инвесторлар томонидан тақдим қилинган инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар Дирекция томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилади.

12. Инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ҳужжатлар тўплами қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда ЯИДХП орқали ёки Инвестор бевосита мурожаат этган тақдирда, почта алоқа воситаси орқали қайтариб юборилади.

Қайтариш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганидан кейин инвестиция буюртманомаси Дирекцияга инвестор томонидан такроран ўттиз кун ичида тақдим этилиши мумкин.

13. Инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш муддати беш иш кунини ташкил этади. Бунда илгари кўриб чиқилган ҳужжатларга нисбатан янги мулоҳазалар тақдим этилишига йўл қўйилмайди.

 

3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ НАТИЖАСИ БЎЙИЧА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

14. Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича Дирекциянинг қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённома Дирекция директори томонидан QR код билан тасдиқланади.

15. Баённомадан кўчирма инвестиция буюртманомасини берган инвесторга баённома тасдиқланган куннинг ўзида Дирекция томонидан ЯИДХП орқали ёки Инвестор бевосита мурожаат этган тақдирда, почта алоқа воситаси орқали юборилади.

16. Дирекциянинг махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарори қуйидагилар учун асос бўлади:

инвестиция буюртманомасида кўрсатилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси ёки бино ва иншоотни электрон онлайн-аукционга қўйиш;

электрон онлайн-аукцион ғолиби билан инвестиция битими ва ижара шартномасини тузиш.

17. Инвестиция лойиҳаси махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик талабларига тўғри келмаслиги муносабати билан уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги Дирекция қарори устидан инвестиция буюртманомасини берган Инвестор белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

 

4-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ ТАСДИҚЛАШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ

18. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни жойлаштириш ва яратилган инфратузилмадан самарали фойдаланиш мақсадида махсус иқтисодий зоналар ихтисослашуви ва бош режасига асосан Дирекция томонидан (консалтинг компаниялар, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Лойиҳа гуруҳларини жалб этган ҳолда) инвестиция буюртманомалари ишлаб чиқилиши мумкин.

19. Дирекция томонидан ишлаб чиқилган инвестиция буюртманомаси беш иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади ёки асосли эътирозлар билан ишлаш учун Дирекцияга қайтарилади.

20. Тасдиқланган инвестиция буюртманомалари Дирекция томонидан электрон онлайн-аукцион савдоларига уч иш кунида чиқарилади.

21. Дирекция электрон онлайн-аукцион савдоси ғолибини мазкур регламентнинг 5-бобига асосан рўйхатдан ўтказади.

 

5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ТУЗИШ ВА МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ИШТИРОКЧИЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

22. Дирекция электрон-онлайн аукцион ғолиби бўлган Инвестор билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим ва ижара шартномаси тузади.

23. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим махсус иқтисодий зоналар фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.

24. Инвестор томонидан лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъекти (кейинги ўринларда – корхона) ва Дирекция ўртасидаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.

25. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда якунланади:

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим тузилган муддат тугагандан сўнг;

тадбиркорлик субъекти махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан маҳрум этилганда;

махсус иқтисодий зоналар муддатидан олдин тугатилганда;

қонунчиликда ёки инвестиция битимида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

26. Корхона махсус иқтисодий зона иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ беш баравари миқдорида тўлов тўлайди ва тўловлар ундирилганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.

27. Тўловлар суммаси куйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:

0,5 фоизи (давлат хизмати Ягона биллинг тизими орқали кўрсатилганда) – Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар – Дирекциянинг махсус ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи – давлат хизмати Ягона биллинг тизими орқали кўрсатилганда) – Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар – Дирекциянинг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

28. Корхона ва Дирекция ўртасидаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим имзолангандан сўнг ушбу Регламентга 3-иловада** белгиланган шакл бўйича QR код қўйилган махсус иқтисодий зоналар иштирокчиси гувоҳномаси берилади.

 

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29. Давлат хизматлари маркази ва Дирекция ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

30. Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламентнинг талаблари бажарилиши бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ва мониторинг олиб боради.

31. Инвестор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиши мумкин.

32. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.09.2023 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Регламентга 1–3-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 275 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика