Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 38 / Божхона

Масофавий декларациялаш постлари – замонавий божхона асоси

 

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат раҳбари томонидан «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон (10.09.2021 йилдаги ПФ-6310-сон) имзоланди. Ҳужжатда белгиланган меъёрлар ҳукумат томонидан илгари сурилаётган давлатимизнинг харажатлар ва коррупцион хатарларни камайтиришга қаратилган қулай рақамли платформалар концепциясига айнан мувофиқ келади.

 

Давлат божхона қўмитаси божхона операциялари ва тартиб-таомилларининг рақамлаштирилишига қаратилган ислоҳотларни изчил тарзда амалга ошира бориб, бу билан бизнесни жиддий қўллаб-қувватламоқда, соғлом ва адолатли рақобатдошлик учун кафил бўлмоқда ҳамда мамлакат бюджети учун фискал хатарларни камайтирган ҳолда бизнеснинг чиқимларини пасайтиришга хизмат қилмоқда. Бу натижаларга божхона маъмуриятчилиги билан боғлиқ бўлган бизнес жараёнларини автоматлаштириш, қолаверса, божхона органларининг бошқа давлат органлари ва тадбиркорлар билан имкон борича электрон усулдаги ҳамкорлигини ўрнатиш орқали эришилаётир. Ҳозирги вақтда 66 та ахборот тизимлари, шу жумладан 30 та интерфаол хизмат турларини ўз ичига олувчи ахборот тизимлари ишлаб чиқилган ва жорий этилган бўлиб, улар ташқи ­иқтисодий ­фаолият ­иштирокчилари учун тартиб-таомилларни соддалаштириш ва уларнинг вақтини тежаш имконини беради. Бу эса самарали божхона ишининг муҳим кўрсаткичларидан биридир.

Ўзбекистонда ТИФни либераллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг (БАТ) фаолияти муҳим қадам бўлди, унинг ёрдамида ташқи иқтисодий фаолият учун зарур бўлган барча ҳужжатларнинг электрон расмийлаштирилишига эришилди. Бугунги кунда 12 та турли органларнинг 60 дан ортиқ рухсат бериш хусусиятидаги ҳужжатларини ташқи савдо иштирокчилари онлайн режимда олишлари мумкин.

Жорий йилнинг январь–август ойлари давомида давлат ғазнасига 20,7 трлн сўмлик божхона тўловлари келиб тушди. Бу 2020 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (14 трлн сўм) 6,7 трлн сўмга кўпдир. Божхона тўловлари ва йиғимлари кўрсаткичларининг ошишида божхона маъмуриятчилигининг яхшилангани ва мавжуд божхона инфратузилмасининг такомиллаштирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Замонавий ахборот технологияларининг қўлланилиши ТИФ иштирокчилари учун вақт ва молиявий харажатларни бир қадар қисқартирди. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида божхона расмийлаштирувига кетадиган вақт бирмунча қисқарди: БЮДни экспорт режимида расмийлаштириш вақти 1,7 бараварга, импорт режимида расмийлаштириш эса 1,4 бараварга қисқарган. Самарадорлик яққол кўриниб турибди. Лекин бу охирги натижа эмас. Замонавий технологик ишланмалар ва уларни кенг миқёсда амалиётга жорий этиш божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш имконини беради. ПФ-6310-сон Фармон айнан шу мақсад йўлида қабул қилинган.

 

Виртуал божхона пости

ПФ-6310-сон Фармонга мувофиқ божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган қуйидаги масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич ташкил этилади:

2021 йил 1 октябрдан бошлаб – Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари божхона бошқармаларида;

2022 йил 1 апрелдан бошлаб – бошқа ҳудудий бошқармаларда.

Бугунги кунда 53 та ТИФ божхона постлари фаолият кўрсатиб турибди. Электрон декларациялаш тизимининг ҳозирги ривожланиши товарларни электрон декларациялаш бўйича божхона операцияларини амалга оширишга имкон берувчи махсус божхона постларини ташкил этишга замин яратди. Жорий этилаётган тартиб товарни, у қаерда жойлашганидан қатъи назар, ташкил этилаётган 14 та ҳудудий электрон постлар базасида ягона ёндашувлар асосида масофавий декларациялашни назарда тутади. Божхона постларида эса фақат ҳақиқатдаги божхона назорати олиб борилади. Мазкур чора божхона ҳуқуқий муносабатлари иштирокчилари бўлмиш божхона ходимлари ва тадбиркорлик субъектларининг ягона ҳуқуқий майдонда ўзаро муносабатларга киришиши учун яна бир соғлом муҳит яратади. Бу орқали товарни декларациялашда томонларнинг тўғридан-тўғри мулоқотга киришиши имконияти чекланади ва коррупция кўринишидаги икки томоннинг муомаласига олиб келиши мумкин бўлган вазиятнинг олди олинади. Шу тариқа, бир томондан, декларант ҳужжатларни масофадан туриб тақдим этади ва шу орқали вақт сарфи ва асаб бузилиши жабҳасида «ютади», иккинчи томондан эса бу айрим қонунбузарликлар олдини олиб, божхона постида божхона ходимлари билан юзма-юз пешвоз чиқа олмайди – коррупция учун йўл тўсилади.

Хорижий тажрибанинг кўрсатишича, масофавий божхона расмийлаштируви механизми ўзининг самарадорлигини исботлаган.

Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари билан ишлашнинг қуйидаги афзалликлари бор:

1) товарларни товарлар декларациясини амалга оширувчи божхона органига тақдим этмаган ҳолда уларни исталган божхона омборига жойлаштириш имконияти. Бу ТИФ иштирокчиси учун вақт ва харажатлар сарфини қисқартиради;

2) товарларни чиқаришдан олдинги божхона операцияларини ўтказиш учун моддий ва вақтга оид сарфларнинг камайтирилиши;

3) декларант ва божхона органи ўртасидаги бевосита алоқанинг мавжуд эмаслиги. Барча муомалалар Интернет орқали электрон шаклда амалга оширилади;

4) декларант билан божхона органи ўртасидаги ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган масофанинг мавжудлиги. Ҳар икковини ўнлаб ёки юзлаб километр масофалар ажратиб туришининг аҳамиятсизлиги;

5) божхона органларида улар ишининг самарадорлигини пасайтирмаган ҳолда мансабдор шахслар штатини оптималлаштириш.

Масофавий электрон декларациялаш божхона постларининг ташкил этилиши инновацион технологияларни қўллаш борасида илдам қадам ташланганини англатади. Уни ривожлантиришга харажатларни қисқартириш ва ТИФ иштирокчилари учун божхона операцияларини амалга оширишни тезлаштириш зарурати омил бўлди. Яқин келажакда «масофавий постлар» Ўзбекистон божхона органларининг фаолият кўрсатиши тизимида асосий унсурлардан бирига айланади ва уларнинг иши учун янги алгоритм ва стандартларни яратади.

 

Маълумот учун. ДБҚга бир ой муддатда «Масофавий электрон декларациялаш», ТИФ ва чегара божхона постлари фаолиятини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш топшириғи берилди.

 

Тўловлар: соддароқ ва тезроқ

Божхона тартиб-таомилларини Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Киото, 18.05.1973 й., 21.12.2020 йилдаги ЎРҚ-654-сон Қонун) билан бирхиллаштириш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб:

● ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш тўғрисида божхона органлари томонидан қарор қабул қилингандан кейин ушбу маблағлар ТИФ иштирокчисига 3 иш куни давомида қайтарилади;

● божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муҳлати 14 кун деб белгиланади ва бу муддат давомида фоизлар ундирилмайди;

● ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган қўшиб ҳисобланган божхона тўловларининг миқдори БҲМнинг 20 фоизигача этиб белгиланади. Бугунги кунда бу 54 000 сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги божхонага оид қонун ҳужжатларига мувофиқ:

● ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари улар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида қайтарилиши ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим. Энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилган (тикланган) тақдирда, бундай тўловларнинг суммалари ушбу тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан бир йил ичида, божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тақдим этиш шарти билан қайтарилиши ёхуд дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши керак. Қайтарилиши реэкспорт ва реимпорт божхона режимларига мувофиқ амалга оширилиши керак бўлган ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммасини қайтариш эса БКнинг 35 ва 59-моддаларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши лозим (БК 353-м.);

● божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади. Фоизлар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади (БК 332-м.).

Бугунги кунда товарларни ТИФ ТН коди бўйича таснифлашга доир тартиб-таомилларга ўртача 10–15 кун кетади. Бунда юкни кўрсатилган давр оралиғида божхона омборида сақлаш ТИФ иштирокчисига тоннаси учун 70 000–105 000 сўмга тушади. Бундай харажатларнинг нархлар шаклланишига қанчалик таъсир этишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун ПФ-6310-сон Фармонда товарларнинг ТИФ ТН бўйича кодини аниқлаш юзасидан божхона органи томонидан тайинланган экспертиза якунлангунга қадар товарларни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш орқали шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилиши назарда тутилган.

Бинобарин, ТИФ иштирокчисининг бир нечта божхона операциялари доирасидаги мажбуриятларини таъминлаш учун ягона таъминот тақдим этиш имконияти яратилмоқда, бундай таъминот божхона тўловлари бўйича барча мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлиши лозим.

Шу билан бирга ТИФ қатнашчисининг аризасига асосан божхона органлари товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш учун дастлабки қарорни қабул қилади. Бу янгилик қўшимча божхона тўловлари ундирилиши эҳтимолини камайтиради. Мазкур масала нима учун муҳим? Сабаби биргина 2020 йилда 17 мингдан ортиқ ҳолатда ТИФ иштирокчиларидан 183 млрд сўмлик маблағлар ундирилган.

 

«Ягона дарча» – соддалаштириш дастаги

2021 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль ўтказиш пунктларида ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари «Ягона дарча» БАТ ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади. Шу тариқа бу органлар томонидан назорат ўтказиш пунктларида товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади. Мутахассисларнинг фикрича, республикага олиб кирилаётган товарлар ҳажми ва кўрикдан ўтказиш учун кетадиган вақт оралиғи ҳисобга олинса, товар айланмасига таъсир этадиган барча қадамлар қанчалик шаффофлашаётгани ойдинлашади. Барча йиғимларни ягона ҳисобварақ-фактура асосида чегара пунктига киргунга қадар олдиндан тўлаш амалиёти жорий қилинаётгани ҳам муҳим ўзгаришлардан бўлди. Бунгача йиғимлар алоҳида тўланиб, бунинг учун ҳам тахминан 40 дақиқа вақт кетганлиги сир эмас.

 

Бошқа янгиликлар

ДБҚ тизимида божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси иш бошлайди.

Давлат божхона қўмитаси 2 ой муддатда ушбу лаборатория фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан Жаҳон божхона ташкилотининг «Минтақавий божхона лабораторияси» мақомини олишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади. Лабораторияда никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган хизматлар кўрсатилади, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизалари амалга оширилади.

ПФ-6310-сон Фармон билан божхона органларининг ташкилий тузилмаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Шу билан бирга малака даражаси ҳам ҳисобга олинади. Бу ўзгаришларнинг барчаси нафақат божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, балки шаффофликни ошириш учун ҳам амалга оширилмоқда. Кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида эса Божхона институтида докторантура йўналиши амалга киритилмоқда.

Президент Фармонида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ташқи савдо ҳажмлари ўсиб бораётган янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари фалсафасига айнан монанд келади, зеро бунда барча тарафлар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

 

ДБҚ Ахборот хизмати кўмагида тайёрланди.

Прочитано: 369 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика