Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 30 / Паспорт масалалари

Ҳуқуқлар тенглаштирилган

 

Ўзбекистон Конституциясидан ташқари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқларини кенгайтирадиган, уларга мувофиқ чет эл фуқаролари Ўзбекистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга бўладиган яна қандай қонун ҳужжатлари мавжуд?

 

– «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Қонун шундай ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким ЎзР қонунида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

ЎзР ҳудудида турган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан фақат ЎзРнинг қонунлари асосида процессуал мажбурлов ва ­маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

ЎзРнинг қонунчилигида белгиланган тартибда ушлаб турилган ёки қамоққа олинган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ҳамда ушлаб турилишига ёхуд қамоққа олинишига сабаб бўлган ҳолатлар тўғрисида хабар қилиниши керак (Қонуннинг 12-м.).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонун ҳамда ЎзРнинг бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг рухсатномалари асосида ҳаракатланиш амалга ошириладиган чегара зоналарида ҳамда чегара чизиқларида чекланиши мумкин.

Чегараолди ҳудудлар аҳолисининг ўзаро сафарлари қоидаларини тартибга солувчи Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси билан белгиланган ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикасига кириб келган чет эл фуқаролари ҳаракатланишининг ўзига хос хусусиятлари ЎзРнинг халқаро шартномаларида белгиланади (Қонуннинг 13-м.).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар ЎзР қонунларида ёки халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда мулк ҳуқуқидан фойдаланади.

Бундай шахслар ЎзРнинг қонунларида ва халқаро шартномаларида белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳудудида ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш ёки васият қилиш, шунингдек бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 14-м.).

Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЎзРнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади. Мазкур шахсларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби ЎзРнинг аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

Агар ЎзР қонунчилигига мувофиқ муайян лавозимларга тайинланиш ёки муайян меҳнат фаолияти тури билан шуғулланиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублик билан боғлиқ бўлса, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу лавозимларга тайинланиши, сайланиши ёки муайян меҳнат фаолияти тури билан шуғулланиши мумкин эмас (Қонуннинг 15-м.).

Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЎзР қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ижтимоий таъминоти тартиби ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (Қонуннинг 16-м.).

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи ЎзР халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.

Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқдан Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади (Қонуннинг 17-м.).

Бундай шахслар ЎзР халқаро шартномаларига ва қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида таълим олишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга (Қонуннинг 18-м.).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида никоҳ тузилганлигини қайд этишга доир ҳуқуққа эга. Чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳи тузилганлигини қайд этиш ҳамда чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида, шунингдек чет эл фуқаролари ва (ёки) фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида никоҳ тузилганлигини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда ҳуқуқлардан фойдаланади ва уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя этилган ҳолда Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳдан, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади (Қонуннинг 19-м.).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг давлат органларига, ташкилотларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этадиган маълумотларни ўз ичига олмаса, шунингдек улар билан танишиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлайди (Қонуннинг 22-м.).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЎзР қонунчилигига мувофиқ давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 23-м.).

Прочитано: 270 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика