Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 20 / Жавоб берамиз

Пеня – ҳисоблаш усули бўйича

 

Фойда солиғини тўловчи корхонага солиқларни ўз вақтида тўламаганлиги учун пеня ҳисобланди. СК 317-моддаси 19-бандига мувофиқ юридик шахсларни фойда солиғи бўйича чегириб ташланмайдиган харажатларига бюджет тизимига киритилиши лозим бўлган (киритилган) пенялар, жарималар ва бошқа санкциялар киради.

Фойда солиғи ҳисоб-китобида пенянинг қайси суммаси акс эттирилиши лозим – ҳисобланганими ёки тўланган суммасими? Пеня ҳисобланиши қандай бухгалтерия ўтказмаси билан акс эттирилади?  

 

– Ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб, фоизларда белгиланади. Пенянинг фоиз ставкаси МБнинг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг 1/300 га тенг этиб қабул қилинади (СК 110-м. 10, 11-қ.).

Солиқ тўловчи солиқ солиш мақсадларида ҳисобни ҳисоблаш усули бўйича юритади (СК ­78-м.). Унга мувофиқ активлар, пассивлар, хусусий капитал, даромадлар, харажатлар, хўжалик операциялари ва ҳодисалар бухгалтерия ҳисобида улар бўйича пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари олинган ёки тўланган пайтда эмас, балки улар содир этилган (ёки ҳақиқатда олинган) пайтда акс эттирилади (1-сон БҲМС 16-б., АВ рўйхат рақами 474, 14.08.1998 й.).

Шундай қилиб, Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-«Харажатлар» илованинг 0128-сатрида (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) корхона томонидан тан олинган пеня миқдори акс эттирилади. Бу солиқ органи томонидан ҳисобланган суммага тенг ёки агар сиз ҳисобланган суммадан норози бўлсангиз ва ҳисоб-китоб бўйича фикр-мулоҳазаларингизни берган бўлсангиз, бошқача сумма бўлиши мумкин. Пеняларни тан олиш ва тўлаш пайтлари бир-бирига тўғри келиши мумкин.

Шуни инобатга олингки, пеня бор жойда ҳар доим Солиқ органларини ривожлантириш жамғармасига (СОРЖга) тўлов ҳам бўлади. Мазкур тўлов ДСҚга йўналтирилаётган солиқ тўғрисидаги қонунлар бузилганлиги учун молиявий жазолар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарималар суммасининг 40% миқдорида тўланади (Миқдорлар 8-б., ВМнинг 2.04.2010 йилдаги 62-сон қарорига 1-илова). Ушбу сумма алоҳида ҳисобвараққа тўланади. СКнинг 110-моддасига мувофиқ пенянинг қолган 60% муддати ўтган солиқ суммаси билан бир хил ҳисобрақамига тўланади.

Ҳисобланган жарималар бўйича кредиторлик қарзи ва пеняларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»га амал қилинг (АВ рўйхат рақами 1181, 23.10.2002 й.). Хусусан, йўриқноманинг 272 ва 277-бандларига асосланинг.

Бюджетга тўловлар бўйича корхонанинг жорий мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар ­6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» счётда акс эттирилади.

Сиз ишчи счётлар режангизга 6410-счётга қўшимча иккиламчи счётлар қўшишингиз ва пенялар (жарималар) ҳисоблашни акс эттиришингиз мумкин, масалан, 6411-счётда.

Зарарлар, жарималар ва пенялар бошқа операцион харажатлар таркибига киритилади (Низом 2.3.15-кичик б., ВМнинг 05.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган): Дт 9430 – Кт 6411.

 

Татьяна ЛИМАРЕВА, buxgalter.uz эксперти.

Прочитано: 462 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика