Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 38 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки:

2020 йил 1 январдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланилади;

махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

2. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча қўшилган қиймат солиғи суммасини етти кун ичида қоплаб бериш тартибига қатъий амал қилсин.

Бунда, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қопланган қўшилган қиймат солиғи суммаси асоссизлиги аниқланган тақдирда, мазкур сумма белгиланган тартибда ундирилади.

3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича имтиёзлар беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

2022 йил 1 июлга қадар халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини, уларнинг вазифалари ва кутилаётган натижаларни, шунингдек, уларни жойлаштириш жойларини белгилаган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 14 сентябрь

ПҚ-5243-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.09.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 233 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика