Яқинда турмуш ўртоғим вафот этди. Учта фарзандим билан ёлғиз қолдим. Ишлашимга қарамай, етишмовчилик бўляпти.
Мен ёки болаларим боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишга ҳақлимизми? Ҳақли бўлсак, пенсия олиш учун нима қилишимиз керак?
– Ҳа, болаларингиз ушбу пенсияни олишга ҳақли.
Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ва вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлганлар, хусусан, болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишга ҳақлидирлар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмагандагина ушбу пенсия берилади.
Шу билан бирга ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19, 20-м.).
Бунинг учун яшаш жойидаги туман Пенсия жамғармаси бўлимига ариза ва зарур ҳужжатлар билан мурожаат қилиш лозим. Пенсия жамғармаси бўлимида зарур ҳужжатлар рўйхати тақдим этилади.