Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 38 / Божхона

Қайта ишлаш режимига расмийлаштиринг

 

Эркин муомалага чиқарилган электрик эҳтиёт қисмларнинг бир қисми нуқсонли чиқиб қолди. Харид қилган корхона уларни ортга қайтармоқчи. Экспортчи-юк жўнатувчи товарни қайта қабул қилишга тайёр, у билан товарни алмаштиришга доир келишувга эришилган. Бизга юкни вақтинча олиб чиқиш режимига расмийлаштиришни маслаҳат беришяпти, сабаби бу мазкур вазиятларда энг мақбул йўл экан.

Ҳақиқатан шундайми? Қандай йўл тутганимиз маъқул?  

 

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади (БК 36-м.).

Товарни ушбу режимга жойлаштиришнинг шартларидан бири шу жумладан унинг ўзгармас ҳолатда қолиши ҳамда вақтинча олиб чиқилаётган товарнинг божхона органлари томонидан идентификациялашни амалга ошириш мумкинлиги ҳисобланади (БК 37-м.). Эҳтиёт қисмлар алмаштирилгани боис мазкур шартларга риоя қилишнинг имконияти йўқ. Чунки, қоида тариқасида, уларда артикул рақами – эҳтимолий идентификациянинг компонентларидан бири кўрсатилади.

Шу туфайли эҳтиёт қисмларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига расмийлаштиришни тавсия этамиз. Бу шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади (БК 42-м.).

Бу режимни қўллаш сизнинг вазиятингиз учун айнан мос келади, сабаби ушбу режим доирасидаги операциялар қаторига товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёхуд тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш киради (БК 43-м.).

 

Маълумот учун. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилиши учун контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) тегишли қоидалари ва (ёки) товарни таъмирлаётган шахснинг кафиллик мажбуриятлари асос бўлади (БК 50-м.).

 

Мазкур божхона режимига мувофиқ олиб чиқилаётган товарга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади. Бу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан БКнинг 54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Товар божхона режимига божхона органининг товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатномаси асосида жойлаштирилади (БК 42-м.).

 

Маълумот учун. Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш амалга ошириладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БК 45-м.).

 

Режимнинг талаб ва шартлари

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга қуйидаги талаб ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

● олиб чиқилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлганда. БК 46-моддасининг 4-қисмига мувофиқ улар қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга эквивалент бўлган товарни қайта ишлаш натижасида олинган (БК 49-м.), шунингдек қайта ишлаш учун ишлаб чиқаришнинг узлуксиз циклларига тааллуқли технология жараёнидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

● агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг рухсатномалари мавжудлиги;

● техник-иқтисодий асосларнинг (ТИА) ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши;

● товарни қайта ишлаш операцияларининг БК 43-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Агар товарнинг олиб чиқилиши тўланган божхона божлари ва солиқлар суммасини қайтаришни, улардан озод қилишни ёхуд олиб чиқишда тақдим этиладиган тўловларни ундиришни талаб қилишга асос бўлган ҳолларда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланиш мумкин эмас. Шу билан бирга божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига илгари жойлаштирилган товарга нисбатан ушбу шартли озод этишнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳам ушбу режимдан фойдаланиб бўлмайди. Шундай товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш учун олиб чиқиш юқоридагилардан мустасно (БК 44-м.).

 

Маълумот учун. Контракт (шартнома, келишув) шартлари ёки қайта ишлаш жараёнининг ТИА кўрсаткичлари ўзгарган тақдирда товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши лозим. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, шунингдек жисмоний шахснинг Ф.И.О. ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда янги ариза бериш талаб этилмайди.

 

Қайта ишлаш муддати ва уни тугаллаш

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномаси 2 йил муддатга берилади. Уни олган шахс БКнинг 52-моддасига мувофиқ мазкур рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан аввалроқ божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.

Рухсатноманинг амал қилиш муддати ва қайта ишлаш муддати товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан, товар алоҳида туркумлар билан олиб чиқилганда эса, товарнинг биринчи туркуми божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан бошланади.

Қайта ишлаш маҳсулотлари белгиланган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш муддати тугаган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига олиб кирилиши лозим ёхуд божхона режими ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тугалланиши керак.

Божхона ҳудудидан олиб чиқилган товарга нисбатан божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими уни қуйидаги божхона режимларига жойлаштириш орқали тугалланиши мумкин:

● реимпорт;

● товарни амалда божхона органига тақдим этмасдан, БКда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда экспорт божхона режимига жойлаштириш, бундан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқилган товар ёки унинг қолдиғи мажбурий тартибда реимпорт қилиниши шарт бўлган ҳол мустасно (БК 47, 52-моддалари).

 

Маълумот учун. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирган шахс божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими қўлланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш муддати тугаган кундан эътиборан 30 календарь кун ичида солиштириб чиқиши шарт (БК 52-м. 5-қ.).

 

Шуни билиш керакки, қайта ишлаш маҳсулотлари биттадан ортиқ туркумда олиб кирилаётганда, қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш вақти-вақти билан, лекин 3 ойда камида бир марта ва қайта ишлаш маҳсулотларининг охирги туркуми импорт қилинган кундан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг рухсатномада кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш натижалари бўйича божхона органи рухсатнома олган шахс билан биргаликда далолатнома тузади. Агар олиб кирилган қайта ишлаш маҳсулотларининг миқдори текшириб кўриш натижасида рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқлиги аниқлангудек бўлса, божхона органи қўшимча божхона тўловлари тўлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай ҳолда божхона органи рухсатнома олган шахсга қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Агар бундай тўловларни тўлаш ёзма хабар олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида амалга оширилса, уларнинг суммаларига пеня ҳисобланмайди (БК 52-м. 3, 4-қисмлари).

 

Маълумот учун. Қайта ишлаш маҳсулотлари божхона ҳудудига қайтарилмаган тақдирда, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга нисбатан мазкур товар экспорт божхона режимига жойлаштирилганда бўлгани каби божхона божлари ва солиқлар қўлланилади. Бунда товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундаги божхона божлари ва солиқлар ставкалари қўлланилади (БК 52-м. 6-қ.).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 400 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика