Президентимиз иштирокида жорий йил 8 апрель куни ўтказилган йиғилишда ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга доир юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни «мижозбай» ўрганиш вазифалари қўйилди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган Ишчи гуруҳ томонидан Гулистон шаҳридаги «Chelebi Textile» МЧЖда «мижозбай» тизимида учрашув ўтказилди. Унда вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, Гулистон шаҳар Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари У.Аманов ва Савдо-саноат палатаси Гулистон шаҳар бўлими ходими Э.Жўраев қатнашди.
Учрашувда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун (4.10.2021 йилдаги 720-сон) билан киритилган ўзгартиришлар ҳамда «Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг (ВМнинг 25.02.2021 йилдаги 101-сон) мазмун-моҳияти тушунтирилди, Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир берилаётган кенг имкониятлар ва божхона аудити бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ишчи гуруҳ корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича ўрганишлари жараёнида ҳозирда «Chelebi Textile» МЧЖ томонидан жами 170 нафар ишчи ўрни яратилган бўлиб, 2021 йил давомида жами 1,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган трикотаж маҳсулотлари Россия Федерациясига экспорт қилинганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, учрашув сўнгида «Chelebi Textile» МЧЖнинг келгусида экспорт-импорт операциялари бўйича божхона ходимлари томонидан яқиндан амалий ёрдам кўрсатилиши бўйича келишиб олинди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.