Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 30 / Паспорт масалалари

Соддалаштирилган тартиб

 

Оилам билан Россияда  яшайман. Ўзбекистоннинг фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш учун ҳужжатларни тақдим этмоқчиман.

Кимлар соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олиш ҳуқуқига эгалигини айтиб ўтсангиз.

 

– 18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандош ЎзР фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш бўйича мурожаат қилиши мумкин, агар у:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва ЎзР фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;

б) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

в) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;

г) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса (Низомнинг 17-б.).

ЎзР фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

• сўровнома;

• туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

• чет давлат фуқаросининг паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати ёхуд яшаш гувоҳномаси (фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси);

• никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);

• илтимосномада бола кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва чет давлат фуқаросининг паспорти ёки яшаш гувоҳномаси ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси (мавжуд бўлса), бунда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг ёзма розилиги олинади;

• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ва ЎзР фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошининг паспорти (ID-картаси);

• тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

• ўзлари фуқароси бўлган давлатнинг мутасадди органидан судланганлик ҳолати мавжуд ёки йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат;

• давлат божи (консуллик йиғими) тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билишини тасдиқловчи ҳужжат ИИО ёки консуллик муассасаси томонидан идоралараро маълумот ­алмашинуви ­тизими орқали олинади, мазкур ­Низомнинг ­14-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно (Низомнинг 18-б.).

Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қуйидаги шахсларга нисбатан давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш шарти татбиқ этилмайди:

• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий ўрта таълимдан кам бўлмаган даражада таълим олган шахслар (тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади);

• 60 ёшга тўлган шахслар;

• муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар (ишончли вакили томонидан ушбу шахс муомала лаёқатига эга эмаслиги ёки муомала лаёқати чекланганлиги ҳақида қонуний кучга кирган суд қарори тақдим этилади);

• I гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар (ногиронликни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади) (Низомнинг 14-б.).

ЎзР фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш юзасидан расмийлаштирилган материал консуллик муассасаси томонидан қабул қилингач, масъул ходим ҳужжатларнинг тўлиқлигини ва тўғри расмийлаштирилганлигини ўрганиб чиқади ва сўровномага ўзининг лавозимини кўрсатган ҳолда имзо қўяди. Бир вақтнинг ўзида сўровномада кўрсатилган маълумотлар консуллик муассасасининг масъул ходими томонидан 3 иш куни ичида «Интерактив консуллик хизматлари» ахборот тизимига киритилади ва ЎзР ТИВга юборилади.

Консуллик муассасасига тақдим этилган барча ҳужжатлар кетма-кетликда материалга тикилади ва уни расмийлаштираётган ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда ҳужжатлар ички рўйхати тузилади.

Материал муқовасида ариза берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, тартиб рақами ва бошқа маълумотлар (қабул қилинган сана, сақлаш муддати) кўрсатилади.

Материалнинг бир нусхаси дипломатик почта жадвалига мувофиқ ТИВга юборилади. ТИВнинг масъул ходими 10 иш куни ичида Консуллик ахборот тизими орқали келиб тушган маълумотлар асосида «E-Fuqaro» ИМБда шахсга нисбатан текширув талабномасини шакллантириб, манфаатдор вазирлик ва идораларга юборади. Ушбу вазирлик ва идоралар томонидан «E-Fuqaro» ИМБ орқали келиб тушган текширув талабномаси бўйича ЎзР фуқаролигини қабул қилишга тўсқинлик қилувчи материалларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги бир ой муддатда кўриб чиқилиб, «E-Fuqaro» ИМБга маълумот киритилиши орқали муносабат билдирилади.

«E-Fuqaro» ИМБда текширувдан ўтиб, якунланган талабномага мувофиқ текширув варақаси ТИВ масъул ходим томонидан чоп этилади. Материал ва текширув варақаси асосида бир ой муддатда хулоса тайёрланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири томонидан тасдиқланади. Хулосада ариза берувчи томонидан тақдим этилган ва амалга оширилган текширув якуни бўйича (текширув варақасидаги маълумотлар асосида) унинг ўзи ҳамда яқин қариндошлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Текширув варақаси ва хулоса келиб тушган материалга илова қилиниб, умумлаштирилган ахборот-маълумотнома билан бирга кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссияга юборилади. Ахборот-маълумотномада шахсга доир қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:

• туғилган санаси ва жойи, миллати, маълумоти, оилавий аҳволи, фарзандлари, яшаш жойи;

• яқин қариндошлари ва уларнинг фуқаролиги;

• умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида таълим олган даври;

• меҳнат фаолияти;

• пенсияга чиқиш санаси ва ногиронлик гуруҳи (агар мавжуд бўлса);

• агар шахс ЎзР фуқаролигидан чиққан ёки фуқароликни йўқотган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони санаси ва рақами;

• муқаддам фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги бўйича маълумот (агар кўрилган бўлса);

• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноий жавобгарликка тортилганлиги ва/ёки судланганлиги санаси (агарда бундай ҳолатлар юз берган бўлса), Жиноят кодексининг моддалари, тайинланган жазо тури ва муддати (миқдори) тўғрисидаги маълумотлар (Низомнинг 21-б.).

Комиссия ЎзР фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш юзасидан расмийлаштирилган материални қабул қилиб, кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги олинган тақдирда, Комиссия томонидан бу ҳақда тақдим этилган хатга асосан ваколатли орган 3 иш куни ичида ариза берувчи ва унинг илтимосномасида кўрсатилган оила аъзоларига ЎзР фуқаролигини бериш тўғрисида кафолат хатини расмийлаштиради ва 10 иш куни ичида ариза берувчига хабар бериш чораларини кўради. Бунда кафолат хати илтимосномада кўрсатилган ҳар бир оила ­аъзосига берилади.

Кафолат хати бланки қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш серияси, тартиб рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга. Бланклар ИИВ ва ТИВ буюртмасига асосан «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

Кафолат хати ваколатли орган томонидан ариза берувчига ёки унинг қонуний вакилига тақдим этилади ёхуд почта орқали юборилади. Кафолат хатининг амал қилиш муддати – 1 йил. Комиссиянинг қарорига асосан кафолат хатининг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Бунинг учун ариза берувчи кафолат хатининг амал қилиш муддати тугашидан кўпи билан бир ой олдин ваколатли органга ариза билан мурожаат қилади. Аризада кафолат хатининг амал қилиш муддатини узайтириш сабаби кўрсатиб ўтилади. Ариза «E-Fuqaro» ИМБга киритилиб, Комиссияга юборилади. Комиссия мазкур масалани кўриб чиқади ва натижаси бўйича кафолат хати амал қилиш муддатини узайтиришга розилик бериш ёки рад этиш ҳақида баённома қарорини қабул қилади.

ЎзР фуқаролигига қабул қилиш ариза берувчи чет давлат фуқаролигидан чиққанлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этганидан кейин амалга оширилади, ваколатли орган томонидан ушбу ҳужжат Комиссияга юборилади. Ариза берувчи яшаётган давлатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси мавжуд бўлмаса, ушбу ҳужжат тегишинча ИИВ ёки ТИВга қонуний вакил ёки почта орқали юборилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти соддалаштирилган тартибда фуқаролик беришни рад этган тақдирда Комиссия томонидан бу ҳақда тақдим этилган хатга асосан ваколатли орган 3 иш куни ичида ариза берувчига хабар бериш чораларини кўради (Низомнинг 22-б.). 

 

Санжар Хўжааҳмедов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 73 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика