Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 38 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»

 

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

1. Давлат божхона қўмитасининг божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постларини:

2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида;

2022 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармаларида босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташқи иқтисодий фаолият (кейинги ўринларда – ТИФ) иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширади;

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташкил этилган ҳудудлардаги ТИФ божхона постларининг фаолияти божхона назорати шаклларини амалга оширишга ихтисослаштирилади;

«Масофавий электрон декларациялаш», ТИФ ва чегара божхона постлари фаолиятини ташкил этиш тартиби Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади;

чегара божхона постларидаги инспекцион кўрик мажмуалари (рентген) билан ишлаш гуруҳлари ходимларига зарарли меҳнат шароитлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама берилади;

б) 2021 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:

ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;

ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;

тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади;

в) 2022 йил 1 январдан бошлаб:

ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини божхона органлари томонидан қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маблағлар ТИФ иштирокчисига уч иш куни давомида қайтарилади;

божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади ва ушбу муддатда фоизлар ундирилмайди, бунда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддатидан ортганда тўлиқ давр учун фоизлар ҳисобланади;

қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизигача этиб белгиланади;

товарларнинг ТИФ товарлар номенклатураси бўйича кодини аниқлаш юзасидан божхона органи томонидан тайинланган экспертиза якунлангунга қадар товарларни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш орқали шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилади;

ТИФ иштирокчисининг бир нечта божхона операциялари доирасидаги мажбуриятларини таъминлаш учун ягона таъминот тақдим этиш имконияти яратилади, бундай таъминот божхона тўловлари бўйича барча мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлиши лозим;

божхона органлари товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш учун ТИФ қатнашчисининг аризасига асосан дастлабки қарорни қабул қилади.

3. Давлат божхона қўмитасининг божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов) икки ой муддатда Марказий божхона лабораторияси фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан Жаҳон божхона ташкилотининг «Минтақавий божхона лабораторияси» мақомини олиш, у томонидан никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни кўрсатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Белгилансинки, мазкур Фармон билан божхона органларининг ташкилий тузилмаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари фаолиятини ташкил этишда ходимларнинг иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар 2022 йил 1 январга қадар Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Давлат божхона қўмитасининг фаолияти тугатилаётган божхона постлари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Давлат божхона қўмитаси:

а) бир ой муддатда «Масофавий электрон декларациялаш», ТИФ ва чегара божхона постлари фаолиятини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқсин ва қабул қилсин;

б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларидаги назорат органларига ягона ҳисобварақ асосида тўланадиган йиғимлар ҳамда кириш ва транзит йиғимларини транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар олдиндан тўлаш тизимини жорий қилсин;

товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини аниқлашда божхона органлари томонидан дастлабки қарор бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 10 сентябрь

ПФ-6310-сон.

ЎзР Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон Фармонига

1-ИЛОВА

ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТУГАТИЛАЁТГАН БОЖХОНА ПОСТЛАРИ РЎЙХАТИ


Т/р


Божхона постларининг номи


Штат бирлиги


Қорақалпоғистон Республикаси


1.


«Найманкўл» темир йўл чегара божхона пости


5


Қашқадарё вилояти


2.


«Қарши тола» ТИФ божхона пости


4


3.


«Қарши» темир йўл чегара божхона пости


14


Сурхондарё вилояти


4.


«Амузанг» темир йўл чегара божхона пости


18


Фарғона вилояти


5.


«Бешариқ» темир йўл чегара божхона пости


12


6.


«Ўқчи» чегара божхона пости


10


Жами


63


 

 

Изоҳ. Тугатилаётган постлар бошқа божхона постларига пункт этиб бириктирилади, шунингдек, бўшаётган штат бирликлари иш ҳажми кўп бўлган бошқа постларга берилади.

 

ЎзР Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон Фармонига

2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5414-сон Фармонида:

а) 5-бандда:

«а» кичик банднинг биринчи хатбошисидаги «Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш» сўзлари «Рақамли божхонани ривожлантириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш» сўзлари билан алмаштирилсин;

«в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«в) Даромадлар ва божхона статистикаси бош бошқармаси, унинг қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдосини ривожлантириш тенденциялари, шунингдек, мамлакатнинг савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

товарларнинг ташқи савдоси бўйича божхона статистикасини юритиш, уни шакллантиришнинг барча босқичларида ҳаққонийликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ташқи савдо соҳасида статистик маълумотларнинг тўғрилигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликнинг белгиларини аниқлаш мақсадида хорижий давлатларнинг божхона хизматлари билан ахборот алмашиш»;

б) илованинг 30-позицияси чиқариб ташлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5582-сон Фармонида:

а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг логистика учун қулай чегара ўтказиш пунктларида хўжалик субъектларини жалб этган ҳолда божхона терминалларини қуриш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин»;

б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4. Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга – «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши устидан қатъий назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимовга – «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин»;

в) 8-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда (шу жумладан, пенсияни ҳисоблашда) тариф коэффициентлари 1,7 карра миқдорда қўлланилади»;

тўртинчи хатбошидаги «Махсус жамғарма» сўзлари «Давлат бюджети» сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги «50» рақами «30» рақами билан алмаштирилсин;

г) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармони 6-банди «б» кичик бандининг биринчи хатбошисидаги «Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилсин ва унга» сўзлари «Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бош бошқармасига» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 10 августдаги «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1595-сон Фармони рус тилидаги матнининг 2-банди учинчи хатбошиси «всех видов транспортных средств» сўзларидан кейин «, а также таможенные посты дистанционного электронного декларирования» сўзлари билан тўлдирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3665-сон қарорида:

а) 1-банд:

қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Масофавий электрон декларациялаш божхона постларининг намунавий тузилмаси 5а-иловага»;

еттинчи–ўн иккинчи хатбошилар тегишинча саккизинчи–ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

е) 9-иловада:

7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Хизматга кириш истагини билдирган шахс (кейинги ўринларда – номзод) ўзининг доимий яшаш манзили бўйича рўйхатга олинган жойидаги божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

хизматга қабул қилиш тўғрисида ариза;

анкета-маълумот;

ўқиш, иш (номзод ўқиса ёки ишласа) жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома;

ҳарбий гувоҳнома нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

доимий яшаш манзили бўйича рўйхатга олинган манзилдаги соғлиқни сақлаш муассасасидан саломатлиги ҳолати тўғрисида белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома (бўйи ўлчовини кўрсатган ҳолда).

Хизмат хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамда айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида, номзод ёки мутасадди ташкилотлардан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар олиниши мумкин»;

52-банднинг «ж» кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ходимнинг божхона органлари ихтиёрида бўлиши тартиби Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан белгиланади»;

76-банд:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Божхона органлари ходимларининг хизмат самарадорлигини яхшилаш мақсадида пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат йилларини ўтаган, қуйи (катта инспектор, инспектор, кичик инспектор) лавозимларда хизмат қилаётган, бироқ иш кўрсаткичлари паст ва ўз устида ишламайдиган ходимларнинг ҳисоботларини тинглаш, уларнинг келгуси йил учун иш режаларини тасдиқлаш, шунингдек, ҳар йил якуни бўйича навбатдан ташқари аттестациядан ўтказган ҳолда тизимда хизматни давом эттириш масаласи кўриб чиқилади»;

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

108-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«108. Хизмат йили, педагогик иш стажи, шунингдек илмий унвони ва даражаси мавжудлиги учун ходимларга устамалар тўланади.

Педагогик иш стажи, шунингдек илмий унвони ва даражаси мавжудлиги учун тўланадиган устама миқдорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади»;

қуйидаги мазмундаги 1081-банд билан тўлдирилсин:

«1081. Хизмат йили учун устама божхона органи ходимининг, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хизмат йилларига мувофиқ, ойлик лавозим ва махсус унвон маошларига нисбатан қуйидаги фоизларда белгиланади:

икки йилдан беш йилга қадар – 5 фоиз;

беш йилдан ўн йилга қадар – 10 фоиз;

ўн йилдан ўн беш йилга қадар – 15 фоиз;

ўн беш йилдан йигирма йилга қадар – 20 фоиз;

йигирма йилдан йигирма беш йилга қадар – 30 фоиз;

йигирма беш йилдан юқори – 40 фоиз.

Хизмат йили учун устама республика бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Хизмат йили учун устамани тўлаш мақсадида хизмат муддатини ҳисоблаш тартиби ДБҚ раиси томонидан белгиланади»;

109-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«109. Хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган, юксак касбий тайёргарлик даражасига эришган, юқори маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, шунингдек ўз фаолиятида юқори натижаларни кўрсатган ходимларга «учинчи тоифали мутахассис», «иккинчи тоифали мутахассис», «биринчи тоифали мутахассис», «уста» малака даражалари берилади.

Малака даражалари учун қуйидаги миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик қўшимча тўлов тўланади:

«учинчи тоифали мутахассис» – 15 фоиз;

«иккинчи тоифали мутахассис» – 20 фоиз;

«биринчи тоифали мутахассис» – 30 фоиз;

«уста» – 40 фоиз.

Малака даражаларини бериш тартиби ДБҚ раиси томонидан белгиланади»;

қуйидаги мазмундаги 1181-банд билан тўлдирилсин:

«1181. Божхона органлари ходимларини, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларни Моддий рағбатлантириш махсус фонди лавозим ва унвон маоши, хизмат йили устамаси, туман коэффициенти, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа устама ва қўшимча тўловлар ҳамда икки ойлик лавозим маоши миқдоридаги мукофот ва бир ойлик лавозим маоши миқдоридаги моддий ёрдамнинг 15 фоиз миқдорида шакллантирилади.

Божхона органлари ходимларига, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларга Моддий рағбатлантириш махсус фондидан эгаллаб турган лавозими бўйича ва махсус унвони бўйича маошининг 15 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади.

Ўз вазифаларини ташаббускорлик билан ва виждонан бажариб келаётган божхона органлари ходимлари, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларни рағбатлантириш мақсадида уларга фаолияти давомида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун Моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан тўлаб берилаётган ҳар ойлик 15 фоизлик устамаларни инобатга олган ҳолда эгаллаб турган лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида қўшимча шахсий устамалар белгиланиши мумкин. Шахсий устама бериш тартиби ДБҚ раиси томонидан белгиланади.

Божхона органлари ходимига, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган бўлса, ДБҚ раиси ёки ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, БИ бошлиқлари ва Миллий кинология маркази директори ўз ваколатлари доирасида ушбу устамаларни буйруқ асосида бекор қилиш ёки камайтириш ҳуқуқига эга ва бу уларнинг мажбурияти ҳисобланмайди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа устама ва қўшимча тўловларнинг тўланиши, ходимларга ҳар ойлик 15 фоизли устама ва Моддий рағбатлантириш махсус фондидан шахсий устамаларни тўлашни бекор қилмайди»;

қуйидаги мазмундаги 1182-банд билан тўлдирилсин:

«1182. Моддий рағбатлантириш махсус фондининг тежаб қолинган маблағлари ҳисобидан божхона органлари ходимларига, шу жумладан мутахассис, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларга ҳисобот давридаги ишларнинг якуни, юбилей ва байрамлар муносабати билан мукофотлар тўланади. Мукофот миқдори уларнинг умумий иш натижаларига қўшган ҳиссаларига мувофиқ белгиланади ва юқори миқдорлари билан чекланмайди»;

қуйидаги мазмундаги 1183-банд билан тўлдирилсин:

«1183. Моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан устамалар ва мукофотлар тўлаш мос равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади»;

140-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки ажрими ёхуд ДБҚ раисининг буйруғи асосида хизматга тикланган шахс мазкур буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ички ишлар органлари ҳарбий-тиббий комиссияларида йўлланма асосида тиббий кўрикдан ўтади»;

144-банднинг биринчи хатбошиси «шу жумладан кадрлар захирасида бўлган» сўзларидан кейин «ёки Божхона институти докторантурасида ўқиётган» сўзлари билан тўлдирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3995-сон қарорида:

а) 4-бандда:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Институтда олий таълимдан кейинги таълим асосида илмий даражага эга илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрланади»;

учинчи–саккизинчи хатбошилар тегишинча тўртинчи–тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Институтнинг офицерлар ва сержантлар таркибига, курсантларига, шунингдек, докторантларига (докторантларнинг охирги эгаллаб турган лавозими сақланган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ходимларининг тегишли тоифалари учун кўзда тутилган пул таъминоти, имтиёзлар, буюмлар ва озиқ-овқат таъминоти ҳамда бошқа зарур нормалар, шунингдек, хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади»;

б) 10-банддаги «Махсус жамғарма» сўзлари «Давлат бюджети» сўзлари билан алмаштирилсин;

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.09.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 2-илова «СБХ»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 325 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика