Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 20 / Божхона

Божхона қийматига тузатиш киритиш хусусида

 

Божхона қийматига тузатиш киритиш ва божхона қиймати декларациясига тузатишлар киритиш тартиби қайси ҳужжат билан тартибга солинади? Божхона органи унга тузатиш киритишга ҳақлими? Агар товарларнинг сақланиш муддати узоқ бўлмаса, уларни эркин муомалага чиқарган ҳолда тузатиш киритса бўладими? 

 

– Юкларнинг чегарадан муваффақиятли олиб ўтилиши ташқи савдо битимига оид ҳужжатлар жамламасининг тўлиқлиги ва божхона қийматини тўғри ҳисоблашга боғлиқдир. Божхона қиймати декларант томонидан аниқланади ва божхона тўловлари миқдорига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

Божхона хизмати ходимлари маълум қилинган суммаларни товар бирлиги қийматининг мамлакатлар бўйича статистик кўрсаткичлари билан пухта солиштирадилар. Юкнинг қиймати пасайтирилганлиги тўғрисида маълумот олинганда божхона қийматига тузатиш киритишга оид масалани ҳал қиладилар.

 

Маълумот учун. Божхона қийматига тузатиш киритиш жараёни товарни чиқариш муддатларини чўзиб юбориши ва кутилмаган қўшимча харажатларга олиб келиши мумкин.

 

Тузатиш киритишга сабаблар

Божхона тўловларига тузатиш киритиш олиб кирилаётган товарларнинг декларацияда маълум қилинган божхона қийматига ўзгартиришлар киритиш тартиб-таомилидан иборатдир, яъни уни қайта ҳисоб-китоб қилишни назарда тутади. Мазкур тартиб-таомил БКнинг 44-боби билан тартибга солинади.

Шуни қайд этиш керакки, божхона органи товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига божхона расмийлаштирувининг исталган босқичида, шунингдек, товарлар чиқариб юборилгандан кейин ҳам, тузатиш киритиш ҳуқуқига эга.

Тузатишларни киритишга сабаблар бир нечта бўлиши мумкин. Божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:

● декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усули ва миқдори уларни тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларга мос эмаслиги аниқланган бўлса;

● божхона қиймати декларациясида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари миқдорига таъсир этган техник хатолар аниқланган бўлса.

Товар чиқариб юборилганидан кейин унинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:

● шартли чиқариб юборилган товарга нисбатан унинг узил-кесил божхона қиймати декларантнинг ёки божхона брокерининг қўшимча ахбороти асосида аниқланса ёхуд декларант ёки божхона брокери БКнинг 321-моддасига мувофиқ божхона органи томонидан аниқланган божхона қийматини қабул қилса;

● товарни декларациялашда содир этилган, товарнинг божхона қийматининг ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган техник хатолар аниқланган бўлса;

● ҳужжатларнинг кейинги текшируви пайтида товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган нотўғри декларациялаш аниқланган бўлса;

● маълум қилинган божхона қийматининг божхона ҳудудига олиб кирилган ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилган товарнинг миқдори ва (ёки) сифати контракт (шартнома, келишув) шартларидан четга чиқиши туфайли товарнинг ҳақиқий қийматига мос эмаслиги божхона декларациясини қабул қилиш санасида аниқланган бўлса. Божхона кўздан кечируви далолатномаси, шунингдек контракт (шартнома, келишув) тарафлари ўртасида келишилган, божхона тўловлари ундирилмайдиган товар бўйича – товарнинг миқдорига оид эътироз ёки божхона тўловлари ундириладиган товарлар бўйича – экспертиза хулосаси товарнинг мос эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади;

● божхона тўловларининг суммалари қайтарилишига ёки қўшимча тўланишига олиб келадиган ёки товарнинг божхона қиймати миқдорига таъсир кўрсатган бошқа асослар юзага келган бўлса.

Агар товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг пайдо бўлишига олиб келган бўлса, ана шу қарздорлик суммасига БКнинг ­349-моддасида назарда тутилган тартибда пеня ҳисобланади (БК 320-м.).

 

Маълумот учун. Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш қайси товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилаётган бўлса, фақатгина ўша товарга нисбатан амалга оширилади.

 

Божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш учун декларант ёки божхона брокери божхона органига товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шаклини тақдим этиш орқали маълум қилади, бу шакл божхона декларациясининг ажралмас қисми бўлиб, унинг маълумотларига тузатишлар киритилади.

Агар декларант ёки божхона брокери божхона органи томонидан киритилган тузатишларга рози бўлмаса, у тузатишлар киритишнинг божхона органи томонидан қайта ҳисоб-китоб қилинган божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари кўрсатилган шаклини имзоламасликка ҳақли. Бу ҳолларда у тузатишлар киритиш сабабларини тушунтириб беришни божхона органидан талаб қилиш ҳуқуқига эга (БК 320-м.).

 

Маълумот учун. Декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига сўров юборилиши декларантни ёки божхона брокерини божхона тўловларини тўлашдан озод этмайди.

 

Божхона расмийлаштируви учун ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин божхона органи томонидан тузатишлар киритилиши устидан декларант ёки божхона брокери белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

 

Шартли божхона қиймати бўйича шартли чиқариб юборилиш

Товарлар шартли чиқариб юборилгандан кейин уларнинг божхона қийматига тузатишлар киритилиши мумкин. Бу БКнинг 321-моддасида келтирилган. Масалан, товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра уни шартли чиқариб юбориш амалга оширилади. Бунда божхона органи товарнинг шартли божхона қийматини БКнинг 44-бобида белгиланган тартибда мустақил равишда белгилайди.

Товарни шартли чиқариб юбориш тартиб-таомили, агар божхона органи томонидан аниқланган товарнинг божхона қийматига мувофиқ равишда ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари суммаси декларант ёки божхона брокери томонидан тўланса ёки тўланиши таъминланса, амалга оширилади.

Божхона органи ариза келиб тушган кундан кейинги 3 иш куни ичида декларантга ёки божхона брокерига товарнинг шартли божхона қийматининг ва талаб қилинаётган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш миқдорлари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар қилади. Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг амал қилиш муддати товар чиқариб юборилган кундан эътиборан 60 календарь кунни ташкил этади.

Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин божхона қиймати ва тегишли божхона тўловлари товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шаклини тўлдирган ҳолда қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.

Товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси БК 321-моддасининг 4-қисмига мувофиқ белгиланган муддат ўтгач Давлат бюджетига ўтказилади. Бунда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шакли тўлдирилиб, у товарнинг божхона қиймати хусусидаги узил-кесил қарор ҳисобланади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 334 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика