Ишлаб чиқариш корхонаси умумбелгиланган солиқларни тўловчи ҳисобланади. Янги ишлаб чиқариш бинолари қурилиши муносабати билан бошқа ишлаб чиқариш биноларига ўтиш йўлини очиш учун эски ишлаб чиқариш биноларидан бирини қисман тугатиш (бузиш) зарурати юзага келди. Бунинг натижасида зарар кўрилди, қўшимча монтаж қилиш ишлари хўжалик усулида амалга оширилди.
Солиқлар ҳисоб-китобида зарар кўрилгани қандай акс эттирилади?
– Бинони тугатиш (бузиш) Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади.
Тугатиш жараёни якунланганидан сўнг ташкилот бухгалтерияси томонидан Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда қурилиши тугалланмаган объектни бузиш билан боғлиқ харажатлар ва тугатишдан келиб тушган моддий бойликлар тўғрисида маълумотнома тузилади.
Объектни тугатишдан молиявий натижа (фойда ёки зарар) қурилиши тугалланмаган объектнинг баланс қиймати, уни тугатишга оид харажатлар ҳамда захира капитални ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинадиган қурилиши тугалланмаган объектни қайта баҳолаш натижаларига (сальдосига) тўғриланган фойдаланиш учун яроқли бўлган узеллар, деталлар, материаллар қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (Низомнинг 20-б.).
Мол-мулк солиғи
Бузилган бино кадастр ҳужжатларига мувофиқ мол-мулк солиғи солиш объекти таркибидан чиқариб ташланади. Солиқ базаси камайтирилган тақдирда солиқ тўловчи бўнак тўловларига тузатиш киритиш учун солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли (СК 417-м. 7-қ.).
Фойда солиғи
Сизнинг корхонангиз янги ишлаб чиқариш биноларини, завод ичида ўтиш йўлларини қуряпти. Эски бинони қўшимча монтаж қилишда қилинган харажатларни (кўрилган зарарни) қурилиш харажатларига киритиш ва 0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар» счётида ҳисобга олиш мумкин деб ўйлайман. Мазкур счётда корхонанинг ер майдонини такомиллаштириш бўйича харажатлари, шу жумладан ўтиш йўллари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситалари учун тўхташ жойлари, тўсиқлар ўрнатиш ва бошқа ободонлаштириш ишлари бўйича харажатлар ҳисобга олинади (Йўриқноманинг 72-б., АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).
Ушбу харажатлар амортизация қилинадиган активларнинг қийматига қўшилади ҳамда фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайди (СК 317-м. 20-б.).
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.