Божхона фахрийлари кўкрак нишони билан тақдирланди
Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги ПҚ-3133-сон қарорига биноан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, юриспруденция ва бошқа кўплаб соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни, шунингдек, ҳаётини фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлаш мақсадида «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилган эди.
Яқинда «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан бир гуруҳ юртдошларимиз ушбу нишон билан тақдирланди. Улар сафида божхона органларида узоқ йиллар ватанпарварлик ва садоқат намунасини кўрсатиб хизмат қилган 3 нафар божхона фахрийлари ҳам бор.
Улардан бири – I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган Тамара Завалина 35 йиллик меҳнат фаолиятининг 24 йилини айнан божхона органларида хизматда ўтади.
1970 йилда Тошкент шаҳридаги 8-сонли мактабда иқтисодчи сифатида иш бошлаган Т.Завалина Давлат божхона қўмитаси тизимида масъулиятли лавозимларда сидқидилдан фидокорона хизмат қилди, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя этишда муносиб ҳисса қўшган.
Ҳозирда Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлари уюшмасининг фаол аъзоларидан бўлган Т.Завалина ёшлар билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади.
Божхона органларида 19 йил хизмат қилган, божхона хизмати подполковниги Шуҳрат Каримов II даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Табаррук 75 ёшни қаршилаган Ш.Каримов ўз меҳнат фаолиятини 1969 йилда Маданият вазирлигида бошлаб, вазирликда сектор мудири лавозимигача бўлган меҳнат йўлини босиб ўтган. 1983 йилдан 2002 йилгача Давлат божхона қўмитасида турли лавозимларда, хусусан бўлим бошлиғи лавозимида хизмат қилди.
Ш.Каримов республика ҳуқуқ-тартибот органлари Фахрийлар Кенгашлари ҳамда божхона тизими ходимлари орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бўлиб, 2005 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшмаси бошқаруви масъул котиби лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
III даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган Садритдин Джалилов эса ўз фаолиятини 1970 йилда Тошкент Давлат университетида бошлаган.
1979–1998 йилларда ички ишлар органлари тизимида, 1998 йилдан 2005 йилгача Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи лавозимида хизмат қилган.
Ҳозирда С.Джалилов мураббийлар ва фахрийлар иштирокида божхона ходимлари билан ўтказиладиган тарбиявий, маънавий-маърифий йўналишдаги мулоқот ва суҳбатларни ташкиллаштирувчи фаоллардан саналади.
Бу каби фахрийларнинг меҳнатсеварлиги, шижоати ва метин иродаси божхона соҳасидаги ёш ходимлар учун ибрат ва намуна мактаби бўлиб хизмат қилади.
Ҳусан ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори.