Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 38 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва «Солиқчи – кўмакчи» тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) қуйидагилар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади:

қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

б) 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Молия вазирлиги 2021 йил 1 декабрга қадар ушбу банддан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилсин.

3. Адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функцияларини 1-иловага мувофиқ бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига (кейинги ўринларда – мажбурий талаблар) мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланади, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди;

ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар, шунингдек, сайёр солиқ текширувлари киритилади;

2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий қилинади. Бунда мазкур реестр давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасидаги соҳалар бўйича белгиланган тартибда тақдим этган мажбурий талаблар рўйхати асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади.

5. 2022 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;

Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;

Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади, бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

6. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи, шунингдек, қуйидаги имкониятларга эга «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини таъминласин:

давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш;

текширувларни электрон рўйхатга олиш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини юритиш;

тадбиркорлик субъектларини тегишли мажбурий талаблар бўйича онлайн ўқитиш ва фаолияти мажбурий талабларга мослиги бўйича ўзини ўзи текшириш механизмларини жорий қилиш;

назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текширишларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини баҳолаш.

7. 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси (кейинги ўринларда – Индекс) жорий этилсин.

Белгилансинки:

а) Индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади;

б) назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар амалга оширилган назорат тадбирлари таҳлилини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритади;

в) Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар Индекс натижалари тўғрисидаги ахборотни ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.

8. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов) ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига маълумотларни тўлиқ ва ўз вақтида киритиш ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги учун шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Молия вазирлиги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Тадбиркорликни юритишни енгиллаштириш ва бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

12. Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида давлат назорати функциялари мазкур кодекс билан тасдиқланишини назарда тутсин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Қосимов ҳамда назорат қилувчи органлар раҳбарлари белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 15 сентябрь

ПФ-6314-сон.

ЎзР Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармонига

1-ИЛОВА

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ВА МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИНИНГ
2021 ЙИЛ 1 ОКТЯБРДАН БЕКОР ҚИЛИНАЁТГАН НАЗОРАТ ФУНКЦИЯЛАРИ РЎЙХАТИ

Т/р


Функция


Ваколатли орган


1.


Ташувчилар томонидан санитария қоидаларининг бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни ташкил этиш.


Транспорт вазирлиги


2.


Мулкчилик шаклидан қатъи назар экин майдонларида, томорқа ерларида, иссиқхона хўжаликларида фитосанитария ҳолати устидан доимий кузатув ва назорат олиб бориш.


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


3.


Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллашнинг сифати устидан назорат олиб бориш.


4.


Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маъмурий биноларини қуриш ишларининг сифати бўйича мониторинг олиб бориш.


Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш вазирлиги

5.


Акциз маркаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш, шунингдек, акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни савдо тармоғи (чакана, улгуржи) орқали сотишни назорат қилиш.


Давлат божхона қўмитаси


6.


Халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармалар ҳамда илмий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро шартномалар доирасида келтирилган асбоб-ускуналар (жиҳозлар, материаллар, ахборот ва ташкилий техника тизимлари ва воситалари) реестрини юритиш ва белгиланган тартибда назоратини амалга ошириш.


7.


Чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари томонидан мажбурий суғурта бўйича қонунчиликда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш.


8.


Иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқава сувларни чиқариб юбориш корхоналари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари сарфланишини назорат қилиш.


Давлат солиқ қўмитаси


9.


Қурилишда металл прокатининг қўлланилиши юзасидан тегишли назоратни таъминлаш.


Монополияга қарши

курашиш қўмитаси

10.


Озиқ-овқат спирти ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш баланси бажарилишининг мониторингини таъминлаш, бунда баланс барча ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар бўйича бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш.


Давлат статистика қўмитаси


11.


Тегишли ҳудудда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни таъминлаш.


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари


12.


Ёқилғи-энергетика тармоқлари маҳсулотларига шартномавий (эркин) нархлар ва тарифларнинг шакллантирилиши ва қўлланишининг тўғрилигини доимий назорат қилиб бориш.


13.


Ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш.


14.


Коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш.


15.


Тиббий ёрдам сифатининг клиник-статистик стандартларига риоя этилишини назорат қилиш.


16.


Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга ошириш.


 

 

ЎзР Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармонига

2-ИЛОВА

ТАДБИРКОРЛИКНИ ЮРИТИШНИ ЕНГИЛЛАШТИРИШ ВА БИЗНЕСНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р


Тадбирлар номланиши


Амалга ошириш

шакли

Бажариш муддати


Масъул ижрочилар


1.


Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш, профилактика тадбирларини амалга ошириш, текширувларни электрон рўйхатга олиш, Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2021 йил

1 декабрь

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), манфаатдор идоралар


2.


Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индексини аниқлаш тартибини ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2021 йил

1 декабрь

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), манфаатдор идоралар


3.


«Ягона давлат назорати» ахборот тизимини ишга тушириш. Бунда, ушбу тизим қуйидаги имкониятларга эга бўлишини таъминлаш:

давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш;

текширувларни электрон рўйхатга олиш ва текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини юритиш. Бунда, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига интеграция қилинади;

тадбиркорлик субъектларини тегишли мажбурий талаблар бўйича онлайн ўқитиш ва фаолияти мажбурий талабларга мослигини ўзини-ўзи текшириш механизмларини жорий қилиш;

назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текширишларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини баҳолаш.

Амалий чора-тадбирлар


2022 йил

1 апрель

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов),

Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор идоралар

4.


Ҳар бир назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича саволномаларни Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда тасдиқлаш.

Тасдиқланган саволномаларни назорат қилувчи органларнинг расмий веб-сайтига, шунингдек, «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига (ушбу тизим ишга туширилгандан сўнг) жойлаштириш.

Ички идоравий ҳужжат





Амалий чора-тадбирлар

2022 йил

1 январь





2022 йил

1 январь, доимий

Назорат қилувчи органлар, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов)


5.


Назорат қилувчи орган томонидан текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш тартибини ўрнатиш.

Бунда, хабарномада текширув ўтказиш муддати ва предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун тарафларнинг жавобгарлиги, коррупция аломатлари вужудга келганда хабар бериш тартиби, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари устидан шикоят бериш тартиби ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда кўрсатилишини назарда тутиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2021 йил 1 декабрь


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Коррупцияга қариш курашиш агентлиги (А.Бурханов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), назорат қилувчи органлар


6.


Давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш. Бунда:

давлат назорати функциялари реестрида давлат назорати функцияси, назорат қилувчи орган, назоратни амалга ошириш шакли ва назорат объекти кўрсатилади;

мажбурий талаблар реестрида тадбиркорлик фаолияти турлари бўйича мажбурий талаблар рўйхати ва саволномалар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2021 йил

1 ноябрь

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Коррупцияга қариш курашиш агентлиги (А.Бурханов),

назорат қилувчи органлар

7.


Назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган минимал талабларни ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2022 йил

1 январь

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), манфаатдор идоралар


8.


Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2022 йил 1 ноябрь


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов) Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Бурханов)


9.


Тадбиркорлик субъектлари учун энг кўп маъмурий юк бўлаётган давлат назорати функцияларини аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, лицензиялаш ва бошқа усуллар орқали хусусий секторга ўтказиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2022 йил

1 январь

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев), Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Ш.Шарахметов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)


10.


Ахборот технологияларини қўллаган ҳолда саволнома бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларни, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот базаларидан олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали фақат масофавий тарзда ўтказиладиган текширувлар рўйхатини тузиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2022 йил

1 апрель

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Содиқов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)


11.


Давлат назорати функциялари ва текширув турлари рўйхатларини тегишли соҳаларда хавфсизлик даражаси таъминланганлиги, ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолатини инобатга олган ҳолда камида уч йилда бир марта қайта кўриб чиқиш.


Амалий чора-тадбирлар


Ҳар уч йилда


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)


 

ЎзР Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармонига

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сон қарорининг 5-банди ва қарорга 2-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида:

а) 4-1-банд ва 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 189-бандда:

йигирма олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

йигирма еттинчи хатбоши йигирма олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 8 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 112-сон қарорига илованинг ­2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

 

Изоҳ: мазкур илова 2021 йил 1 октябрдан эътиборан кучга киради.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.09.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 206 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика