Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 52 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 5 июндаги ПФ–6005-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, мамлакатимизнинг транспорт логистика салоҳиятини кенгайтириш, транзит жозибадорлигини ошириш ҳамда ташқи савдо юкларини божхона назорати остидаги ташишни соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида ташиладиган ва божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган божхона назорати остидаги транспорт воситалари ва товарларни, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни ташкил этиш, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувлар учун божхона йиғимларини ундириш тартибини, шунингдек, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи Божхона назорати остида автомобиль йўлларида ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, шунингдек, божхона органи рухсатисиз товарлар бериб юборилганда, йўқотилганда ёки манзил божхона постига белгиланган муддатда ҳамда ўзгармас ҳолатда етказилмаганда, божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тартибини назарда тутувчи Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом ­2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жўнатувчи ҳамда манзил божхона постларида, шунингдек, қабул қилиш-топшириш пунктларида устувор тартибда амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 22 декабрь

800-сон.

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 22 декабрдаги 800-сон қарорига
1-ИЛОВА


БОЖХОНА НАЗОРАТИ ОСТИДА АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДА ТАШИЛАЁТГАН ТОВАРЛАРНИНГ БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида ташиладиган божхона назорати остидаги транспорт воситалари ва товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўланилади:

божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш – автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида божхона назорати остида махсус жиҳозланган автомобиль ёрдамида кузатиб борилиши;

жўнатувчи божхона пости – товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун божхона ҳамроҳлигидаги кузатув бошланадиган божхона пости;

қабул қилиш-топшириш пункти – божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни қабул қилиш-топшириш амалга ошириладиган жой;

манзилдаги божхона пости – товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун божхона ҳамроҳлигидаги кузатув тугайдиган божхона пости;

ташувчи – божхона назорати остида турган чет эл товарлари ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;

транспорт воситалари – йўловчиларни ва товарларни ташиш учун фойдаланиладиган барча воситалар, шу жумладан, контейнерлар ва бошқа транспорт жиҳозлари.

Товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати остида ташилаётганда Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар ушбу Низом талабларига амал қилади ва божхона пости бошлиғига бўйсунади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш учун ходимлар ва махсус жиҳозланган автомобилларни ажратиш, божхона ҳамроҳлигида кузатиладиган товарлар ва транспорт воситаларини қабул қилиш-топшириш пунктлари, кузатув ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби ва уларнинг шакллари, шунингдек, божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг ўзаро ҳамкорлик тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат божхона қўмитаси) томонидан белгиланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширишда ташувчи, юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг сарфланган харажатлари божхона органлари томонидан қоплаб берилмайди.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган божхона назорати остидаги товарлар, транспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона назорати шакллари қўлланилиши мумкин.

Жўнатувчи ҳамда манзилдаги божхона постларида, шунингдек, қабул қилиш-топшириш пунктларида божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви устувор тартибда амалга оширилади.

 

2-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВ ОСТИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ТАШИШ

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан қўлланилади, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

товарлар Халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ ташилган тақдирда;

миллий автоташувчилар томонидан импорт товарларни божхона назорати остида ташиш учун жиҳозланган транспорт воситаларида, ушбу ташувчилар томонидан лицензия карточкаси тақдим этилган ҳолда ташилган тақдирда;

товарлар қонун ҳужжатларига мувофиқ, биринчи ва учинчи турдаги гувоҳнома асосида ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган юридик шахслар томонидан амалга оширилганда;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланган тақдирда;

товарлар божхона ҳудудига инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак сифатида, шунингдек, халқаро почта жўнатмалари ва фельдъегер почтаси сифатида тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда олиб кирилганда.

Агар хавфни бошқариш тизимида назорат чораси мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш қўлланилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш чет эл товарлари «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилганда тўланиши лозим бўлган фоиз ва миқдорларда, преференциялар ҳамда имтиёзлар инобатга олинмаган ҳолда ҳисобланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг энг юқори миқдори миллий валютада компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича, чет эл товарлари ташилаётган битта транспорт воситаси учун эллик минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги лозим, тирик ҳайвонлар ташилаётган транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш бундан мустасно.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан озод этиш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали Давлат божхона қўмитасига миллий валютада тақдим этилади.

Божхона тўловларининг тўланиши таъминланган суммаси
чет эл товарлари «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорига мувофиқ бўлмаганда ёки кам бўлганда, божхона пости ходими шу вақтнинг ўзида ЯИДХП орқали сабабларини кўрсатган ҳолда, чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилишни рад этишга ҳақли.

 

3-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

Товарлар ва транспорт воситаларининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатуви автотранспорт воситаларининг турини инобатга олган ҳолда, ҳаракатланиш учун қулай ва якуний манзилга етказиб бериш учун қисқа йўналиш (катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситалари, шунингдек, махсус, хавфли ҳамда катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташийдиган автотранспорт воситалари бундан мустасно) бўйлаб амалга оширилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш давомийлиги оддий юкларни якуний манзилгача ташиш муддатларидан кўп бўлмаслиги лозим.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув «BOJXONA NAZORATI» ёзувли, овоз бериш, сигнал ёритгичли қурилмалар билан жиҳозланган махсус транспорт воситасида амалга оширилади.

Қўл юки сифатида ташилаётган чет эл товарининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатуви ушбу қўл юкини божхона чегараси орқали амалда олиб ўтаётган шахснинг Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси талаблари асосида ташувчи сифатида жавобгарлиги остида ва ушбу шахс хоҳишига кўра, унга тегишли бўлган ёки у томонидан ижарага олинган (ёлланган) ёхуд бошқа транспорт воситасида амалга оширилиши мумкин.

Бунда божхона ҳамкорлигида кузатиб бориш билан боғлиқ харажатлар ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан қопланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш куннинг ёруғ вақтида, автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келган пайтдан эътиборан олти соатдан кечиктирмай бошланиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғи асосида куннинг қоронғи вақтида ҳам кузатув амалга оширилиши мумкин.

Агар бир йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг сони йигирматага етса, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув дарҳол бошланади.

Қабул қилиш ва топшириш пунктларида тескари йўналиш бўйича божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳаракатланиш учун тайёр бўлганда, божхона ходимлари қабул қилиш ва топширишни ушбу пунктда амалга оширади.

Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари колоннаси ҳаракатининг йўналиши ва вақти мос тушган ҳолларда, учрашув жойида қабул қилиш-топширишни амалга оширишга рухсат берилади. Бунда божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган ҳамда хизмат автотранспорт воситалари тўхтаганда, бошқа транспорт воситалари ҳаракатига ҳалал бермаслиги ва шахслар ҳаётига хавф солмаслиги лозим.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширишда ҳужжатлар ушбу Низомнинг 26-31-бандларига мувофиқ расмийлаштирилади.

Жўнатувчи божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс:

автотранспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш учун ходимларни ажратади;

божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширувчи ходимларга божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, маълумотларни электрон тизимларга ўз вақтида, тўғри киритиш, божхона ҳужжатларини тўғри расмийлаштириш ҳамда ҳудудий божхона бошқармалари масъул ходимлари билан ўзаро алоқада бўлиш тартиблари юзасидан тушунтиришлар беради.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган транспорт воситалари ҳужжатларини расмийлаштирадиган жўнатувчи божхона пости масъул ходими:

ҳужжатларни ўрганиб чиқади, транспорт воситалари эшик ва люкларининг, қўл юки идиши ҳамда улардаги қулфларнинг ишончлилиги, шунингдек, қиёслаш воситаларини, муҳрларнинг бутлигини текширган ҳолда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиради. Агар текшириш давомида товарлар ташилаётган транспорт воситаси қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса, товарларни ташишга транспорт воситасини лозим даражада жиҳозлаш ёхуд божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича чоралар кўриш шарти билан рухсат беради;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда топширади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходим:

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилади;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларини қабул қилиб олишда транспорт воситалари эшик ва люкларининг, қўл юки идиши ҳамда улардаги қулфларнинг ишончлилиги, шунингдек, улардаги қиёслаш воситалари, муҳрларнинг бутлигини текширади, камчиликлар аниқланганда, ташувчидан аниқланган камчиликларни бартараф қилишни талаб қилади;

тижорат ва транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан транспорт воситасига қўйилган божхона идентификация воситалари мослигини текширади;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни амалга ошириш жараёнида кузатилаётган товарга тегишли бўлган барча ҳужжатларни шахсан ўзида сақлайди;

пост бошлиғи ёки унинг ўринбосари кўрсатмасига асосан товар ва транспорт воситаларининг белгиланган тартибда божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилишини амалга ошириш ва уларни белгиланган манзилга етказиш чораларини кўради.

Бир йўналишда ҳаракатланишга мўлжалланган йўлларда кузатилаётган автотранспорт воситалари ортида тўпланган транспорт воситаларини ўтказиб юбориш чораларини кўради.

Йўналиш бўйича кейинги ҳудудий божхона бошқармасининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи масъул ходимлари қабул қилиш-топширишни мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ белгиланган жойларда ва 22-бандида келтирилган тартибда амалга оширадилар.

Сўнги манзилдаги божхона постига етказиб берилган товарлар ва транспорт воситалари мазкур божхона постининг масъул ходимига топширилади ҳамда божхона назорати зонасига жойлаштирилади.

 

4-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВ УЧУН БОЖХОНА ЙИҒИМЛАРИ

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган миқдорларда ундирилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимларидан озод этилган ҳолатлар бундан мустасно.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ олдиндан тўланиши лозим.

Бир транспорт воситасида ҳамда битта қўл юки ташилаётган транспорт воситасида бир нечта божхона постлари учун мўлжалланган товарларни ташишда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғими, биринчи жўнатиш божхона постидан якуний манзилдаги постигача бўлган масофадан келиб чиққан ҳолда бир маротаба ундирилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув учун божхона йиғимлари ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан тўланади.

 

5-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВ

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар томонидан ташув шартлари ва товарларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда йигирматадан кўп бўлмаган автотранспорт воситалари кузатиб борилиши мумкин.

Тўхташ вақтида божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар автотранспорт воситалари гуруҳи назоратини таъминлаши лозим.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошириш давомида авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида ёхуд бошқа ҳолларда транспорт воситаларидан бирининг носозлиги юзага келиб, ҳаракатни давом эттира олмаганда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар транспорт воситалари гуруҳи ҳаракатини тўхтатади ва бу ҳақда ушбу ҳудуддаги ҳудудий божхона бошқармасига ёки энг яқин ҳудудда жойлашган божхона постига хабар беради, шунингдек, товарлар йўқотилишининг олдини олиш бўйича зудлик билан божхона назоратини таъминлаш чораларини кўради.

Ҳаракатни давом эттириш учун носоз ҳолга келган автотранспорт воситасини ҳудудий божхона бошқармаси ёки божхона пости масъул ходимига топширгандан сўнг белгиланган тартибда қолган автотранспорт воситаларининг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини давом эттиради.

Агарда, автотранспорт воситаси носозлигини қисқа вақтда бартараф этиш имкони мавжуд бўлса, таъмирлаш тугатилгандан сўнг божхона ҳамроҳлигидаги кузатув давом эттирилади. Cодир бўлган ҳолат тўғрисида юзага келган ҳолат, уни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар, товарларнинг ҳолати ҳамда кейинчалик божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни акс эттирган ҳолда далолатнома тузилади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш жараёнида товар ва транспорт воситаси авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида шикастланган, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки йўқ бўлганда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар ташувчи ва ҳалокат содир бўлган йўл участкасида хизмат кўрсатувчи йўл-патруль хизмати ва бошқа ваколатли орган ходимлари билан биргаликда содир бўлган ҳолат тўғрисида далолатнома тўлдиради.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга ошираётган ходимлар юзага келган ҳолат бўйича зудлик билан ҳудудий божхона бошқармаси навбатчилик қисмига ва божхона пости бошлиғига хабар беради.

Ҳудудий божхона бошқармаси ва божхона пости раҳбарияти содир бўлган ҳолат бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чораларни кўради.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситалари ички ишлар органларининг блок постларида тўхтатилиши ҳамда товарларни кўриш учун автомобилнинг юк бўлмаси очилиши тақиқланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситаларини тўхтатишга фақат товар ва транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда, божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида ҳаракатланаётганлиги тўғрисида гумон қилиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган тақдирда, Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаси раҳбарияти томонидан берилган ёзма кўрсатма мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш давомида товарлар ва транспорт воситалари божхона кўригидан ўтказилганда белгиланган тартибда далолатнома тўлдирилиб, унинг бир нусхаси тижорат ҳамда транспорт ҳужжатларига илова қилинади, иккинчи нусхаси божхона кўригини амалга оширган божхона органи иш юритувида қолади ва Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига тегишли маълумотлар киритилади. Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида бўлган транспорт воситасининг юкхонаси ёки қўл юки идишига янги махсус божхона пломбаси қўйилади.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида олиб кетилаётган транспорт воситаси божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан кетиб қолганда, зудлик билан бу ҳақда ушбу ҳудуддаги ҳудудий божхона бошқармаси ҳамда ўзи хизмат олиб бораётган ҳудудий божхона бошқармалари навбатчилик қисмига хабар беради.

Хабарни олган навбатчилик қисми ички ишлар органларининг ҳудудий таркибий тузилмаларига божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан қочиб кетган транспорт воситасини қидириб топиш бўйича маълумот беради.

Ички ишлар органлари:

божхона органидан хабар келиб тушиши билан божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан қочиб кетган транспорт воситасини қидириб топиш ва блок постларида тўхтатиш ҳамда божхона органларига топшириш чораларини кўради;

республикамиз магистраль йўлларидаги автотранспорт воситаларини назорат қилиш («Автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини видеокузатуви тизими») тизими маълумотларини электрон шаклда Давлат божхона қўмитасига онлайн режимида тақдим этади.

Божхона органлари ваколатли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ички ишлар органи томонидан онлайн режимида тақдим этилган электрон маълумотлар асосида республика ҳудудида ҳаракатланаётган божхона назорати остидаги товарлар ва транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириб боради.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувдан кетиб қолган транспорт воситаси топилганда, ушбу транспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилади ва ташувчига нисбатан божхона қонунбузилиш ҳолати юритилади.

Агар товарлар йўқотилганлиги аниқланса, Кодекс ҳамда ушбу Низомнинг 10-банди талаблари асосида ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари ташувчидан сўзсиз ундириб олинади.

 

6-БОБ. БОЖХОНА ҲАМРОҲЛИГИДАГИ КУЗАТУВНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар қуйидагиларга мажбур:

товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида етказиб беришда божхона қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

божхона ҳамроҳлигидаги кузатув давомида хавфсизлик чораларини кўриш ва уларга риоя этиш;

божхона ҳамроҳлигидаги кузатувга олинган товарлар ва автотранспорт воситаларига тегишли ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

кузатилаётган товарга тегишли ҳужжатларни транспорт воситаси ҳайдовчисига ёки товар кузатувчисига (экспедиторга) ёхуд бошқа шахсларга бермаслик;

вақти-вақти билан автотранспорт воситасининг юк жойлаштирилган қисмига қўйилган муҳрлар ва пломбаларнинг ҳолатини, шунингдек, ташилаётган товарларни идентификацияловчи бошқа таъминлов воситаларининг сақланишини текшириш;

авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирида содир бўлган вазиятларда юк ташувчига кўмаклашиш;

йўл ҳаракати қоидаларига, йўналишига, етказиб бериш муддатларига ва вақтларига қатъий риоя қилиш.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларга қуйидагилар тақиқланади:

мазкур Низом талабларини бузиш;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган товарлар ва транспорт воситаларини назоратсиз қолдириш;

автотранспорт воситаси юкхонасини зарурат бўлмаганда очиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимлар кузатиб борилаётган товарлар, автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатлари йўқ қилиниши ёки йўқолишига сабаб бўладиган ҳолатлар вужудга келган вазиятда товарлар, автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатлари сақланишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриши шарт.

 

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

Божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида ташиладиган товарлар, транспорт воситаларини ташиш қоидаларини бузганлик, шунингдек, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун ташувчи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Божхона органлари ва ички ишлар органларининг мансабдор шахслари ушбу Низом талабларини бузганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

 ЎзР ВМнинг 2020 йил 22 декабрдаги 800-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

ЧЕТ ЭЛ ТОВАРЛАРИНИ ТАШИШ ЖАРАЁНИДА БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ ТЎЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШНИ ВАКОЛАТЛИ ШАХСЛАР БИЛАН РЕАЛ ВАҚТ РЕЖИМИДА ВА ИНТЕРАКТИВ ШАКЛДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК АСОСИДА ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Ушбу Низом чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли шахс – чет эл товарлари учун божхона тўловларининг тўланишини таъминловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат божхона қўмитаси) реестрига киритилган, шунингдек божхона тўловлари тўланишига жавобгар бўлган банк, суғурта ташкилотлари, ташқи иқтисодий фаолият субъектлари (юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи, ташувчи) ёки бошқа манфаатдор шахс;

жўнатувчи божхона пости – товарнинг тўлиқ туркуми ёки унинг қисмини божхона назорати остида ташиш бошланган божхона пости;

манзилдаги божхона пости – товарнинг тўлиқ туркуми ёки унинг қисмини божхона назорати остида ташиш тугалланадиган божхона пости;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – ДБҚ ЯААТ) – божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими.

Чет эл товарлари ташилаётган автотранспорт воситалари учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш (пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритишдан ташқари) банклар ва суғурта ташкилотлари марказий идоралари билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида тузилган томонларнинг жавобгарлигини белгиловчи шартнома асосида амалга оширилади. Бунда банк ва суғурта ташкилотларининг тўлов қобилияти инобатга олинади.

Банк кафолати ҳамда суғурта полислари Давлат божхона қўмитаси билан тузилган шартнома асосида банклар ва суғурта ташкилотлари томонидан Давлат божхона қўмитасига электрон шаклда, онлайн режимда тақдим этилади.

Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона органи рухсатисиз товарлар бериб юборилганда, йўқотилганда ёки манзилга белгиланган муддатда ўзгармас ҳолатда (табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно) етказиб берилмаганда, ушбу товарларга ҳисобланган божхона тўловлари таъминлов божхона расмийлаштируви учун қабул қилинган кунда амалда бўлган банк кафолати ёки суғурта полиси асосида ундириб олинади.

Банклар ва суғурта ташкилотлари томонидан божхона тўловлари тўланиши таъминланган банк кафолати ва суғурта полиси, ушбу банк кафолати ҳамда суғурта полиси бўйича мажбуриятлар бажарилмагунга қадар бекор қилиниши мумкин эмас.

Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) ва ДБҚ ЯААТ орқали электрон шаклда амалга оширилади.

 

2-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ТОВАРЛАРИНИ ТАШИШ ЖАРАЁНИДА БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ ТЎЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ

 

1-§. Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг умумий қоидалари

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ваколатли шахслар томонидан электрон шаклда онлайн режимида тақдим этилади.

Чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш учун божхона тўловларини таъминловчи ваколатли шахс ЯИДХП орқали Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг ­47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини қуйидаги исталган усуллар орқали таъминлаши мумкин:

пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига (кейинги ўринларда – депозит) киритиш;

товарларни гаровга қўйиш;

банк кафолатини тақдим этиш;

божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;

кафиллик.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси, божхона назорати остида ташилаётган товарларни «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштиришда преференциялар ҳамда имтиёзлар инобатга олинмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари суммасига мос ёки ундан кам бўлмаслиги керак.

Чет эл товарларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ташиш бошланишидан олдин ваколатли шахс электрон рақамли имзо билан ЯИДХПнинг «Чет эл товарларининг ҳаракатига божхона тўловлари тўланишини таъминлаш» интерактив хизмати орқали электрон шаклда божхона тўловлари тўланиши таъминотини киритади.

Бунда чет эл товарлари ташилаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш алоҳида амалга оширилиши лозим.

ЯИДХП орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлашда, чет эл товарлари ташилаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун маълумотлар алоҳида шакллантирилиб, божхона органига юборилади.

Божхона органига келиб тушган маълумотлар ДБҚ ЯААТдаги форматли-мантиқий назоратдан ижобий ўтганда, чет эл товарлари ташилаётган ҳар бир автотранспорт воситаси бўйича божхона тўловлари тўланиши таъминланганлиги тўғрисида идентификация коди автоматик тарзда ваколатли шахсга тақдим этилади ва товарларни манзилга етказиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар бажарилгунига қадар ушбу маблағлардан фойдаланиш чекланади.

Идентификация коди чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш мақсадида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш вақтида ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон шаклда олдиндан хабардор қилишда жўнатувчи божхона постига тақдим қилинади.

Битта автотранспорт воситасига қўлланилган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасидан ушбу автотранспорт воситасига нисбатан товарларни ташиш мажбуриятлари бажарилгунга қадар бошқа автотранспорт воситасига нисбатан божхона тўловлари тўланишини таъминлаш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

 

2-§. Пул маблағларини божхона органининг депозитига киритиш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

Тўловчи божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун божхона органининг депозитига пул маблағлари суммасини миллий валютада ҳамда чет эл валютасида киритиши мумкин.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш чет эл валютасида депозитга киритилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилганда, божхона расмийлаштируви амалга оширилаётган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс бўйича ҳисобланади.

Божхона органининг депозитига киритилган маблағлардан божхона тўловларини таъминлаш депозитга маблағ киритган шахснинг электрон аризаси асосида автотранспорт воситасида ташилаётган чет эл товарлари учун фойдаланилади.

Божхона тўловлари тўланиши таъминланган пул маблағларидан фойдаланиш учун қўйилган чеклов чет эл товарларини етказиб бериш бўйича мажбуриятлар бажарилгандан сўнг автоматик тарзда бекор бўлади.

Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, киритилган пул маблағлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ депозит суммасидан сўзсиз ундирилади.

 

3-§. Товарларни гаровга қўйиш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси гаров тўғрисидаги шартнома асосида товарларни гаровга қўйиш орқали таъминланади.

Гаровга қўйилган товарлардан божхона тўловлари тўланишини таъминлаш гаровга қўйган шахс номига олиб келинаётган чет эл товарлари учун фойдаланилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун гаровга қўйилган товарлардан фойдаланиш учун қўйилган чеклов чет эл товарларини етказиб бериш бўйича мажбуриятлар бажарилгандан сўнг автоматик тарзда бекор бўлади.

Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни гаровга қўйилган товарлар ҳисобидан ундириб олиш чоралари кўрилади.

 

4-§. Банк кафолатини тақдим этиш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси Ўзбекистон Республикасида банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган банкнинг кафолатини онлайн режимда электрон шаклда тақдим этиш орқали таъминланади.

Банк кафолати асосида божхона тўловларини таъминлаш банк кафолатини олган шахс номига олиб келинаётган ёки ушбу шахсга тегишли автотранспорт воситасида ташилаётган чет эл товарлари учун фойдаланилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун импорт қилувчи томонидан банк кафолати тақдим этилганда, банк кафолатида унинг СТИРи, транспорт корхоналари томонидан банк кафолати тақдим этилганда эса банк кафолатида чет эл товарини ташийдиган автотранспорт воситалари давлат рақами кўрсатилиши лозим.

Божхона тўловлари тўланиши таъминланган чет эл товарлари бўйича мажбуриятлар бажарилганда, банк кафолати асосида божхона тўловлари тўланиши таъминланган суммага нисбатан ўрнатилган чекловлар автоматик тарзда бекор қилинади.

Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик банк кафолатини тақдим этган тижорат банкидан қонун ҳужжатларига мувофиқ сўзсиз ундирилади.

 

5-§. Божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган суғурта ташкилотларининг суғурта полисини онлайн режимда электрон шаклда тақдим этиш орқали таъминланади.

Суғурта полиси асосида божхона тўловлари таъминотидан суғурта полиси берилган шахс номига олиб келинаётган ёки ушбу шахсга тегишли автотранспорт воситасида ташилаётган чет эл товарлари учун фойдаланилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун импорт қилувчи томонидан суғурта полиси тақдим этилганда, суғурта полисида унинг СТИРи, транспорт корхоналари томонидан суғурта полиси тақдим этилганда эса суғурта полисида чет эл товарини ташийдиган автотранспорт воситалари давлат рақами кўрсатилиши лозим.

Суғурта полиси битта автотранспорт воситасига олинганда, божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод этиш учун ЯИДХПга мурожаат этмасдан, тўғридан-тўғри жўнатувчи божхона постига мурожаат этиши мумкин. Бунда идентификация коди талаб этилмайди.

Божхона тўловлари тўланиши таъминланган чет эл товарлари бўйича мажбуриятлар бажарилганда, божхона тўловлари тўланиши таъминланган суғурта полисига нисбатан ўрнатилган чекловлар автоматик тарзда бекор қилинади.

Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни суғурта полиси асосида ундириб олиш чоралари кўрилади.

 

6-§. Кафиллик орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

Кафиллик божхона органининг депозитига пул маблағлари суммасини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳамда чет эл валютасида киритиш орқали таъминланади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш чет эл валютасида депозитга киритилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилганда, божхона расмийлаштируви амалга оширилаётган кундаги Ўзбекистон Республикаса Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс бўйича ҳисобланади.

Кафил томонидан божхона органининг депозитига киритилган маблағлардан депозитга маблағ киритган ёки бошқа шахслар номига олиб келинаётган ёхуд ушбу шахсларга тегишли автотранспорт воситасида ташилаётган чет эл товарлари учун божхона тўловлари тўланишини таъминлашда фойдаланилади.

Божхона тўловлари тўланиши таъминланган пул маблағларидан фойдаланиш учун қўйилган чеклов чет эл товарларини етказиб бериш бўйича мажбуриятлар бажарилгандан сўнг автоматик тарзда бекор бўлади.

Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, киритилган пул маблағлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобига депозитга киритилган кафиллик суммасидан олинади.

 

3-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ТОВАРЛАРИНИ ТАШИШ ЖАРАЁНИДА БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ ТЎЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ДБҚ ЯААТда чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларни бажаришнинг ҳар бир босқичида форматли-мантиқий назорат амалга оширилади.

Форматли-мантиқий назоратни амалга ошириш натижасида хатоликлар аниқланган тақдирда, автоматик тарзда электрон шаклда ваколатли шахсга тегишли маълумотлар уларни тўғирлаш учун юборилади.

Божхона расмийлаштирувини амалга ошириш вақтида ёки электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда тақдим қилинган идентификация коди орқали божхона пости ходими товарнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан ДБҚ ЯААТдаги маълумотларни солиштиради.

Солиштириш натижаси бўйича маълумотлар ўртасида номувофиқликлар аниқланмаган тақдирда, транспорт воситаси божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилинади.

Солиштириш натижаси бўйича маълумотлар ўртасида номувофиқликлар аниқланганда, божхона пости ходими шу вақтнинг ўзида ваколатли шахсга ЯИДХП орқали сабабларини кўрсатган ҳолда,чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилишни рад этишга ҳақли.

Идентификация коди ва божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасини божхона пости ходими ДБҚ ЯААТда мустақил текширади.

 

4-БОБ. БОЖХОНА ОРГАНИ РУХСАТИСИЗ ТОВАРЛАР БЕРИБ ЮБОРИЛГАНДА, ЙЎҚОТИЛГАНДА ЁКИ МАНЗИЛДАГИ БОЖХОНА ПОСТИГА БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТДА ҲАМДА ЎЗГАРМАС ҲОЛАТДА ЕТКАЗИЛМАГАНДА, БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ
ҲИСОБЛАШ ВА УНДИРИШ

Божхона органи рухсатисиз товарлар бериб юборилганда, йўқотилганда ёки манзилдаги божхона постига белгиланган муддатда ўзгармас ҳолатда (табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно) етказилмаганлиги ҳолати аниқланганда, манзилдаги божхона пости, агар мазкур ҳолат бошқа ҳудудий бошқарма жойлашган ҳудудда аниқланганда, ушбу ҳудудий бошқарма масъул таркибий тузилмалари аниқланган куннинг ўзида ҳудудий бошқарма раҳбариятига ёзма ахборот беради.

Мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлар бўйича манзилдаги божхона постидан ахборот келиб тушиши билан ҳудудий бошқарма раҳбарияти товарларга божхона тўловларини ҳисоблаш бўйича зарур чораларни кўради.

Тақдим қилинган ҳамда ДБҚ ЯААТдан олинган маълумотлар асосида мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб икки иш куни ичида мазкур Низомга иловада*** кўрсатилган шаклда далолатнома тўлдирилади. Ушбу далолатнома божхона тўловлари ва пеняларни сўзсиз ундириб олиш ҳақидаги талабнома билан бирга ДБҚ ЯААТ орқали ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўл билан:

ваколатли шахсга;

кафилга (кафиллик билан таъминланганда);

банкка (банк кафолати билан таъминланганда);

суғурталовчи ташкилотга (суғурта билан таъминланганда) юборилади.

Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ваколатли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда уч иш куни ичида ҳолатга аниқлик киритиш ҳамда товарларни қидириб топиш чораларини кўради.

Божхона назорати остида ташилаётган товарларни манзилдаги божхона постига тўлиқ етказиш чоралари кўрилиши ёки далолатнома асосида божхона тўловларини тўлаш муддати талабнома тўловчига топширилган ёки тўловчи томонидан талабнома олинган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади.

Ваколатли шахс томонидан талабномада кўрсатилган талаблар бажарилмаганда, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ чоралар кўрилади, шу жумладан, талабнома юборган ҳудудий бошқарма томонидан судга ваколатли шахс томонидан чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш бўйича идентификация коди беришни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида белгиланган тартибда суд органларига мурожаат қилинади.

Идентификацион код беришни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақидаги суд қарори қабул қилинганда, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари ва пенялар тўлиқ ундирилгунга қадар ваколатли шахсга чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод қилиш бўйича идентификацион код берилиши тўхтатилади. Бу ҳақида божхона органи томонидан ДБҚ ЯААТга тегишли форматли-мантиқий назорат ўрнатилади.

Товарларни божхона органининг рухсатисиз бериб юбориш, йўқотиш ёки манзилдаги божхона постига белгиланган муддатда ўзгармас ҳолатда етказмаслик оқибатида ҳисобланган божхона тўловлари ундириб олингандан сўнг товарни етказиб беришнинг назорат ҳужжати назоратдан ечилади.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.12.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 3-илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Низомга илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 379 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика