Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат
ЎзР МБ бошқарувининг 2021 йил 10 мартдаги 28/21-сон қарорига
ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА БАНК КАРТАЛАРИНИНГ ЧИҚАРИЛИШИ ВА МУОМАЛАДА БЎЛИШИ ҚОИДАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ банклар томонидан банк карталарининг чиқарилиши, уларнинг муомалада бўлиши ва ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
авторизация – тўлов оператори томонидан кўзда тутилган қоидаларга асосан телефон, электрон ёки алоқанинг бошқа усуллари ёрдамида банк картаси билан операцияларни амалга ошириш учун банк картаси эмитентининг рухсатини олиш жараёни;
антифрод-тизим – банк карталари ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларини олдини олишга қаратилган жараёнлар йиғиндиси;
банк картаси – уни сақловчисига тўлов инфратузилмалари орқали тўловларни амалга ошириш ёки нақд пул маблағларини олиш ёхуд валюта айирбошлашни амалга ошириш ва банк картасининг эмитенти томонидан белгиланган бошқа операцияларни бажариш имконини берувчи тўлов воситасидир;
банк карталари эмиссияси – банк карталарини муомалага чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият;
банк картасининг сақловчиси – эмитент ёки банк карталарини тарқатувчи банк билан мижоз ўртасидаги шартномага асосан банк картасидан фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан ваколат берилган шахс;
банкомат – банк картасининг сақловчисига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тартибида нақд пул олиш ва банк картаси билан бошқа амалиётларини амалга ошириш имконини берувчи ҳамда бажарилган операциялар бўйича слип ҳужжат шакллантирувчи қурилма;
виртуал карта – электрон шаклдаги банк картаси бўлиб асосий картага ёки ҳисобвараққа боғланади ва тўловларни амалга оширишда зарур бўлган банк картасининг мажбурий реквизитларига эга бўлган тўлов воситаси;
карта ҳисобварағи – банк картаси орқали пул маблағларини тасарруф этиш мумкин бўлган банк ҳисобварағи;
ШИР код – банк картаси сақловчисининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг сақловчиси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди;
савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти – эквайер билан тузилган шартномага асосан банк карталари орқали товар (иш, хизмат)ларни сотувчи юридик шахс ва (ёки) юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс;
слип – банк картаси орқали амалга оширилган операцияларни тасдиқловчи, операциянинг миқдори, тури, амалга оширилган санаси тўғрисидаги маълумотларни ва ушбу ҳужжатни шакллантиришда фойдаланилган банк картаси, терминал ёки банкоматни тўғри аниқлай билиш имкониятини берувчи ахборотни ўзида мужассамлаштирган қоғоз ёки электрон шаклдаги ҳужжат (чек);
тўлов тизими – тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини, инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида ҳамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуидир;
тўлов тизимининг оператори – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;
терминал – банк картасининг сақловчисига тўлов операцияларини амалга ошириш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича (қоғоз ёки электрон шаклдаги) слипларни шакллантирувчи мослама ёки дастурий таъминот;
эмитент – банк картасини эмиссиясини амалга оширувчи, банк картасининг сақловчилари ва эквайерлар томонидан банк карталаридан фойдаланилган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқлари бўйича ўз номидан мажбуриятни зиммасига олган банк;
эквайринг – банк карталари орқали товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчилари билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, банк картаси сақловчисига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш;
эквайер – эквайрингни амалга оширувчи резидент банк.
2. Банк картаси сақловчисининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас.
Банк картаси қалбакилаштиришдан ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа турларидан ҳимоя қилиниши зарур.
Банк картасининг амал қилиш муддати тўлов тизими қоидаларига мувофиқ тўлов тизими оператори томонидан белгиланади.
2-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИНИШИ ВА ТЎЛОВ ТИЗИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
3. Банклар томонидан банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек тўлов тизими қоидалари ҳамда тўлов тизими иштирокчилари ўртасида тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади.
4. Тўлов тизими иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари мазкур Низом, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ҳамда уларга асосан тузилган шартномалар ва тўлов тизими қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси резидент банклари маҳаллий, халқаро ва хорижий тўлов тизимлари иштирокчилари бўлиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг резидент банклар – тўлов тизими иштирокчилари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, банк карталари эмиссияси, уларга хизмат кўрсатиш ва операцияларни амалга оширишда тегишли тўлов тизими томонидан белгиланган стандартлардан фойдаланади.
5. Тўлов тизими иштирокчилари қуйидагиларга амал қилишлари шарт:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш, улар орқали ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишнинг ўрнатилган тартиб ва қоидаларига риоя қилиш;
банк карталаридан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чора-тадбирларини таъминлаш;
улар ихтиёрида мавжуд бўлган ва муомаладаги банк карталари, тўлов тизими иштирокчилари, фойдаланиладиган технология ва дастурий-техник воситалар, тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган иш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги тижорат ва банк сири ҳисобланган маълумотларни ҳамда банк картаси сақловчилари ҳамда улар томонидан банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмасликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
3-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ
6. Банк карталари карта ҳисобварағи эгаси, амал қилиш тартиби ва маълум бир тўлов тизимига тегишлилигига кўра қуйидаги турларга бўлинади:
а) карта ҳисобварағининг субъектларига кўра:
шахсий банк картаси – ўз сақловчисига жисмоний шахснинг (якка тартибдаги тадбиркордан ташқари) карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида)ги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Шахсий банк карталари банк картаси сақловчисининг рухсати билан бошқа шахслар (оила аъзолари ва бошқалар) томонидан фойдаланилиши мумкин;
корпоратив банк картаси – ўз сақловчисига, яъни юридик шахснинг ваколатига эга ходими ёки якка тартибдаги тадбиркорга карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;
б) банк карталари амал қилиш тартибига кўра:
дебет банк картаси – ўз сақловчисига у ва банк картаси эмитенти ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғи доирасида тўлов операцияларини амалга ошириш ва (ёки) нақд пул маблағларини олиш учун (корпоратив банк картаси бундан мустасно) тасарруф этиш имконини беради;
кредит банк картаси – ўз сақловчисига у ва банк картаси эмитенти ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан тўлов операцияларини амалга ошириш ва (ёки) нақд пул маблағларини олиш учун (бундан корпоратив банк картаси мустасно) тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғидан ортиқ операцияларни амалга ошириш имконини беради.
Икки ва ундан ортиқ тўлов тизимларида ишлайдиган ва уларнинг логотипларини ўзида акс эттирган банк карталари кобейджинг карталари деб ҳисобланади.
Икки ва ундан ортиқ товар белгиси остида эмиссия қилинган банк карталари кобренд банк карталари деб ҳисобланади.
4-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИНИ ЭМИССИЯ ҚИЛИШ
7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади.
8. Бирон бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталарини эмиссия қилиш, сертификатланган дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда, тегишли тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган қоидаларга асосан эмитент томонидан амалга оширилади.
9. Банк карталарининг (шу жумладан, виртуал карталарининг) мажбурий реквизитлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми (шахсий банк карталари учун);
карта ҳисобварағи эгаси бўлган юридик шахснинг фирма (расмий) номи ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами (корпоратив банк карталари учун);
банк картаси эмитентининг расмий номи;
банк картасининг рақамлари ва амал қилиш муддати.
10. Тўлов тизими доирасида эмиссия қилинадиган банк карталарида, идентификация белгилари ва банк карталарининг белгилари бўлган қўшимча мажбурий реквизитлар мазкур тизим қоидаларида белгиланиши мумкин.
5-БОБ. ЭМИТЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ
11. Банк картасининг эмитенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:
жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг аризалари асосида ўзаро тузиладиган шартнома ёки офертани қабул қилиш йўли билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни ўрнатилган тартибда идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;
банк картаси орқали амалга оширилган дебет айланмалар учун воситачилик ҳақини ундириш;
шартномада белгиланган ҳолларда банк карталарига маблағ кирим қилинганлиги учун воситачилик ҳақи ундириш.
12. Банк картасининг эмитенти қуйидагиларга амал қилиши шарт:
банк картасини олиш учун мурожаат қилган шахснинг аризасини кўриб чиқиш;
банк картасини сақловчисини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаш;
банк картаси эмитенти ва сақловчиси ўртасида тузилган шартномада ўрнатилган тартибга асосан банк картасини бериш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича эмитент тарифларининг ўзгарганлиги ҳамда банк картасини амал қилиш муддатидан аввал тўхтатиш тўғрисида банк картаси сақловчиларини хабардор қилиш;
карта ҳисобварағи ёпилганда, кейинги операция кунидан кечиктирилмаган ҳолда карта ҳисобварағида мавжуд пул маблағларини мижозга бериш;
банк карталари орқали ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш.
13. Банк картаси эмитенти:
банк картасининг сақловчисидан банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида ариза қабул қилингандан сўнг эмитент йўқотилган ёки рухсатсиз фойдаланилган банк картаси орқали амалга оширилган барча операциялар;
қалбаки банк картаси орқали бажарилган барча операциялар бўйича жавобгар ҳисобланади.
14. Эмитент банк картаси сақловчиси олдида қуйидаги ҳолатларда жавобгар ҳисобланмайди:
агар банк картаси сақловчиси шартномада белгиланган қоида ва тартибларни бузган бўлса;
банк картаси сақловчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир қилинган ҳолатда;
банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги факти ҳақида банк картасининг сақловчиси томонидан эмитент хабардор қилинмаганда.
банк картасига боғлик маълумотлар (ШИР код, бир марталик СМС код ва бошқалар) мижоз томонидан учинчи тарафга маълум қилинган ҳолатда.
6-БОБ. БАНК КАРТАСИ САҚЛОВЧИСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
15. Банк картаси сақловчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тўлов тизими қоидалари ва эмитент билан тузилган шартномада кўзда тутилган шартлар ва тартибга асосан банк картаси орқали операцияларни амалга ошириш;
банк картасининг эмитентидан банк картасидан фойдаланиш қоидалари ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк картасининг сақловчиси ва эмитентнинг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни олиш;
эмитентдан банк картаси орқали амалга оширилган барча операциялар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш;
ўз розилигига кўра, унинг карта ҳисобварағини тасарруф этиш имкониятини берувчи қўшимча банк карталарини чиқариш ва расмийлаштиришни эмитентдан сўраш;
карта ҳисобварағини келгусида ёпиш шарти билан банк карталаридан фойдаланишни рад этиш.
16. Банк картасини сақловчи ҳисобланган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган ҳуқуқлар билан бирга қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:
шартнома, хизмат сафари, хўжалик ва бошқа харажатлар учун пул маблағларини карта ҳисобварағига кирим қилиш ва ушбу харажатларни карта ҳисобварағидан нақд пулсиз тартибда тўлаш;
банк картасининг эмитенти билан тузилган шартномада кўрсатилган ва тегишли карта ҳисобварағидан ўтказиш учун рухсат этилган бошқа операцияларни амалга ошириш.
7-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАР ВА ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР ТОМОНИДАН МИЛЛИЙ ВА ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ БАНК КАРТАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
18. Карта ҳисобварағини тўлдириш карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов топшириқномаси асосида исталган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан амалга оширилади.
19. Юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиш, шу жумладан давлат божи ва йиғимларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни фақат миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин.
Юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида носавдо тусдаги валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.
Юридик шахслар корпоратив банк картасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга, шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилиши ва (ёки) чет эл валютасини сотиб олишга йўл қўйилмайди.
Юридик шахслар томонидан аукцион савдоларида иштирок этиб, харидларни амалга ошириш учун корпоратив банк картасидан фойдаланиш тақиқланади.
Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларда ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Корпоратив банк картасининг сақловчиси корпоратив банк картасини ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган маблағлар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этади.
Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив банк картасидан фойдаланганда, корпоратив банк картасининг сақловчиси хизмат сафаридан қайтганидан кейин корпоратив банк картаси воситасида сарфланган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этади.
20. Якка тартибдаги тадбиркор миллий валютадаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳар қандай харажатлар бўйича тўловларни амалга ошириши мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида носавдо тусдаги валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.
21. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар бўйича ҳисобот ҳужжатлари сифатида тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, шунингдек, электрон тижорат битимларидаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар, инвойс (ҳисоб-фактура) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади.
22. Карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағларни талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилади.
Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилганда унинг карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағлари талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказилади.
23. Корпоратив банк картаси ва якка тартибдаги тадбиркорнинг банк карталари орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор зиммасида бўлади.
8-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИ БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБЛАР
24. Банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китоблар қоғозда (слип, чеклар, смс-хабар) ёки электрон шаклда бошқа маълумотномалар билан тасдиқланади. Бунда мазкур маълумотномалар ҳисоб-китобларни амалга оширишда иштирок этувчи томонларга етарли нусхаларда шакллантирилади. Маълумотномалар банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олиши керак.
25. Маълумотномаларда банк картаси ва унинг сақловчиларининг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари, шунингдек ташкилотлар, нақд пул бериш пунктлари ва банкоматлар тўғрисида маълумотлар бўлиши шарт.
26. Электрон маълумотномалар банк-эквайерга, банк-эмитентга ҳамда шартномада назарда тутилган ҳолларда тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига юборилади.
27. Банк карталари бўйича банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) тўлов тизимлари орқали умумий асосда амалга оширилади;
Банклар ўртасида улар томонидан чиқарилган миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган операциялар бўйича тўловларга ишлов бериш ҳамда уларнинг клиринги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида низомга (рўйхат рақами 2570, 2014 йил 4 апрель) мувофиқ тартибда амалга оширилади.
28. Амалга оширилган операциялар бўйича умумий ҳисоб-китоблар тўлов тизимлари орқали қуйидагича амалга оширилади:
банк томонидан хизмат кўрсатилаётган мижоздан олинган электрон ҳужжатлар асосида эквайерда автоматик равишда электрон хабарнома шаклланади ҳамда ўтказмаларни авторизация қилиш ва амалга ошириш учун тўлов тизими орқали эмитентга юборилади;
эмитент электрон хабарнома асосида транзакцияни авторизация қилиб, маблағларни тўлов тизими орқали тегишли маблағларни олувчига ўтказиш учун эквайерга юборади ҳамда маблағларни банк карта ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариш учун электрон мемориал ордерни дастурий равишда шакллантиради;
маблағлар эквайер томонидан эмитентдан олинган электрон мемориал ордер асосида маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказилади ва мемориал ордер рўйхат кўринишида чоп этилиб, банкнинг кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.
29. Тўлов тизими оператори орқали ҳисоб-китоблар қуйидагича амалга оширилади:
амалиёт куни давомида банк карталари бўйича тўлов тизими оператори орқали амалга оширилган барча операциялар ҳисоб-китоб иштирокчилари учун очилган алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади;
якуний суммалар Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар марказида очилган банкларнинг вакиллик ҳисобварақларига шартномада назарда тутилган муддатда ўтказилади ёки ҳисобдан чиқарилади;
банклар томонидан тўлов тизими операторидан олинган маълумотлар асосида мижознинг банк картаси ҳисобварағига маблағлар ўтказилади ёки ҳисобдан чиқарилади.
9-БОБ. БАНК КАРТАСИДАН ФОЙДАЛАНИЛГАН ҲОЛДАГИ ТЎЛОВЛАР
30. Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шарт.
31. Тўлов хизматларидан фойдаланувчининг банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўлов якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан юзага келади.
32. Тўловлар банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда якка тартибдаги тадбиркорда ёки юридик шахсда у билан банк карталарига хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган банкка нисбатан якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган тўлов суммасида пул талаб қилиш ҳуқуқи, банкда эса якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг пулга доир талабини бажариш мажбурияти юзага келади.
33. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчиси талабига биноан унинг банк картасидан фойдаланиш билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни ва ахборотни шартномада белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.
34. Банк картасининг эмитенти банк картасининг сақловчисига юборилган ва ундан олинган хабарномаларнинг ушбу хабарномалар юборилган ва олинган кундан эътиборан уч йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида сақланишини таъминлайди.
35. Банк картасининг эмитенти банк картаси сақловчисининг аризасининг ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида кўриб чиқади. Аризани кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда аризани кўриб чиқиш муддати кўпи билан ўттиз кунга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда банк картасининг сақловчисига хабар берилади. Банк картасидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилган тақдирда банк картасининг сақловчисининг аризаси ариза келиб тушган кундан эътиборан қирқ беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Банк картасининг сақловчисига аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда ахборот юборилади.
36. Банк картасидан фойдаланиш банк картасининг сақловчисидан олинган хабарномага асосан банк картасининг эмитенти томонидан ёки банк картасини сақловчи банк картасидан шартномага мувофиқ фойдаланиш тартибини бузган тақдирда банк картаси эмитентининг ташаббусига кўра тўхтатиб турилади ёки тугатилади.
37. Банк картаси сақловчисининг банк картасидан фойдаланишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш банк картаси сақловчисининг ва банк картаси эмитентининг ушбу картадан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш пайтига қадар юзага келган мажбуриятларини тугатмайди.
10-БОБ. БАНК КАРТАСИ БИЛАН ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ ТЎХТАТИШ ВА БАНК КАРТАСИНИ МУОМАЛАДАН ЧИҚАРИШ
38. Банк картаси сақловчисидан банк картаси йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида хабарнома олинганда, эмитент банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиши ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш чораларини кўриши зарур.
39. Тўлов тизими оператори тўлов тизими қоидаларига мувофиқ айрим эмитентлар томонидан эмиссия қилинган банк карталари орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ҳақлидир.
40. Эмитент қуйидаги ҳолатларда банк картаси орқали операциялар ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:
банк картаси ёки унинг реквизитларидан ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлигида;
банк картасидан фойдаланиш ваколатига эга бўлмаган шахслар томонидан ишлатилганда;
банк карталаридан фойдаланиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган бошқа ҳолатларда;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Мазкур бандда кўрсатилган ҳолатлар юзага келганда, банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ёки банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланади.
41. Банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш ва бу ҳақда мижозга хабар бериш тартиби тўлов тизими қоидаларига ҳамда банк карталаридан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.
11-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИГА ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ ҚУРИЛМАЛАР ҲАМДА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
42. Савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти раҳбари ўз савдо ва хизмат кўрсатиш объектига ўрнатиш учун тўлов терминалларини ажратиш бўйича ёки ўзида мавжуд бўлган тўлов терминалларига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан хизмат кўрсатувчи банкка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Банклар тўлов терминалини ажратиш бўйича мурожаатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн банк иш куни ичида тўлов терминалларини ажратади. Ушбу вақт ичида банклар тўлов терминалларини техник жиҳатдан мижозга бириктириш ишларини тугатиши шарт.
Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларининг ўзларида мавжуд бўлган тўлов терминалига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан қилинган мурожаатлар уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва уларга тегишли дастурий таъминотлар ўрнатилади.
Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини, онлайн инкассация амалиётини ҳар куни қилинишини ва тўлов тизими шартли белгиси бўлишини таъминлашлари шарт.
Тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти раҳбари бу ҳақда бир кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига ва хизмат кўрсатувчи банкига ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши шарт.
Банклар уч иш кунида тўлов терминалларини соз ҳолатга келтириш чораларини кўришлари ва тўлов терминаллари соз ҳолатга келгунга қадар вақтинчалик бошқа териминал билан таъминлаб туришлари шарт ҳамда тўлов амалиётларини тўлов тизими операторлари томонидан юборилган файллар клиринг қилиниши бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мижозларнинг ҳисобварағига ўтказилиши лозим.
Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари ўзларидаги мавжуд тўлов терминалларини бошқа субъектларга фойдаланиш учун беришлари мумкин эмас.
43. Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари қуйидагиларга амал қилиши шарт:
ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун товар (иш, хизмат ва бошқалар) нархлари асоссиз равишда ошмайдиган нарх бўйича банк картасининг сақловчисига хизмат кўрсатиш;
шартнома муносабатлари билан боғлиқ бўлган тўлов тизими номи ва (ёки) логотипини кўрсатган ҳолда, банк картасига хизмат кўрсатиш тўғрисида мижозларни хабардор қилиш;
товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси ва эквайер ўртасида тузилган шартномага асосан тўлов тизимига тегишли бўлган барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;
бажарилаётган операциялар суммаси эквайер билан тузилган шартномада ўрнатилган суммадан ортиқ бўлган барча ҳолатларда банк картаси бўйича авторизация ўтказиш;
қонунчилик ҳужжатлари ва эквайер билан тузилган шартномага мувофиқ банк картаси орқали амалга оширилган операциялар бўйича ахборот тақдим этиш;
банк картасининг сақловчиси тўғрисида маълумотни учинчи шахслардан сир сақлаш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
44. Тўлов тизими субъектлари томонидан ўрнатилган банкоматлар ва ўз-ўзига хизмат қилувчи қурилмаларда эквайер номи, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ҳамда қурилма уланган тўлов тизими логотипи бўлиши лозим.
Банкомат техник носозлик сабабли банк картасини қайтариб бермаганда, банк картаси сақловчиси томонидан эквайерга оғзаки ёки ёзма мурожаат қилинади. Мурожаат банк операция куни давомида келиб тушса шу куннинг ўзида, операция куни тугаганда келиб тушган тақдирда кейинги банк операция кунидан кечикмаган ҳолда мижозга банк картаси қайтариб берилиши зарур.
Банк картаси ШИР-код нотўғри киритилиши натижасида банкомат томонидан қайтариб берилмаганда, банк картаси эквайер томонидан банк картаси сақловчиси идентификация қилинган ҳолда банк картаси сақловчисининг мурожаати келиб тушган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан қайтариб берилади.
Банклар томонидан ўрнатилган банкоматларнинг иш фаолияти ва нақд пул билан таъминланганлиги устидан доимий назорат ўрнатилиши ҳамда банкоматларнинг жойлашуви ва ишчи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар банкнинг веб-сайти ва/ёки мобил иловаларида кўрсатилган бўлиши лозим.
12-БОБ. БАНК КАРТАСИ САҚЛОВЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
45. Банк картаси эмитенти банк картаси ҳисобварағи эгасига банк картасидан фойдаланмаган ҳолда банк картаси ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш имкониятини таъминлаши зарур.
46. Банк картасининг сақловчиси, унинг банк карталари орқали амалга оширилган операциялари ҳамда банк карталарининг ўзи ҳақидаги маълумот – банк сири маълумотлари бўлиб ҳисобланади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилиши мумкин.
13-БОБ. ЭКВАЙЕРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СУБЪЕКТЛАРИ ОЛДИДАГИ ЖАВОБГАРЛИК ЧЕГАРАСИ
47. Эквайер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ банк картасининг сақловчисидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилиш;
нақд пул бериш операциясини амалга оширишда банк картаси ҳисобварағидан банкнинг хизмат ҳақини ундириш;
савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари билан ҳисоб-китоб операцияларини ўтказиш учун шартномада кўзда тутилган воситачилик ҳақини бевосита ҳисобварақларга келиб тушадиган сумма ҳисобидан ушлаб қолиш.
48. Эквайер қуйидагиларга амал қилиши шарт:
нақд пул бериш операциясини амалга оширишда эквайер тарифлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни банк карта сақловчиларига етказиш;
савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари банк карталари орқали амалга оширган операциялари бўйича ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида бажарилишини ва унинг тўғрилигини таъминлаш;
ўзи иштирокчи бўлган тўлов тизимининг барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;
савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларини тузилган шартномада белгиланган шартлар асосида банк карталари эгаларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган қурилмалар ва маълумотлар билан таъминлаш;
банк карталари орқали ўтказилган операциялар бўйича савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари билан ўзаро ҳисоб-китобларни вақтида ва тўғри амалга оширилишини таъминлаш.
49. Эквайер товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси олдида банк картаси орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳолларда жавобгарликни ўз зиммасига олмайди:
товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси банк карталари орқали операцияларни амалга оширишда тузилган шартномаларда ўрнатилган қоида ва тартибни бузганда;
товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ўтказилган тўлов операцияси тўғрисида ҳужжат ёки ахборотлар мавжуд бўлмаганда;
товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганда.
14-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРИНИНГ ҲУҚУҚ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ
50. Тўлов тизими оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тўлов тизими иштирокчилари учун банк карталари орқали операцияларни амалга ошириш ва унга рухсат бериш;
эмитент билан тузилган шартноманинг ҳамда тўлов тизимининг бошқа иштирокчилари ўртасида тузилган шартнома шартларини эмитент томонидан бажармаслик ҳолларида, эмитентнинг банк карталари бўйича операцияларини тўхтатиш.
51. Тўлов тизими оператори қуйидагиларга амал қилиши шарт:
тўлов тизими иштирокчилари томонидан чиқарилган банк карталари орқали операцияларини амалга ошириш имконияти билан таъминлаш;
антифрод-тизимга эга бўлиши;
банк картасига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисидаги эмитентнинг ёзма қарори олингандан сўнг, банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш (алоҳида турдаги операцияларни тўхтатиш);
эмитентнинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олингандан сўнг, унинг банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш;
тўлов тизимини узлуксиз, барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш;
тўлов тизими иштирокчиларининг операциялари тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни сир сақланишини таъминлаш, бундан Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
52. Эмитент томонидан банк карталарига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳамда эмитент томонидан банк карталари орқали амалга оширилиши тақиқланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган айрим операцияларни бажариш бўйича тўлиқ жавобгарликни тўлов тизими оператори ўз зиммасига олади.
53. Тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар фаолияти устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.
54. Тўлов тизими оператори банк карталари эмиссиясини амалга ошириш тўғрисида шартнома тузган эмитентларнинг рўйхатини юритади.
55. Эмитентларнинг рўйхати доимий равишда тўлов тизими операторининг веб-сайтида эълон қилиниб борилади.
15-БОБ. БАНК КАРТАЛАРИ ОРҚАЛИ ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН АХБОРОТЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
56. Эмитентлар, эквайерлар, тўлов тизими операторлари, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ва дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларга риоя қилишлари шарт.
57. Ахборотларни, банк карталарини ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда тўлов тизимининг қоида ва тартибларига асосан ўрнатилади.
16-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
58. Банк карталарини эмиссия қилиш, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
59. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш тартибини ҳамда банк карталари орқали хизмат кўрсатиш ва операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.04.2021 йилдан кучга кирди.