Россияда 2022 йилга келиб касаллик варақалари, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар бутун мамлакат бўйлаб тўғридан-тўғри Ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланади.
Бундан ташқари, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича автоматик равишда расмийлаштирилади, бирор-бир ариза ёзилиши шарт бўлмайди.
Нафақаларни тайинлашнинг бундай тартиби иш берувчилар учун қоғозлар билан ишлаш ҳажмини камайтиради ва маблағлар ўтказилишини жадаллаштиради. Айрим ҳудудларда тўловларни расмийлаштиришнинг бундай тартиби амал қилмоқда. 2020 йил мартда Меҳнат вазирлиги маълум қилганидек, ушбу механизм Федерациянинг 69 та субъектларида тажриба тариқасида ишлаяпти. Тўғридан-тўғри тўловлар суғурталанган фуқаро учун ҳам, корхона учун ҳам бир қатор афзалликларга эга бўляпти. Илгари корхона томонидан суғурта тўловлари амалга оширилаётганда ҳисобланган суғурта бадалларини тўлаш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобрақамларидан маблағлар қайтарилгунига қадар айланмадан маблағлар олишга тўғри келарди. Таклиф этилаётган тартиб иш берувчини бундай заруратдан халос этади.
Тажриба ўтказилаётган ҳудудларда тўғридан-тўғри тўлов тартиби қуйидагиларга нисбатан амал қилади:
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
- ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа;
- ҳомилдорликнинг илк даврларида тиббиёт ташкилотларида ҳисобга турган аёлларга бир марта тўланадиган нафақа;
- бола туғилганда бирйўла бериладиган нафақа;
- болани парваришлаш бўйича ойлик нафақа;
- ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа;
- ишлаб чиқаришда шикастланган шахсларга ҳақ тўланадиган йиллик таътиллардан ташқари санаторий-курортда даволаниш ҳақини ва даволаниш жойига етиб бориш учун йўл харажатларига оид тўловлар.
Ҳозирда, умумий тартибга кўра, касаллик варақаси бўйича тўловни олиш учун ходим шифокор томонидан тўлдирилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасини (касаллик варақасини) тақдим этиши лозим. Бетоблик ёки жароҳатланиш туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси дастлабки 3 кун учун иш берувчининг маблағлари ҳисобидан, 4-кундан бошлаб эса Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Ходимнинг «суғурта» стажи камида 5 йилни ташкил этганда, унга касаллик варақаси бўйича ўртача иш ҳақининг 60%и, 5 йилдан 8 йилгача бўлганда 80%и, 8 йилдан ортиқ бўлганда 100%и миқдорида ҳақ тўланади.
Оналик бўйича тўловларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, шунингдек болани парваришлаш нафақаси киради. Биринчи айтиб ўтилган нафақа бутун ҳомиладорлик ва туғиш даврини қўшиб ҳисоблаган ҳолда (ёки фарзандликка олингандан кейинги 70 кун учун) тўланади. Болани парваришлаш нафақаси миқдори ўртача иш ҳақининг 40%ини ташкил этади, нафақа болани 1,5 ёшга тўлгунига қадар парваришлаш таътили тақдим этилган кундан бошлаб бутун таътил даври учун тўланади.